Янги йил кечаси полиция назорати остида ўтади

Янги йил кечаси полиция назорати остида ўтади
Янги йил арафасида Қирғизистон Республикаси ички ишлар органлари кучайтирилган режим тартибига ўтди. Янги йил кечаси жамоат тартиби 12 мингдан ортиқ полиция ходими тарафидан таъминланади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Бундай чора-тадбирлар аслида, «байрам хавфсизлиги»дан кўра, кўпроқ муаммонинг чуқурлигини кўрсатади. Агар фақат бир кечани ўтказиш учун бунчалик кўп сонли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини сафарбар қилиш талаб этилаётган бўлса, унда бу ерда гап «зарарсиз» анъана ҳақида эмас, балки жамоат учун ўта хавфли вазият ҳақида кетмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилги янги йил кечасида Қирғизистонда 36 мингдан ортиқ жиноий иш қайд этилган, уларнинг деярли 40 фоизи ўғирлик ишига тўғри келади. Умумий жиноятчиликнинг камайиш тенденцияси кузатилаётганига қарамай, айнан шундай байрамларда жиноятларнинг сони ортгани қайд этилади. Янги йил арафасида Ички ишлар вазирлиги кучайтирилган иш тартибига ўтгани бунинг бевосита далилидир. Хабарларда очиқ айтилмаса-да, қонунбузарликлар, кўчалардаги жанжаллар, талончиликлар, автомобил ўғирликлари, зўравонлик жиноятларининг ортиши, шунингдек, тез ёрдам ва ўт ўчириш хизматларининг кучайтирилган режимда ишлаши соҳа ходимларига анчадан бери маълум.
Ҳозирги кунда айниқса ўсмирлар ва ёшлар заиф гуруҳ ҳисобланади. Спиртли ичимликлар ичиш, тақиқланган моддаларни истеъмол қилиш, ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар ва қонунбузарликлар – буларнинг барчаси мунтазам равишда ҳисоботларда қайд этилса-да, бироқ жамият олдида очиқ муҳокамага қўйилмайди. Давлат бу муаммонинг сабаблари ва оқибатларини бартараф қилиш ўрнига, жамиятни Ислом қадриятлари билан тарбияланишдан чалғитмоқда. Бу ҳам етмагандай, жамиятдаги сиёсий фаол қатламнинг онгини заифлаштиришга қаратилган Ғарб талабларига рози бўлмоқда.
Қирғизистон аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлганлиги сабабли, давлат байрамлари жамиятнинг маданий ва диний қадриятларини акс эттириши, Исломий бўлиши керак. Бироқ четдан кириб келган моҳиятан бегона янги йил узоқ вақтдан бери анъанага айланиб улгурган. У ҳақиқий ижтимоий эҳтиёждан келиб чиққан эмас, балки эски анъаналар билан сақланиб келмоқда.
Шунингдек, янги йил кечасида юз берган фожеалар бўйича кенг қамровли ва шаффоф статистиканинг йўқлиги алоҳида эътиборга моликдир. Агар давлат ёмон оқибатлар ҳақида тўлиқ маълумот бермаса, бу муаммо йўқлигини англатмайди. Бу эса, бундай байрамлар қимматга тушганини давлат тан олишни истамаётганлигидан далолат беради.
Шунинг учун, янги йил байрами ва асоссиз таътил кунларидан воз кечиш вақти келгани тобора аниқ бўлиб бормоқда. Гап шунчаки байрамларни тақиқлаш ёки шахсий анъаналарга қарши курашиш ҳақида эмас, балки давлат даражасидаги байрамнинг мақомини қайта кўриб чиқиш ҳақида кетмоқда. Чунки бу байрам жуда катта сарф-харажатни талаб қилади, фавқулодда вазиятлар хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига оғир юк бўлади, иқтисодий зарар келтиради ва энг муҳими, мамлакатнинг маданий ўзлигига зиддир. Агар бундай тадбирлар фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирса, давлат улардан воз кечиш йўлини кўриб чиқишга журъат этиши керак! Бироқ, фақат Шариатгина фойда ва зарарни энг тўғри шаклда белгилай олиши мумкин.
Абду Шукур




