Хабар ва изоҳ

Яҳудий вужуди минтақавий улкан кучга айландими?!

Яҳудий вужуди минтақавий улкан кучга айландими?!

Хабар:

Яҳудий вужудининг ҳукумат раҳбари Нетаньяху пайшанба оқшомида ўтказилган матбуот анжуманида баёнот берди. (Таъкидлаш жоизки, бу йиғилиш ракета зарбаларидан хавфсираб, ер остидаги мустаҳкамланган махсус жойда бўлиб ўтди). Нетаньяхунинг таъкидлашича, Тель-Авив ва Вашингтон Эронга қарши олиб борган 20 кунлик уруш натижасида, расмий Теҳрон уранни бойитиш ва баллистик ракеталар ишлаб чиқариш имкониятидан буткул маҳрум бўлган. У ўз нутқида: «Бизнинг учта асосий мақсадимиз бор: Эрон ядро дастурини йўқ қилиш, баллистик хавфга чек қўйиш ва Эрон халқига озодлик бериш», – дея таъкидлади. Шунингдек, у ҳарбий кампания тўлиқ Эроннинг ракета ва ядровий салоҳиятини чилпарчин қилишга қаратилганини билдирди. Нетаньяху сўзини давом эттириб: «Биз Яқин Шарқни ўзгартирдик ва (Исроил) минтақавий кучга айланди», – дея алоҳида қайд этди. («Сама» янгиликлар агентлиги)

Изоҳ:

Шубҳасиз, Нетаньяху ва унинг бошқарувдаги коалициясининг хомхаёллари энг юқори поғонасига етди. Илгари улар Нилдан Фротгача бўлган «Буюк (Исроил)» ҳақида, Яқин Шарқда ҳукмронлик қилиш ва минтақавий давлат бўлиш хусусида сўз юритган бўлса, эндиликда «Буюк давлат» бўлиш даъвосини қилмоқда. Бунда улар диний афсоналарни сиёсий амбициялар билан қориштириб юбормоқда.

Шу билан бирга, яҳудийларнинг кибр-ҳавоси ва мусулмонларга нисбатан тажовузкорлиги ўта шафқатсиз даражага етгани ҳам айни ҳақиқатдир. Бу биз аввалдан билган ва ҳатто содир бўлишига имон келтирган воқеликдир:

وَقَضَيْنَا إِلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ فِي الْكِتَابِ لَتُفْسِدُنَّ فِي الأَرْضِ مَرَّتَيْنِ وَلَتَعْلُنَّ عُلُوّاً كَبِيراً

«Шунингдек, Биз Бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик.». (Исро: 4).

Улар Ғазони буткул вайрон қилиб, Ғазо, Ғарбий соҳил, Яман, Сурия ва Ливанда мусулмонлар қонини тўкиш билан ўта шафқатсизлик ва такаббурлик қилди. Бугун ҳам ўша тажовузкорлик ва мутакаббирлик йўлини давом эттириб, Эрон ва Ливанга қарши ҳужумларини давом эттирмоқда. Халқлар устидан бомбалар ёғдирмоқда ва юртларни маҳв этиб, инсонларни қатл этмоқда.

Бироқ Нетаньяху ўз режими содир этган ва этаётган барча жиноятлар Америка, Европа ва кўплаб куфр давлатларининг, шунингдек, мусулмон ҳукмдорларининг қўллови билан амалга оширилаётганини одамлар онгидан яширишга уринмоқда. Ваҳолангки мусулмонларни ва уларнинг ерларини бомбалаётган учоқлар — Американинг учоқларидир. Отилаётган снарядлар, ракеталар ва тонналаб портловчи моддалар — Америка ва Европанинг қуролларидир. Уруш харажатлари ва талофатларини қоплашга сарфланаётган маблағлар — бизнинг бойликларимиз бўлиб, улар Америка томонидан талон-торож қилиниб, яҳудий вужудига сахийлик билан туҳфа этилмоқда. Ишғол остидаги Фаластинда ва бутун минтақада жойлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш ҳамда эрта огоҳлантириш тизимларининг аксарияти — Америка ва Ғарбга тегишлидир. Шубҳасиз, яҳудийларнинг ҳаво сарҳадларини қўриқлаётганлар — Америка, Британия, Франция ва уларга ҳамтовоқ бўлган мусулмон ҳукмдорлардир. Бундан ташқари, ҳужумда ҳам, мудофаада ҳам кўплаб жиҳатлар борки, уларнинг барчаси яҳудийлар ўз кучларини ўзлари таъминлай олмаслигини исботлайди. Улар Аллоҳ билан бўлган боғлиқликдан узилгач, куч-қудратни бошқалардан — аниқроғи, уларни Умматнинг қалбига, яъни Фаластинга суқилиб киришига сабабчи бўлган томонлардан олмоқда. Агар ўшаларнинг кўмаги ва мусулмонларнинг хоин ҳукмдорлари бўлмаганида, уларнинг қисмати хорлик, ожизлик ва расволикдан иборат бўлар эди. Бу Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзига мувофиқдир:

ضُرِبَتْ عَلَيْهِمُ الذِّلَّةُ أَيْنَ مَا ثُقِفُواْ إِلاَّ بِحَبْلٍ مِّنَ اللّهِ وَحَبْلٍ مِّنَ النَّاسِ وَبَآؤُوا بِغَضَبٍ مِّنَ اللّهِ وَضُرِبَتْ عَلَيْهِمُ الْمَسْكَنَةُ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ كَانُواْ يَكْفُرُونَ بِآيَاتِ اللّهِ وَيَقْتُلُونَ الأَنبِيَاءَ بِغَيْرِ حَقٍّ ذَلِكَ بِمَا عَصَوا وَّكَانُواْ يَعْتَدُونَ

«Агар Аллоҳнинг ва одамларнинг (яъни мусулмонларнинг) ахди паноҳида бўлмасалар, албатта уларга қаерда бўлмасинлар, хор-зорлик битиб қўйилди. Улар Аллоҳнинг ғазаби билан кетдилар ва уларга бечорахоллик ёзиб қўйилди. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилишлари ва пайғамбарларни нохақ ўлдиришларидир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир.». (Оли Имрон: 112).

Шундай экан, бир неча ҳафталик жангга ҳам дош беролмайдиган, Американинг «ҳаво кўприги» орқали етказиладиган қурол-яроғ ва таъминотсиз ожиз қоладиган, АҚШ, Британия ва Франция каби давлатларнинг ҳимояси ҳамда атрофидаги малай ҳокимларнинг дастагисиз оёқда ҳам тура олмайдиган «буюк» ёки «минтақавий» давлатнинг қандай қиймати бор?!

Қолаверса, барча замонавий мудофаа тизимларига эга бўлса-ю, давлат раҳбари матбуот анжуманини фақат ер остидаги мустаҳкамланган махсус жойдагина ўтказа оладиган бўлса, бу қандай «буюк давлат» бўлди?!

Ҳа, яҳудий вужуди ўта заиф вужуддир. Агар Америка, Ғарб ва мусулмон ўлкаларининг раҳбарлари уни қўллаб-қувватламаганида, яҳудий қўшини мусулмонларнинг энг кичик бир қўшини қаршисида бир соат ҳам дош беролмас эди. Нетаньяху эса ўзини катта олиб, шернинг ҳайқириғига тақлид қилаётган мушукдек типирчилагани билан яҳудий вужудининг асл аҳволи — хорлик ва чорасизлик бўйича қолаверади.

Биз гувоҳи бўлиб турибмизки, Ғарб ва Америкадаги халқлар, ҳатто кўплаб сиёсатчилар ҳам яҳудий вужудини худдики ютқазаётган от сифатида кўра бошлашди ва унга пул тикиш бефойда эканини англаб етишди. Бу эса яқин орада, Аллоҳнинг изни билан, ҳамма ундан юз ўгиришини англатади. Аллоҳ Таоло улар ҳақида шундай дейди:

تَحْسَبُهُمْ جَمِيعاً وَقُلُوبُهُمْ شَتَّى ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَوْمٌ لَّا يَعْقِلُونَ

«(Оғизларидаги сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир». (Хашр: 14).

Мусулмонларнинг ҳукмдорларига келсак, Уммат лашкари ичидан бош кўтарган бир гуруҳ ихлосли инсонлар уларнинг тахтларини ер билан яксон қилиб, ўзларини зиндонларга улоқтирган пайтда, ва улар Аллоҳга, Унинг Расулига ﷺ ва Ислом Умматига қилган хиёнатлари учун аламли азобларини тортган пайтда, уларга на бир ёрдамчи ва на бир бошпана топилади.

Халил Абдурахман

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button