Ғазо бўйича «Тинчлик Кенгаши»: яна қуруқ орзулар кетидан қувиш

Ғазо бўйича «Тинчлик Кенгаши»: яна қуруқ орзулар кетидан қувиш
Ғазо бўлгасида давом этаётган оғир ҳолатлар фонида халқаро сиёсат яна бир бор дунёга «янги формат»ни таклиф қилди. Бу АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан ўжарлик билан илгари сурилаётган “Board of” Peace ёки «Тинчлик Кенгаши» ташаббусидир. Ислом оламидаги мамлакатлар: Саудия Арабистони, Туркия, Миср, Қатар, Покистон, Индонезия, Иордания ва БАА бирин-кетин ушбу ташаббусга қўшилди. Қозоғистон ва Ўзбекистон аллақачон таклифни қабул қилди.
Географик кўламнинг ўзи бу лойиҳанинг қанчалик тез тарқалаётганини кўрсатмоқда. Уларнинг тинчлик ўрнатиш ҳақидаги сўзлари эса мақсадга эришиш учун қўлланилмоқда. Аммо иштирокчилар сони ортиб борган сари: «Улар аслида нимани қўллаб-қувватламоқда?» деган табиий савол туғилади.
«Тинчлик Кенгаши» урушни тўхтатиш, Ғазони қайта тиклаш ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун қадам ташлаш платформаси сифатида таклиф қилинмоқда. Бу одатдагидек, жуда тўғри ва мукаммал ташаббус бўлиб туюлиши мумкин. Аммо чиройли сўзлар ортидаги энг муҳим нарсалар, яъни аниқ мандат ва таъсир кўрсатишнинг ҳақиқий механизмлари ҳали кўрингани йўқ. Шунингдек, фаластинликларнинг ўз тақдирларини ўзлари белгилашда тўлиқ иштирок эта олмаслиги алоҳида эътиборга молик масаладир.
Ҳозирги Фаластин инқирозининг зиддиятли жиҳати шундаки, энг кўп жабр кўрган томондан ташқари ҳамма бу муаммони «ҳал қилишга» ҳаракат қилмоқда. Янги «Тинчлик Кенгаши» БМТ тизимига киритилмаган ва халқаро ҳуқуқий механизмларга таянмайди. Аслида, бу кенгаш мавжуд тузилмалардан ташқарида бўлади. Бу улардан юқори тургандай бўлса ҳам, лекин уларнинг масъулияти каби бир хил вазифага эга бўлмайди. Бу эса, ташаббусни альтернатива сифатида эмас, балки «айланиб ўтиш йўли» сифатида қабул қилишга асос бўлмоқда.
Бу муаммонинг сиёсий томони ҳам ўта хатарлидир. «Тинчлик Кенгаши» Ғазо вайрон қилиниб, инсоний фалокат аниқ кўриниб турган ва жаҳон ҳамжамияти бу можародан чарчаган бир пайтда ўртага ташланмоқда. Бундай шароитда ҳар қандай ташаббус адолат воситаси бўлиш ўрнига, «бошқариладиган инқироз»ни қонунийлаштириш усулига айланиб қолиши мумкин. Аниқроғи, улар учун тинчлик ўрнатиш жараёнлари ҳақиқий тинчликни ўрнатишдан кўра муҳимроқ бўлиб бормоқда.
Исломий ўлкаларнинг иштирокини тушунса бўлади, улар ҳам буни ўзларича оқлашмоқда. Улар буни ташаббусни қўлдан бой бермаслик ва Фаластин келажагини муҳокама қилишда ўз овозини сақлаб қолишга уриниш сифатида тақдим этишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо ташаббуснинг ўзи жуда шубҳали бўйича қолмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг қўшилиши лойиҳа кўламини кенгайтирган бўлса ҳам, унинг мазмунини чуқурлаштирмайди. Музокаралар столидаги байроқларнинг кўплиги у ерда ҳақиқат муҳокама қилинаётганини англатмайди.
«Тинчлик Кенгаши» яна бир сиёсий «кўргазма»га айланиб, фақат Трампнинг фойдаси учун ишлайдиган ва баёнотлар берадиган чиройли, қулай дипломатик лойиҳага айланиш хавфи мавжуд, деган ҳис кучайиб бормоқда. Аммо Фаластин муаммоси, мақсади номаълум бўлган Трампнинг янги геосиёсий фирибгарлиги учун баҳона бўлмайди. Чунки бу муаммо ҳали ҳам жонлилигича қолмоқда.
Ҳар қандай тинчлик ташаббусининг ҳақиқий қиймати ва самарадорлиги иштирокчиларнинг сони ёки хабарларнинг асослилиги билан ўлчанмайди. Аксинча, у ўқлар ёмғири остида қолганларнинг ҳаётидаги ўзгаришлар билан ўлчанади. Ҳозирги «Тинчлик Кенгаши» эса ҳали бу муаммони ҳал қила олгани йўқ. Бу вазият унга умид билан эмас, эҳтиёткорлик билан, ҳатто шубҳа билан ёндашишга мажбур қилади.
Тинчлик, барқарорлик ва инсоний масъулият ҳақидаги сўзлар тинчлик ўрнатиш ғоясига мутлақо тўғри келмайдиган ҳаракатлар орасида айтилмоқда. Шунинг учун бу шиорлар «Тинчлик Кенгаши»га нисбатан қарама-қаршиликларни келтириб чиқариб, хавотирга сабаб бўлмоқда.
Ушбу ташаббусни кўтариб чиққан Доналд Трамп куч билан мажбурлаш, ултиматумлар эълон қилиш ва суверенитетни менсимаслик орқали ўзининг ташаббусига мутлақо зид бўлган сиёсий ҳаракатларни намойиш этмоқда. Масалан, Венесуэлага бостириб кириб, унинг президентини қўлга олиш, Гренландияни босиб олиш билан таҳдид қилиш, Эрон қирғоқларига очиқчасига ҳарбий ҳаракатлар бошланишига ишора қиладиган қуролли флот юбориш – буларнинг барчаси «эски кунларда» эмас, балки Ғазода тинчлик ҳақидаги сўз кетаётган бир пайтда амалга оширилмоқда.
Сўзлар билан амаллар ўртасидаги бу тафовутни сезмаслик мумкин эмас. Бу вазият тинчлик ҳақидаги гапларнинг ўзини хавфли «безак»га айлантирмоқда. Шунинг учун, агар битта сиёсий марказ бир жойда тинчлик ҳаками бўлса-ю, айни вақтнинг ўзида бошқа минтақаларда кескинликлар келтириб чиқараётган бўлса, унда мантиқий савол туғилади: бу «Тинчлик Кенгаши» ким учун айтилмоқда ва қандай тинчлик ҳақида гапирилмоқда?
Бундай вазиятда «Тинчлик Кенгаши» можарони ҳал қилишга уриниш сифатида эмас, балки жамоатчилик фикрини назорат қилишга мўлжалланган восита сифатида намоён бўлади. Уруш бир жойда зарурий услуб бўлса, бошқа жойда обрў-эътибор қозониш воситаси бўлиб қолди. Шу тарзда, Фаластиннинг ҳалокатли аҳволи, катта геосиёсий спектаклнинг бир қисмига айланиб қолиш хавфи остида қолмоқда. Аниқроқ айтганда, инсонларнинг азоб-уқубатлари «олий мақсадлар» ҳақидаги баёнотлар учун шунчаки фонга айланиб бормоқда.
Шу боис бундай ташаббуслар атрофидаги шубҳалар ишончсизликнинг намоён бўлиши эмас, балки сиёсий ҳушёрликнинг бир шакли ҳисобланади. Шунинг учун, куч ишлатиш ташқи сиёсатнинг асосий устуни бўлиб қолар экан, у ҳолда сўз билан тинчлик ўрнатиш мумкин бўлмайди.
Латифул Расих




