Қирғизистонда АЭС қуриш қарори референдум орқали қабул қилинади

Қирғизистонда АЭС қуриш қарори референдум орқали қабул қилинади
Қирғизистон ҳукумати атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича якуний қарорни фақат умумхалқ овоз бериш жараёни — референдум орқали қабул қилишни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда 3 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Данияр Амангелдиев маълум қилди. «Биз ҳозирда тегишли инфратузилмани вужудга келтириш ва мутахассислар тайёрлаш борасида “Росатом” билан ҳамкорлик олиб бормоқдамиз. Бу ишлар ниҳоясига етгандан кейингина мазкур масалани кўриб чиқамиз. Шунингдек, бу масала албатта референдумга қўйилиши шарт», – деди Амангелдиев.
Изоҳ:
Қирғизистон 2022 йилда АЭС қуриш бўйича Россиянинг “Росатом” ширкати билан дастлабки келишувга эришган эди. 2024 йилдан бошлаб бу мавзу яна кун тартибига чиқди ва томонлар аниқ битимларга яқинлаша бошлади. Бироқ, шу билан бирга, жамиятда бу лойиҳага нисбатан жиддий эътирозлар ҳам юзага келди. Экологлар, фуқаролик фаоллари ва айрим халқаро ташкилотлар АЭС қурилишининг хавфсизлиги, атроф-муҳитга таъсири ҳамда сув ресурслари билан боғлиқ хавотирларини билдиришди. 2025 йилга келиб, муҳокамалар янада қизғин паллага кирди ва ҳукумат АЭС қурилиши бўйича аниқ таклифларни тайёрлай бошлади. Кадрлар тайёрлаш, инфратузилмани вужудга келтириш ва халқаро ҳамкорлар билан ишлаш масаласи бош режага айланди.
Ҳозирча бу борада узил-кесил тўхтамга келинганича йўқ. Музокаралар давом этмоқда, инфратузилма ва мутахассислар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилмоқда. Расмий доиралар ушбу лойиҳа фақат халқнинг розилиги билан амалга ошишини бир неча бор таъкидлаб келишди. Лойиҳани референдумга олиб чиқиш имконияти тилга олинган бўлса-да, аниқ қарор ҳали эълон қилинмаган.
Ҳукумат бу мураккаб масалани ҳал қилишда халқнинг розилиги асосий омил бўлишига урғу бермоқда. Шу сабабли ҳам, АЭС қуриш лойиҳасини референдумга қўйишни кўзламоқда. Бошқача айтганда, шу орқали, лойиҳанинг масъулият юкини халқнинг зиммасига юкламоқда. Зеро, масала ғоятда жиддий: аниқроғ айтганда, лойиҳа қурилиши — расмийларнинг эътирофича — 10-15 йилга чўзилиши мумкин, шунингдек бу улкан маблағ талаб қилади. Бундан ташқари, экологик хатарлар, маблағ манбаи, мутахассислар ва инфратузилмани тайёр ҳолатга келтириш ҳамда мамлакатдаги сейсмик вазият аҳолини қаттиқ ўйлантирмоқда. Бунга илова сифатида, экспертлар лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан қанчалик мақсадга мувофиқ эканини ҳам шубҳа остига олишмоқда. Уларнинг фикрича, АЭС ишга тушган тақдирда ҳам, ундан олинадиган электр энергиясининг таннархи 3-4 сомни ташкил этади.
Қирғизистон халқи мамлакатдаги ҳар қандай ўзгаришларга ниҳоятда сезгир муносабатда бўлади ва тўнтаришлар қилиш борасида минтақада катта тажрибага эга. Шу боис, бундай улкан маблағ ва узоқ вақт талаб этадиган лойиҳа ҳокимият учун хатарли вазиятларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас. Бу мавзу халқнинг норозилигини доимий равишда алангалатиб турувчи омилга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу сабабли ҳам ҳукумат бу масалага жиддий киришишдан ўзини тиймоқда.
Қолаверса, бугунги мураккаб геосиёсий вазият туфайли юзага келган АЭС бўйича хавф-хатарлар, хавотирли ҳолатлар ва маҳаллий шароитларни ҳисобга олмаганда ҳам, лойиҳанинг тўлиқ амалга ошиши катта сўроқ остида қолмоқда. Чунки лойиҳа ижрочиси сифатида Россия ширкати танланган. Бироқ бугунги кунда Россия халқаро санкциялар исканжасида қолган ва у ҳамон Украинада уруш олиб бормоқда. Бундай шароитда Россия лойиҳа учун зарур бўлган барча имкониятларни таъминлай олмайди. У бир томондан уруш гирдобида қолиб, маблағ танқислигига учраган бўлса, иккинчи томондан санкциялар сабабли Ғарб давлатларидан АЭС қуриш учун зарур бўлган юқори технологик жиҳозларни ололмаяпти. Бу эса АЭС қурилиши учун мутасаддилар айтган 10-15 йиллик муддатнинг янада чўзилиб кетишига сабаб бўлади.
Атом энергетикаси соҳасида Россия катта тажрибага эга, буни инкор этиб бўлмайди. Шу боис, Кремль бу устунлигидан ўз таъсир доирасини кенгайтириш ва мавқеини сақлаб қолиш йўлида фойдаланмоқда. Россия учун бу лойиҳа Қирғизистонга таъсир ўтказишнинг навбатдаги ричаги (воситаси) ҳисобланади. Лойиҳа амалга ошадими ёки йўқми, муддати чўзиладими ёки вақтида битадими — бундан қатъи назар, Россия ушбу баҳона билан мамлакатдаги мавқеини мустаҳкамлашга интилади. Мамлакат иқтисодиётида Хитойнинг таъсири тобора кучайиб бораётган, геосиёсий майдонда эса Америка ўз қатъий позицияси билан одимлаётган бир шароитда, Россия ўз таъсирини сақлаб қолиш учун атом энергетикасидан энг асосий кўзир сифатида фойдаланмоқда.
Ҳарун Абдулҳак




