Мақолалар

Қирғизистоннинг даъво аризаси ЕОИИ инқирозининг белгисидир

Қирғизистоннинг даъво аризаси ЕОИИ инқирозининг белгисидир

Қирғизистон Мажбурий тиббий суғурта жамғармасининг раҳбари Азамат Муканов, Россия меҳнат муҳожирлари бўйича келишувни бажармаганлиги сабабли унга қарши ЕОИИ судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Иш ЕОИИ шартномасининг 96-97 моддалари Россия тарафидан бузилиши, яъни меҳнат муҳожирларининг оила аъзоларига мажбурий тиббий суғурта полисларини бериш масаласи устида кетмоқда. Мукановнинг таъкидлашича, суд қарори икки ҳафта ичида чиқиши кутилмоқда. Бу масала Россия Бош вазирининг ўринбосари Алексей Оверчукнинг Қирғизистонга ташрифи давомида ҳам кўтарилган эди.

Бироқ, ЕОИИ судига қилинган мурожаатдан кутилган натижага эришиш даргумон. Интеграция иттифоқи доирасидаги ҳуқуқий можарода томонлардан бири ушбу иттифоқнинг асосий ва доминант иштирокчиси эканлиги бу гумонни янада кучайтирди. Шунинг учун манфаатларни ҳимоя қилиш ҳаракатлари бошиданоқ муваффақиятсизликка учраши мумкин.

ЕОИИ судига келсак, у на сиёсий мустақилликка ва на қабул қилинган қарорларни амалга оширишга мажбурловчи реал механизмларга эга. Бундай вазиятда расман ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ҳам, бунинг амалда бирон бир ўзгаришга олиб келиши эҳтимолдан йироқдир.

Бундай вазиятда фақат ЕОИИнинг ҳуқуқий механизмларига таяниш стратегик жиҳатдан хато ҳисобланади. Меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – бу фақат ҳуқуқий масала эмас, балки сиёсий масала ҳамдир. Чунки гап иттифоқдош давлат фуқаролари ва расман дўстона ва стратегик шериклик муносабатларини эълон қилган мамлакатлар ҳақида кетмоқда.

Бу вазиятдан келиб чиққан тизимли натижа алоҳида эътиборга лойиқдир. Россия томонидан шартноманинг асосий қоидаларининг амалда бажарилмаганлиги ва ЕОИИнинг бунга қарши туришдаги имкониятларининг чекланганлиги иттифоқнинг функционал қобилиятсизлигини очиб бермоқда.

Ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши ва тенг ижтимоий кафолатларни эълон қилган интеграция иттифоқининг ўз қоидаларига риоя қилмаётгани, айниқса, таъсири камроқ бўлган мамлакатлар фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётгани аниқ кўриниб турибди.

Демак, Қирғизистоннинг Россияга қарши ЕОИИ судига берган даъво аризаси – бу иттифоқ ташкил этилганидан бери заифлашиб бораётганининг яна бир белгисидир. ЕОИИнинг асосий келишувлар бажарилишини таъминлай олмаслиги, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаслиги ва иттифоқ ичидаги низоларни ҳал қила олмаслиги тахмин қилинган интеграцияни шунчаки расмиятчиликка айлантириб қўймоқда.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, ЕОИИнинг 10 йиллик юбилейи деярли сезиларсиз ва кўпчиликнинг реакцияларисиз ўтаётганлиги эътиборга моликдир. Ушбу юбилейнинг ҳеч бўлмаганда, рамзий даражада ҳам нишонланмаслиги иттифоқнинг нафақат ўз иш қобилиятини, балки ривожланиш учун бўлган ички турткисини ҳам йўқотганидан далолат беради.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button