Қирғизистоннинг Покистон вектори ва давлат ташрифининг яширин мантиғи

Қирғизистоннинг Покистон вектори ва давлат ташрифининг яширин мантиғи
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2025 йил 3-4 декабрь кунлари сўнги йигирма йил ичида биринчи марта Покистонга давлат ташрифини амалга оширди. Ташриф натижасида иқтисодиёт, порт логистикаси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар бўйича 17 та ҳужжат имзоланди. Ҳужжатлар орасида минтақавий ва глобал юк ташиш тизимида Покистон портларидан фойдаланиш ҳақидаги меморандум ҳам бор [Sputnik Кыргызстан].
- Ташрифнинг иқтисодий аҳамияти
Қирғизистон денгизга чиқиш имконига эга эмаслиги сабабли, Покистон ўзининг Карачи, Гвадар ва Қосим каби йирик портларидан фойдаланишни расман таклиф қилди. Покистон бош вазирининг сўзларига кўра, бу Қирғизистон учун тўғридан-тўғри жаҳон бозорларига кириш имкониятини беради [Dawn].
Ташрифдан олдин икки мамлакат ўртасидаги савдо айланма унчалик ҳам кўп эмас эди: 2025 йилнинг дастлабки беш ойида Қирғизистоннинг Покистонга экспорти тахминан 0,5 миллион долларни ташкил этди, импорт эса 7 миллион доллардан ошди. Бироқ янги келишувлар доирасида ҳар икки томон сўнги бир неча йил ичида савдо айланмасини 200 миллион долларга етказишни мақсад қилмоқда.
- Нима учун Покистон ва бу танловнинг ўзига хослиги нимада?
Покистон орқали денгизга чиқиш фақат савдо имкониятлари билан чекланиб қолмайди. Қозоғистон ва Россия орқали ўтадиган шимолий йўлаклар Қирғизистоннинг тобора уларга қарамлигини оширмоқда. Санкциялар кучайиб бораётган ва геосиёсий беқарорлик борган сайин Қирғизистонни хавф остига қўяётган бир вазиятда, бу ечим муаммодан чиқишга йўл очади.
- Ушбу ташаббуснинг Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли (CKU) билан боғлиқлиги
Қирғизистон минтақадаги транспорт архитектурасини ўзгартириш йўлида анчадан бери муҳим қадамлар ташлаб келмоқда. 2025 йил июл ойида Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари бошчилигидаги делегация Карачи денгиз портига бориб, унинг инфратузилмаси, логистикаси ва юк ташиш имкониятлари билан танишган эди.
Демак, Покистон йўлаги бугун бошлангани йўқ, бундан аввал ҳам изланиш олиб борилаётган эди. Президентнинг яқинда амалга оширган давлат ташрифи эса, шу саъй-ҳаракатларнинг натижаси бўлди.
- Покистон орқали ўтувчи асосий йўлаклар
Агар Хитойдан Қирғизистон орқали Покистон портларига кетадиган йўлаклар амалга оширилса, Қирғизистон ҳақиқий минтақавий транзит марказига айланиши мумкин. Темир йўл, автотранспорт йўли ва денгиз портларини бирлаштирган мультимодал йўлаклар Хитой ва Марказий Осиёдан Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва ундан ташқари глобал бозорларга чиқиш имконини беради.
Глобал таъминот йўлаклари ўзгаришлар ва муқобил йўлларни талаб қиладиган бир пайтда, бу ташаббус инвестиция, савдо ва иқтисодий барқарорлик манбаи бўлиши мумкин.
- Ушбу қадамнинг сиёсий аҳамияти
Бу қадам нафақат иқтисодий, балки кучли сиёсий сигнал ҳамдир. Одатдаги шимолий ҳамкорлардан ташқари Покистон билан ҳам ҳамкорлик қилиш Қирғизистоннинг кўп векторли сиёсат олиб бораётганини англатади.
Асосий босқичда бу қадам фақат рамзий маънога эга бўлса-да, шимолий йўллар ёпилиб, қарамлик кучайганда, бу йўлак инқироздан чиқиш учун «эҳтиёткорлик» йўли бўлиб хизмат қилиши мумкин.
- Бу ташриф қанчалик даражада мустақил ташаббус?
Бу йўлак тўлиғича Қирғизистон томонидан ишлаб чиқилган ташаббус деб айтиш мумкин эмас. Бу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг минтақавий стратегиянинг бир қисми сифатида амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ташаббусдир. Ушбу стратегия Покистон, Хитой ва Эрон инфратузилмаларини бир-бирига боғлаш ва янги савдо йўлакларини ташкил этишдан иборатдир. Шунинг учун Қирғизистон ўз сиёсатини ушбу буюк стратегияга мувофиқ олиб бормоқда. Чунки Хитой Қирғизистонни Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган марказга айлантиришдан манфаатдор. Покистон бу стратегияда муҳим рол ўйнайди.
Шунинг учун, Жапаровнинг Покистонга давлат ташрифини мутлақо «мустақил қадам» деб ҳисоблаш нотўғри бўлади. Бироқ, Қирғизистон ўзини мазкур кенг минтақавий ташаббуснинг бир қисми сифатида кўриб, унинг доирасида фойдали ўринга эга бўлишга интилмоқда.
Хулоса
Демак, Жапаровнинг ташрифи ва Покистон йўлагининг очилиши шунчаки дипломатик воқеа эмас, балки Қирғизистоннинг янги ташқи иқтисодий сиёсатининг бошланишидир. Бир томондан, Қирғизистон денгизга чиқиш имкониятини қўлга киритаётган бўлса, иккинчи томондан, бу қадам Кремлга нисбатан мустақиллик ва мослашувчанликни намойиш этувчи жиддий сиёсий сигнал ҳисоланади. Шунингдек, бу Хитойнинг стратегик манфаатларига ҳам хизмат қилади.
Қирғизистон узоқ вақтдан бери биринчи марта эски сиёсий географиясини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Бу қадам келажакда алоҳида аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Шунинг учун эришилган келишувлар қандай амалга оширилишини ва кейинги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бориши лозим.
Латифул Расих




