Қўшимча бир йил таълим инқирозини ҳал қиладими?

Қўшимча бир йил таълим инқирозини ҳал қиладими?
Халқ қурултойида энг кўп кўтарилган масалалардан бири мактабларнинг етишмаслиги бўлди. Делегатлардан бири бу муаммо 12 йиллик таълимга ўтиш билан боғлиқми, деган саволни ўртага қўйди. Бунга жавобан президент Садир Жапаров «12 йиллик таълимга ўтиш бугунги куннинг талаби ва кечиктириб бўлмас зарурат» эканлигини билдирди. Бу ҳақда президент Садир Жапаров Кабар ахборот агентлигига берган интервюсида айтиб ўтди.
Бу баёнотнинг ўзи таълим соҳасидаги муаммонинг қанчалик чуқур эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Президент ўз нутқида синфларнинг ҳаддан ташқари тўлиб кетишлиги ва мактабларнинг етишмаслиги таълимнинг янги моделига боғлиқ эмаслигини таъкидлаб, вазиятни демографик ўсиш ва ички миграция билан изоҳлади. Дарҳақиқат, сўнгги ўн йилда ўқувчилар сони деярли ярим миллионга кўпайди, бу эса таълим тизимига анча оғирлик қилмоқда. Бироқ, бундай шароитда ўқув йилини узайтириш таклифи муаммонинг ечими эмас, балки сифатдаги камчиликларни йил сонини кўпайтириш билан қоплашга уринишдек кўринмоқда.
Агар таълим соҳасидаги ҳар қандай мутахассисга мурожаат қилинса, таълим йилига қўшимча бир йил қўшиш билан таълим сифати автоматик равишда яхшиламаслигини айтиши шубҳасиз. Вақт таълимнинг моҳиятини ва унга бўлган истакни янгилай олмайди, шунингдек йиллар сони таълим-тарбия сифатини ўрнини боса олмайди. Синфлар 40-50 ўқувчи билан тўлиб, ўқитувчиларга оғирлик қилаётган бир пайтда, ўқув дастурлари ўша-ўша эски расмий стандартларга мос келишга қаратилар экан, у ҳолда таълим муддатини узайтириш мавжуд муаммоларни янада чигаллаштиради. Президентнинг ислоҳотни «глобал стандартлар» ва «глобал меҳнат бозори» билан изоҳлаши шуни кўрсатадики, таълим-тарбия соҳасига кучли шахсни шакллантириш ва унинг дунёқарашини кенгайтириш учун майдон сифатида эмас, балки капиталистик иқтисодиётга хизмат қилувчи механизм сифатида қаралмоқда.
Президентнинг нутқида энг муҳим нарса ҳақида, яъни таълим-тарбия мақсадлари ҳақида деярли сўз юритилмади. Мактаб фақат капитализмнинг бозорлари ва истеъмол сиёсатига мослаша оладиган «рақобатбардош инсон капитали»ни тайёрлаш воситаси сифатида тақдим этилмоқда. Аммо инсон – бу фақат келажакдаги ишчи ёки бизнесмен дегани эмас. Таълим-тарбия самарали фикрлашда, инсоний қадриятларни ҳамда Аллоҳ ва жамият олдидаги масъулиятни, шунингдек, мустақил ривожланиш қобилиятини шакллантиришда инсонга ёрдам бериши керак. Бугунги кунда жамият айнан шу қадриятлар ва маъноларнинг етишмаслигини ҳис қилмоқда. Бироқ бу бўшлиқни ўқув йилига шунчаки бир йил қўшиб қўйиш билан тўлдириб бўлмайди.
Ушбу инқирознинг билвосита далили сифатида бугунги кунда турли хил ривожланиш курсларига, шахсий таълим ташаббусларига ва таълимнинг муқобил шаклларига қизиқишнинг ортиб бораётганини келтиришимиз мумкин. Натижада, болалар, ота-оналар ва ҳомийларнинг эътибори ушбу соҳаларга қаратилмоқда. Чунки одамлар гарчи номукаммал, чекланган ва капиталистик бўлса ҳам, уларда аниқ мақсад, моддий манфаат ва истеъмолчи учун тушунарли ва сезиларли натижани кўришяпти. Бу ҳолат муаммо йиллар сонида эмас, балки таълим фалсафасининг йўқолишида эканлигини яна бир бор исботлаб турибди.
Масаланинг ажабланарли жойи шундаки, президент бундай баёнот бериб турган бир пайтда, ўлкада динни маҳкам ушлаган мусулмонларнинг фарзандлари учун муқобил таълим тизимини ривожлантиришга жиддий равишда тўсқинлик қилинмоқда. Гап болалар юқори қизиқишлар билан ўқишга келадиган мадраса тамойилига асосланган мактаблар ҳақида кетмоқда. Бундай болаларни ўқишга мажбурлашнинг ҳожати йўқ, чунки уларнинг ота-оналари интизом, таълим ва ахлоқий тарбия олишларини исташади.
Бироқ, давлат мактаблар ва ресурсларнинг етишмаслиги ҳақида гапирар экан, нимагадир бундай таълим ташаббусларининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи қонунларни қабул қилмоқда. Мадрасалар қонуний таълим соҳасидан четлаштирилиб, таълим стандартлари доирасида тан олинмаяпти. Шунингдек, ўқитиш учун бериладиган рухсатномалар ва лицензиялар сони қисқартирилмоқда. Бу фактларни “давлат бюджетига таянмасдан мустақил равишда иш олиб бора оладиган ва таълим соҳасидаги барча муаммоларни ҳал қилишга қодир тизимга қасддан тўсқинлик қилиш”дан бошқа нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Қийинчиликлар даврида, Исломий таълим тамойилларини давлат даражасида қабул қилиш ва амалга ошириш таълим соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун етарли бўлар эди.
Бунинг учун мусулмонлар давлатдан алоҳида шартлар талаб қилмайди. Улар маблағ, бинолар қуриш ёки субсидиялар сўрамайди. Талаб жуда оддий – ҳеч қандай тўсиқ қўйлмаслик, шунинг ўзи етарли. Ота-оналар ва жамият таълим-тарбия, харажат ва рағбатлантириш масалаларини мустақил равишда ҳал қилишга, болаларни тарбиялаш ва ривожлантириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр. Уларнинг мақсади тўлақонли шахсларни етиштириб чиқаришдир, фақат фойдани ҳамда компаниялар ва бизнес манфаатларига хизмат қиладиган чекланган шахсларни етиштириб чиқариш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, очиқ-ойдин қарама-қаршилик келиб чиқмоқда. Давлат бир вақтнинг ўзида глобал талаблар, рақобатбардошлик ва таълим муддатини узайтириш ҳақида гапирар экан, моҳияти, рағбатлантириши ва аниқ мақсади бор таълим масканларини ўзи йўқ қилмоқда. Бундай шароитда 12 йиллик таълимга ўтиш ривожланиш сари қадам сифатида эмас, балки катта муаммони яширишга уриниш сифатида баҳоланади. Аниқроқ айтганда, давлат “мактаб нима учун ва қандай шахсни шакллантириши керак”лиги ҳақидаги саволга аниқ жавоб беришдан қочмоқда.
Таълимдан кўзланган мақсад қайта таҳлил қилиб чиқилмагунча, ўқув йилини узайтириш ислоҳотлари фақат юзаки ечимлар бўлиб қолаверади. Қўшимча йил йўқолган мақсадни аниқлаб бермайди ва турли стандартлар ва қадриятларни тиклай олмайди. Шунинг учун, агар давлат таълим тизимининг мазмунини ўзгартирмасдан фақат шаклини кенгайтиришда давом этаверса, ўқув йилининг муддати кўпайишига қарамай, таълимдаги инқироз чуқурлашиб бораверади.
Абду Шукур




