Янгиликлар

Ҳайит намози майдонларга қайтмоқда

Хушхабар!

Ҳайит намози майдонларга қайтмоқда

Оммавий ахборот воситаларининг муфтиятга таяниб маълум қилишича, бу йил давлат томонидан байрам деб эълон қилинган 20 март куни Ҳайит намози Турдакун Усубалиев номидаги «Эски майдон»да ўқиладиган бўлди. Маълумки, узоқ йиллардан буён хавфсизлик чоралари важига кўра Ҳайит намозлари фақат масжидларда ўқилиши билан чекланиб келаётган эди. Ваҳоланнгки Ҳайит намозлари халқимизнинг хоҳиш-истагига биноан, пандемия даврига қадар марказий «Ала-Тоо» майдонида ўқиб келинган.

Бундан бир неча кун аввал муфтият томонидан Ҳайит намози майдонда ўқилмаслиги ҳақида мазмунидаги баёнот тарқатилганида, бу хабар жамоатчилик орасида қизғин баҳс-мунозаралар ва эътирозларга сабаб бўлган эди. Ижтимоий тармоқлардаги айрим мунозараларда Аллоҳ ҳаром қилган янги йил ёки Наврўз каби ҳаром байрамлар учун давлат томонидан кенг шароитлар яратилиши ва майдонлар байрам тантаналари учун очиб қўйилиши, айни пайтда мусулмон ўлка фуқароларининг диний ҳуқуқ ва эҳтиёжлари инобатга олинмаётгани кескин танқид остига олинди.

Биз бу ўринда Рамазон ойининг бошланиши ва Ҳайитнинг хато белгиланганлиги, улардаги гуноҳ ва савобдан қуруқ қолиш ҳақида гапирмоқчи эмасмиз, чунки улар ҳақида ўз ўрнида айтиб ўтган эдик. Ҳозир намознинг яна майдонга қайтишига эътибор қаратмоқчимиз.

Шубҳасиз, Ҳайит намозининг майдонда ўқилиши ҳақидаги қарор қабул қилинишида жамоатчилик фаоллигининг таъсири катта бўлди. Шу билан бирга, Муфтият ҳам бу борада жонбозлик кўрсатди, деган яхши гумондамиз. Шунингдек, ҳукуматнинг мусулмон халқ фикри билан ҳисоблашиб, уларнинг истаклари ва ҳақ-ҳуқуқлари йўлида бундай ижобий қадам ташлаганини ижобий баҳолаймиз.

Азиз мусулмонлар! Сизларни бугунги байрам билан ва эртанги Ҳайит намозининг яна майдонга қайтгани билан чин қалбдан муборакбод этамиз! Аллоҳ Таоло барчамизни Рамазоннинг файзу баракаси билан сийласин ва ҳақ йўлидан адаштирмасин.

Аллоҳ Таолодан келаси йилларда Рамазон ойининг бошланиши ва Ҳайит кунларини белгилашда турли хатоликлардан паноҳ беришини, натижада барчамизни унинг тўлиқ ажру савобларига етказишини сўраймиз. Шунингдек, мусулмон халқимиз билан бирга раҳбарларимизни ҳам ҳақиқатга юзлантиришини сўраб қоламиз. Мусулмонларнинг бирдамлигини кўрсатувчи бу каби хайрли манзаралар бардавом бўлсин. Эзгу амалларни ва уларнинг соҳибларини ёмон кўзлардан ҳамда ғаразгўйларнинг маккор ниятларидан Парвардигорнинг Ўзи асрасин.

19.03.2026

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button