Матбуот баёноти

Ҳизб ут-Таҳрир – Судан вилояти расмий нотиғининг «Британия қўшинлари чиқиб кетганига етмиш йил бўлди, аммо Судан ҳақиқатда озод бўлдими?!» номли нутқи

Ҳизб ут-Таҳрир – Судан вилояти расмий нотиғининг «Британия қўшинлари чиқиб кетганига етмиш йил бўлди, аммо Судан ҳақиқатда озод бўлдими?!» номли нутқи

Инглиз мустамлакачиси 1898 йили Китченер бошчилигидаги қўшинлар орқали Суданга кириб келиб, мамлакатда ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, маърифий ва бошқа барча соҳаларда ўз назоратини ўрнатди. У Суданни эллик йилдан зиёд вақт мобайнида динни ҳаётдан ажратишга асосланган секуляр дунёқараш асосида бошқарди. Натижада, мамлакатдаги сиёсий ҳаёт Ислом ақидасига мутлақо зид бўлган секуляр ғоялар асосида шакллантирилди ва айни шу секуляризм ҳукмрон тузум сифатида жорий этилди. Иқтисодий соҳада эса судхўрлик, ботил йўллар билан мол-мулкларни ўзлаштириш, шунингдек, ҳаром қилинган солиқ ва божларга асосланган капиталистик низом татбиқ этилди.

Сақофат соҳасида ҳам инглиз мустамлакачиси мактаблар, институтлар ва университет коллежларини ташкил этди. Бу таълим муассасалари орқали у мусулмон фарзандларидан шундай бир авлодни шакллантирдики, улар Исломга эътиқод қилар, бироқ ҳаётда капиталистик-демократик сақофатни кўтариб юрар, Ислом аҳкомларини эса ҳаётдан четлатишга хизмат қилар эдилар. Шунинг учун 1956 йилда, яъни бундан етмиш йил аввал инглиз мустамлакачиси ўз қўшинлари билан Суданни тарк этаётганида, у бу юртга экиб кетган «экинлар»идан ҳамда ўзидан кейин мамлакат сиёсатини бошқарадиганларга мерос қилиб қолдирган дунёқарашидан кўнгли тўқ эди. Бу ҳолат мамлакат бошқарувига «мустақиллик пешволари» деб аталган шахслар келганида яққол намоён бўлди. Зеро, улар томонидан сохта мустақилликдан сўнг Суданни бошқариш учун жорий этилган биринчи конституция – аслида 1953 йилдаги автономия даврида мамлакат бошқарувини тартибга солиш мақсадида инглиз судьяси Стэнли Бейкер томонидан тайёрланган автономия қонунининг айнан ўзи эди. Мазкур автономия даври эса Суданнинг ўз тақдирини белгилаши – яъни табиий ҳолат бўлган Миср билан бирлашиш ёки ундан ажралиб чиқиш – билан якунланиши лозим эди. Мустамлакачидан озод бўлдик деб даъво қилган ҳукмдорларнинг халқни айнан ўша мустамлакачининг конституцияси асосида бошқариши жуда оғир ва мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат эди. Шунинг учун улар бу ҳужжатни хижолатомуз ҳолда «1956 йилги муваққат конституция» деб атадилар.

Шундан сўнг мамлакатда бирин-кетин ҳарбий, демократ ва турли ўтиш даври маъмуриятларидан иборат режимлар алмашди. Бироқ уларнинг ҳеч бири Судан халқининг ақидасига таянадиган конституцияни жорий этмади. Аксинча, ўтган етмиш йил мобайнида – ва ҳатто ҳозирги кунда ҳам – Суданда амалда бўлиб келаётган барча конституциялар мустамлакачи кофирнинг ақидасига, яъни динни ҳаётдан, шу жумладан сиёсат ва бошқарувдан ажратиш ғоясига асосланган.

Энг ҳайратланарлиси шундаки, улар ҳар йили 1 январ санасини «мустақиллик куни» сифатида нишонлайдилар. Мен бу ерда «сохта» мустақиллик атамасини алоҳида урғу билан тилга оламан. Чунки Судан бугунги кунда ҳам тўлиқ сиёсий мустамлака остида яшамоқда. Мустамлакачи кофир ҳануз мамлакат тақдирини белгилашда ҳал қилувчи ҳукмрон куч сифатида қолмоқда. Айнан у ким ҳокимиятга келиши ва қандай бошқариши кераклигини белгилайди. Бугунги кунда мустамлакачи кофирлар, хусусан Британия ва Америка Судан устидан ҳукмронлик қилиш ва ўз таъсирини ўтказиш мақсадида ўзаро рақобат ва кураш олиб бормоқда. Мамлакатда давом этаётган уруш эса айнан шу гегемонлик кураши ва геосиёсий манфаатлар тўқнашувининг бевосита оқибатидир, холос.

Иқтисодий жиҳатдан эса, бугунги кунда Судан иқтисоди устидан Халқаро валюта фондининг кўрсатмалари ва унинг халқни қашшоқликка бошловчи сиёсатлари ҳукмронлик қилмоқда. Гарчи мамлакат ер ости ва ер усти табиий бойликларига тўла бўлса-да, аҳолининг кўпчилик қисми камбағаллик ва муҳтожликда кун кечирмоқда. Бунинг сабаби шундаки, мамлакат бойликлари систематик равишда талон-торож қилинган, бирин-кетин алмашган ҳукуматлар эса доимо халқнинг чўнтагига солиқ ва бож шаклида кўз тикиб келган. Улар қашшоқликни келтириб чиқариб, камбағал инсонларни йўқ қилмоқда. Бундан ҳам аянчлиси – ҳукумат умумий мулкларни ё мустамлакачи кофирларга арзон баҳода таклиф қилмоқда, ёки хусусийлаштириш ниқоби остида уларни капиталистларга топширмоқда!!!

Ўтган ҳафта «Франс Пресс» агентлигига берган интервьюсида Судан молия вазири Жибрил Иброҳим ҳукумат Қизил денгиздаги портлар бўйича битимлар тузишга ва инфратузилмани қайта тиклашга ҳисса қўшадиган хусусий сектор инвестицияларига умид боғлаётганини маълум қилди. Шунингдек, у 2025 йил давомида мамлакатда умумий ҳисобда 70 тонна олтин ишлаб чиқарилганини, аммо шундан атиги 20 тоннаси расмий каналлар орқали экспорт қилинганини таъкидлади. Бу эътироф мамлакат бойликлари қай тарзда бошқарилаётгани ва улар кимларнинг манфаатига хизмат қилаётганини очиқ-ойдин намоён этмоқда. Аслида бу олтин умумий мулк бўлиб, у ҳукуматнинг, алоҳида шахслар ёки ширкатларнинг эмас, балки Ислом Умматининг мулки ҳисобланади. Мана шу ҳолатлар ва бошқа кўплаб далиллар бизнинг ҳали ҳам мустамлака остида эканимизни, мустамлакачи кофирнинг бўйинтуруғидан ҳали озод бўлмаганимизни аниқ кўрсатиб турибди.

Ҳаётимизни ўз ақидамиз – буюк Ислом мабдаи – асосида барпо этган кунгина мустақиллик байрами сифатида нишонланади. Зеро, Ислом аҳкомлари оламлар Роббиси, бутун башариятнинг холиқи бўлмиш Аллоҳ Таоло томонидан нозил қилинган. Бу улуғ мақсадга эришиш учун давлат тузилиши республика шаклидан Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликка ўзгартирилиши лозим. Росулуллоҳ ﷺ бизга ихтилофлар юзага келган пайтда маҳкам ёпишишимиз кераклигини тавсия қилган йўл мана шудир. У зот ﷺ бундай деганлар:

«… فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ فَسَيَرَى اخْتِلَافاً كَثِيراً، فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيينَ، عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ، وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الْأُمُورِ؛ فَإِنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلَالَةٌ»

«Сизлардан ким мендан кейин ҳаёт кечирса, кўп ихтилофларни кўради. Шундай вазиятда менинг суннатимга ва ҳидоят топган рошид халифаларнинг суннатига эргашинглар. Унга озиқ тишларингиз билан тишлаб олгандек маҳкам ёпишинглар. Янги пайдо бўлган (бидъат) ишлардан сақланинглар. Чунки ҳар бир бидъат залолатдир». (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ҳизб ут-Таҳрир Уммат билан бирга ва Уммат орқали ҳаракат қилиб, мусулмонларни мустамлакачи кофир Ғарбга бўлган қарамликдан озод этишга интилмоқда. Шу билан бирга, инсониятни капиталистик куфр зулматларидан Исломнинг нури ва адолатига олиб чиқишдаги ўз бурчини адо этиш мақсадида Умматни уйғотишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса фақатгина Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этиш орқали исломий ҳаётни қайта бошлаш билан амалга ошади. Ҳизб бу йўлда Аллоҳнинг Китоби, Росулуллоҳ ﷺнинг суннатлари ҳамда бу иккиси кўрсатган саҳобалар ижмоси ва шаръий қиёсдан истинбот қилинган 191 моддадан иборат конституция лойиҳасини тайёрлаб қўйган. Ушбу дастур Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг розилиги остидаги ҳаётга асос солади. Унинг биринчи моддасида шундай дейилган: «Ислом ақидаси давлатнинг асосидир. Яъни давлатнинг тузилиши, маъмурий аппарати, муҳосаба қилиниши ёки унга алоқадор барча ишларда бирор нарсанинг вужудга келиши учун фақат Ислом ақидаси асос қилинади. Бир вақтнинг ўзида Ислом ақидаси конституция ва шаръий қонунларнинг ҳам асосидир. Яъни бу иккисининг ҳар қайсисига алоқадор бирор нарсанинг мавжуд бўлишига фақат Ислом ақидасидан келиб чиқсагина рухсат берилади».

Исломдаги бошқарув низоми Халифалик низомидир. Росулуллоҳ ﷺ марҳамат қилдилар:

«كَانَتْ بَنُو إِسْرَائِيلَ تَسُوسُهُمُ الأَنْبِيَاءُ، كُلَّمَا هَلَكَ نَبِيٌّ خَلَفَهُ نَبِيٌّ، وَإِنَّهُ لا نَبِيَّ بَعْدِي، وَسَيَكُونُ خُلَفَاءُ فَيَكْثُرُونَ، قَالُوا: فَمَا تَأْمُرُنَا؟ قَالَ: فُوا بِبَيْعَةِ الأَوَّلِ فَالأَوَّلِ، أَعْطُوهُمْ حَقَّهُمْ فَإِنَّ اللَّهَ سَائِلُهُمْ عَمَّا اسْتَرْعَاهُمْ»

«Бану Исроилга пайғамбарлар сиёсат юргизарди. Қачон бир пайғамбар ҳалок бўлса, унинг ортидан бошқа бир пайғамбар келарди. Мендан кейин эса пайғамбар бўлмайди, халифалар бўлади ва улар(нинг сони) кўпайиб кетади. Шунда саҳобалар бизга нимани буюрасиз? – деб сўрашди. У зот шундай дедилар: биринчисининг, фақатгина биринчисининг байъатига вафо қилинглар ва уларнинг ҳаққини адо этинглар. Зеро, Аллоҳ улардан фуқарони қандай бошқарганлари ҳақида сўрайди». (Муттафақун алайҳ). Халифалик давлати дастури лойиҳасининг 16-моддасида келганидек, бошқарув низоми бирлик низомидир, федерал низом эмас. 17-моддага кўра, бошқарув марказийдир, административ ишлар эса марказий эмас.

22-моддада бундай дейилган: «Бошқарув низоми тўрт тамойилга асосланади:

  • Суверенитет (мутлақ ҳукмронлик ва қонун чиқариш ҳуқуқи) халқники эмас, шариатникидир.
  • Салтанат (ҳокимият) Умматникидир.
  • Битта халифани тайинлаш мусулмонларга фарздир.
  • Шаръий аҳкомларни табанний қилишга (қонун сифатида қабул қилишга) фақат халифа ҳақлидир. Конституция ва бошқа барча қонунларни ҳам фақат халифа қабул қилади.

Иқтисодий соҳага келсак, 125-моддада шундай дейилган: «Шахсларнинг ҳар бири учун барча асосий эҳтиёжларни тўлиқ қондириш кафолатланиши, камолий эҳтиёжларни эса имкон қадар энг юқори даражада қондириш имконияти таъминланиши вожибдир». 139-моддада қуйидагича баён этилган: «Давлат хусусий мулкни умумий мулкка айлантиришга ҳаққи йўқ. Зеро, умумий мулк – мулкнинг табиати ва сифатидан келиб чиққан ҳолда қарор топган бўлиб, давлат хоҳишига боғлиқ эмас». 165-моддада эса шундай қайд этилган: «Мамлакатда ажнабий маблағлардан фойдаланиш, уларни инвестиция қилиш ва ҳар қандай ажнабийга имтиёз бериш ман этилади».

Таълим сиёсатига келсак, унинг асосий тамойили – бутун тизимни буюк Ислом ақидасига асослашдир. 170-моддада шундай таъкидланган: «Таълим дастурининг асоси исломий ақида бўлиши шарт. Барча ўқув материаллари ва ўқитиш услублари шундай шаклда белгиланадики, таълимда ушбу асосдан бирор-бир оғиш юз бермасин». 179-моддада қуйидагича баён қилинган: «Давлат, мактаб ва университетлардан ташқарида кутубхоналар, лабораториялар ва бошқа билим воситаларини муҳайё қилиб беради. Бундан мақсад – фиқҳ, усули фиқҳ, ҳадис ва тафсир каби илмлар, шунингдек тафаккур, тиббиёт, муҳандислик, кимё ва бошқа соҳаларда, қолаверса, ихтиро ва кашфиётлар йўналишида тадқиқотларни давом эттиришни истаганларга имконият яратишдир. Токи, Уммат орасида кўплаб мужтаҳидлар, ихтирочилар ва ижодкорлар қатлами етишиб чиқсин».

Сўзимиз охирида биз барча инсонларни, айниқса, уламолар, сиёсатчилар, матбуот вакиллари ҳамда жамоат ишларига бефарқ бўлмаган кишиларни Ҳизб ут-Таҳрир билан биргаликда Исломни ҳаётдаги воқеликка айлантириш йўлида жиддий фаолият олиб боришга даъват этамиз. Чунки бундай воқелик Умматни хорлик, тубанлик ва мустамлакачи кофир Ғарбга қарамлик ҳаётидан халос этиб, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик соясида Раҳмоннинг ризолигидаги азиз ва шарафли ҳаётга етаклайди.

Шунингдек, биз куч-қудрат ва мудофаа соҳаси вакилларига алоҳида мурожаат қилиб, уларни Умматни озод этиш ҳамда Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этиш орқали Ислом аҳкомларини қоим қилиш учун Ҳизб ут-Таҳрирга нусрат-ёрдам беришга чақирамиз. Токи, улар худди Исломнинг аввалида унга нусрат берган ансорлар каби бўлсинлар. Мана шу ансорлар қўллаб-қувватлаган пайтда Мадинаи Мунавварада биринчи Ислом давлати барпо бўлган эди. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло уларни мақтаб, бундай деган:

وَٱلَّذِينَ تَبَوَّءُو ٱلدَّارَ وَٱلۡإِيمَٰنَ مِن قَبۡلِهِمۡ يُحِبُّونَ مَنۡ هَاجَرَ إِلَيۡهِمۡ وَلاَ يَجِدُونَ فِي صُدُورِهِمۡ حَاجَةٗ مِّمَّآ أُوتُواْ وَيُؤۡثِرُونَ عَلَىٰٓ أَنفُسِهِمۡ وَلَوۡ كَانَ بِهِمۡ خَصَاصَةٞۚ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفۡسِهِۦ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ

«Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир» [Ҳашр 9]

Шунингдек, Пайғамбар ﷺ ҳам уларни мақтаб, бундай деганлар:

«الأنْصارُ لا يُحِبُّهُمْ إلَّا مُؤْمِنٌ، ولا يُبْغِضُهُمْ إلَّا مُنافِقٌ، فمَن أحَبَّهُمْ أحَبَّهُ اللَّهُ، ومَن أبْغَضَهُمْ أبْغَضَهُ اللَّهُ»

«Ансорларни фақат мўмин яхши кўради ва уларни фақат мунофиқ ёмон кўради. Ким уларни яхши кўрса, Аллоҳ уни яхши кўради ва ким уларни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам уни ёмон кўради». (Бухорий ривояти).

 

Иброҳим Усмон (Абу Халил)

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Судан вилоятидаги расмий нотиғи

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button