Ҳозирги тузумда ароққа қарши курашиб натижага эришиш мумкинми?

Ҳозирги тузумда ароққа қарши курашиб натижага эришиш мумкинми?
Қозоғистонда соат 20:00дан кейин маст қилувчи ичимликларни сотишни тақиқлаш таклиф қилинди. Ушбу ташаббусни илгари сурган олий мажлис депутати Магеррам Магеррамов буни жиноятчиликнинг аксарияти маст қилувчи ичимликлар туфайли содир бўлаётгани билан изоҳлади. Таклифлар: маст қилувчи ичимлик сотиладиган жойларни чеклаш, дўконларда соат 20:00 дан кейин, кафе ва ресторанларда соат 22:00дан кейин маст қилувчи ичимликлар сотишни тақиқлаш, онлайн харидларни тўхтатиш, рақамли ёрлиқларни жорий этиш ва ёшлар учун профилактика дастурларини ишлаб чиқишни ўз ичига олади. Бундан аввал шунга ўхшаш таклифлар Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам билдирилган эди.
Агар ушбу таклифлар устида бироз тафаккур юритадиган бўлсак, бир қатор саволлар туғилади: маст қилувчи ичимликларни соат 20:00дан олдин ёки кейин сотилиши нимани ўзгартиради? маст қилувчи ичимликларнинг зарари куннинг вақтига боғлиқми? У маълум бир соатгача хавфсиз бўлиб, кейин тўсатдан жиноятчилик ва деградация манбаига айланиб қоладими? Ваҳолангки, маст қилувчи ичимликларнинг инсонга таъсири деворда турган соатга қараб тўхтаб қолмайди. Қолаверса уни соат 20:00дан олдин сотиб олиб, кейинроқ ичиш ҳам мумкин, бу билан чекловлардан кутилган барча натижа йўққа чиқади.
Демак, бу ерда гап маст қилувчи ичимликларга қарши кураш ҳақида эмас, балки унинг маъмурий тартибга солиниши ҳақида кетмоқда. Бу эса, муаммонинг сабабларини бартараф этмасдан, фақат «чора кўряпмиз» деган тасаввурни пайдо қиладиган чала-чулпа ишлардан бошқа нарса эмас. Давлат гўё маст қилувчи ичимликларни ёвузлик ёки ёмонлик сифатида тан олгандай туюлади-ю, лекин аслида уни тўлиқ ёвузлик деб аташга ботина олмайди. Агар ушбу ташаббусни кўтариб чиқаётганларнинг мантиғига таянадиган бўлсак, унда янада чуқурроқ қарама-қаршилик келиб чиқади. Агар маст қилувчи ичимлик жиноятларнинг ва ижтимоий тартибсизликнинг манбаи бўлса, унда нега у ҳали ҳам қонуний маҳсулот бўлиб қолмоқда? Нима учун у гиёҳванд моддалар билан бир хил даражада қабул қилинмайди? Бунинг жавоби тиббиётда ёки ахлоқий қадриятларда эмас, балки мавжуд тизимнинг тузилишидадир. Бу тизимда алкогол иқтисодиётнинг бир қисми, солиқлар ва фойда манбаи ҳисобланади. Агар шу мантиқдан қаралса, бирор нарса фойда келтирар экан, унга ёмон, деб қаралмайди.
Бу муаммони ҳал қилиш учун Исломий қадриятлар тизимига мурожаат қилишнинг ўзи кифоя. Исломнинг маст қилувчи ичимликларга ёндашуви тубдан фарқ қилади. Исломда унинг истеъмол қилиш вақтини, жойини ёки шаклини тартибга солиш, деган нарса йўқ. Балки маст қилувчи ичимликни таг туби билан йўқ қилиш деган тушунча бор.
Қуръони Карим маст қилувчи ичимлик масаласини изчил ва мантиқий жиҳатдан тўғри баён қилган. Аввало, унинг зарари ва фойдасини қиёслаш муҳокама қилинади:
يَسْـَٔلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِؕ قُلْ فٖيهِمَٓا اِثْمٌ كَبٖيرٌ وَمَنَافِـعُ لِلنَّاسِؗ وَاِثْمُهُمَٓا اَكْبَرُ مِنْ نَفْعِهِمَاؕ
«Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”. (2:219).
يَٓا اَيُّهَا الَّذٖينَ اٰمَنُوا لَا تَقْرَبُوا الصَّلٰوةَ وَاَنْتُمْ سُكَارٰى حَتّٰى تَعْلَمُوا مَا تَقُولُونَ
«Эй мўминлар, токи гапираётган гапларингизни билишингиз учун маст ҳолингизда намозга яқин келманглар!». (4:43).
Бу оятлардан кейин охирги, аниқ ва қатъий ҳукм баён қилинади:
يَـٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓا۟ إِنَّمَا ٱلْخَمْرُ وَٱلْمَيْسِرُ وَٱلْأَنصَابُ وَٱلْأَزْلَـٰمُ رِجْسٌۭ مِّنْ عَمَلِ ٱلشَّيْطَـٰنِ فَٱجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
«Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг хар биридан узоқ бўлингиз!». (5:90)
Бу ерда вақт чегаралари, истиснолар ёки муросалар йўқ. «узоқ бўлингиз» деган аниқ буйруқ мавжуд. Суннат эса бу тақиқни тўлдиради ва кучайтиради. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар:
كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وكُلُّ مُسْكِرٍ حَرامٌ
«Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир хамр ҳаромдир» (Ибн Умар ривояти, Саҳиҳ Муслим).
Яна бошқа бир ҳадисда бундай дейилади:
لعن الله الخمر، وشاربها، وساقيها، وبائعها، ومبتاعها، وعاصرها، ومعتصرها، وحاملها، والمحمولة إليه، وآكل ثمنها
“Аллоҳ ароқни ҳам, уни ичувчини ҳам, қуйиб берувчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, сотувчини ҳам, тайёрловчини ҳам, тайёрлатувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам, пулини еювчини ҳам лаънатлади”. (Абу Довуд ва Термизий, ривояти).
«Бу ерда муҳим нарса шундаки, таъқиқ фақат маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилишга қаратилган эмас, балки таъқиқ унинг бутун иқтисодий ва ижтимоий жиҳатларини ҳам ўз ичига олади. Ислом нафақат муаммонинг аломатларини, балки инсоннинг ақлига зарар беришдан фойда олишни ўз ичига олган бутун ёвузлик занжирини йўқ қилади.
Бу икки ёндашув ўртасидаги асосий фарқ мана шунда. Ҳозирги тизимда маст қилувчи ичимликлар товар сифатида қолмоқда, унинг зарари эса маъмурий чоралар кўриш билан «юмшатилмоқда». Исломда маст қилувчи ичимликлар ёмонликларнинг онаси ҳисобланади, улардан олинадиган фойда эса ҳеч қачон уни оқлаш учун далил бўла олмайди. Шунинг учун вақтга қараб тақиқлашлар, рақамли ёрлиқлар ва профилактик шиорлар алкоголизм муаммосини ҳал қилмайди. Улар бор-йўғи манфаатлар тўқнашувини яширади холос. Капитализм тамойили давом этиб, давлатнинг ўзи расман жиноятчилик ва деградация сабаби сифатида тан олган нарсадан пул ишлашда давом этар экан, ичкилик сиёсий хато эмас, балки унинг мантиқий натижаси бўлиб қолаверди.
Шу жиҳатдан олганда, ичкилик муаммоси савдо соатлари ёки ичиш маданиятига боғлиқ муаммо эмаслиги аён бўлади. Бу қадриятлар тизимининг муаммосидир. Шунинг учун, агар тизимдаги ечимларнинг манбаи одамлар соғлиғини сақлаш ва ҳар бир зарарни гуноҳ деб билишга эмас, балки фақат фойда олишга асосланган бўлса, унда “ичкилик” деб номланган бу бало – гарчи унинг дўконлардаги савдоси маълум бир вақтлар билан чеклаб қўйилган бўлса ҳам – такрорланишда давом этаверади.
Абду Шукур




