Роя газетаси

2026 йилги Мюнхен хавфсизлик конференцияси: Вайрон бўлаётган халқаро тартиб ва янги мувозанатлар шаклланишининг оғриқли жараёни

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

2026 йилги Мюнхен хавфсизлик конференцияси: Вайрон бўлаётган халқаро тартиб ва янги мувозанатлар шаклланишининг оғриқли жараёни

2026 йил 13-15 феврал кунлари Германиянинг Мюнхен шаҳридаги «Bayerischer Hof» ва «Rosewood» меҳмонхоналарида Мюнхен хавфсизлик конференциясининг 62-сессияси бўлиб ўтди. Бу йилги конференция халқаро тартиб йўналишида муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланаётган бир паллада – низолар кучайган, анъанавий иттифоқларга бўлган ишонч емирилган ва йирик кучлар ўртасидаги рақобат кескинлашган бир шароитда ўтказилди. Хавфсизлик ва ташқи сиёсат масалаларини муҳокама қилиш бўйича жаҳондаги энг нуфузли анжуман сифатида мазкур конференция халқаро тартиб истиқболи ҳамда унинг олдидаги муаммо ва тўсиқларни кўриб чиқиш учун давлат раҳбарлари, қарор қабул қилувчилар ва экспертларни бир жойга жамлайдиган марказий платформа вазифасини бажаради. Олтмиш йилдан зиёд вақт давомида ушбу конференция халқаро тартибдаги ўзгаришларни кузатиш ва стратегик мувозанатлар йўналишини баҳолашда асосий йиллик бекатга айланди. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар етакчилари билан бир қаторда, технология ва мудофаа саноати соҳасидаги йирик компаниялар, шунингдек, тадқиқот марказлари вакиллари ва экспертлари иштирок этади.

Ушбу конференцияни кузатган киши унинг ғоят мураккаб шароитларда бўлиб ўтганига гувоҳ бўлади. Учрашувлар муҳитида иттифоқчилар ўртасидаги ишончнинг емирилиши, айрим ҳолларда эса унинг мутлақо йўқолгани яққол намоён бўлди. Шу билан бирга, Америкадаги ички бўлиниш ҳамда расмий баёнот ва мурожаатлардаги зиддиятли оҳанглар очиқ кўзга ташланди. Америка ўз иттифоқчиларига нисбатан камроқ ҳужумкор риторикани қўллашга уринган бўлса-да, кўплаб масалалар юзасидан қарашлардаги ихтилофлар вазиятни юмшатишга қаратилган уринишлардан кўра анча чуқур экани намоён бўлди. Бу эса мазкур конференцияни аввалгиларга қараганда сезиларли даражада фарқли қилди. Манзаранинг нақадар аниқ ва воқеликка мос бўлганини очиқроқ англаш учун шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қоидаларга асосланган халқаро тартибнинг емирилиши масаласи конференция кун тартибининг марказий ўрнини эгаллади. Зеро, унда халқаро муассасалар самарадорлигининг пасайиши, куч мантиғи ва таъсир доиралари ролининг ортиши, халқаро ҳуқуқ қоидаларига бўлган ишончнинг жиддий сусайиши, шунингдек, популизм ва миллатчилик кайфиятларининг кучайиши ҳамда уларнинг халқаро мажбуриятларга кўрсатаётган таъсири асосий эътибор марказида бўлди.

Конференция раиси Вольфганг Ишингер кириш нутқида мазкур аччиқ воқеликни баён қилиб, дунё мисли кўрилмаган беқарорлик босқичидан ўтаётганини ҳамда халқаро тартиб ҳақиқий «вайрон қилиш» жараёнига юз тутганини таъкидлади. У, шунингдек, жорий йилги ҳисоботнинг «Вайроналар остида» деб номланиши халқаро хавфсизлик ва давлатлараро муносабатларга таҳдид солаётган хавфли чақириқлар кўламини ифодалашини, мазкур ном эса инқироз ва хатарнинг барча маъноларини ўзида мужассам этганини қайд этди. Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам бу қарашни қўллаб-қувватлаб, халқаро тартиб қоидалари тобора емирилиб бораётганини, дунё эса давлатлар куч сиёсатига янада кўпроқ таянадиган янги босқичга қадам қўяётганини таъкидлади. Ушбу вазият фонида, Европа етакчилари, хусусан, Франция президенти Макрон ҳамда Европа Комиссияси раисаси Урсула фон дер Ляйеннинг нутқларида Европанинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш салоҳиятини кучайтириш ва мудофаа соҳасида қарор қабул қилишда мустақилликка эришишга бўлган қатъий интилиш яққол намоён бўлди. Макрон Европа хавфсизлик тизимини, жумладан, ядровий мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ҳам қамраб оладиган шаклда қайта лойиҳалашга очиқ даъват қилди. У, шунингдек, Европа энди ташқи шерикларга, ҳатто айрим ҳолларда АҚШга ҳам тўлиқ таяна олмаслигини алоҳида таъкидлади.

Америка риторикасидаги ўзгаришга тўхталадиган бўлсак, АҚШ давлат котиби Марко Рубио нутқининг оҳанги 2025 йилги конференцияда янграган чиқишга нисбатан яққол ўзгаргани кўзга ташланди. Зеро, ўша пайтда Жей Ди Вэнс Европа сиёсий элитасини Ғарб ҳазорати таназзулидан огоҳлантириб, уларни сўз эркинлигини бўғишда ҳамда оммавий миграция хавфига кўз юмишда айблаган эди. Бунинг муқобилида Рубио ўз нутқида Вашингтоннинг Европа билан руҳий, сақофий ва сиёсий жиҳатдан боғлиқ эканини таъкидлаб, «бу ҳазоратни биргаликда ҳимоя қилиш»га чақирди. Афтидан, у Вэнснинг аввалги нутқига атайлаб зид оҳанг танлаб, вазиятни юмшатишга уринган кўринади. Бироқ бу юмшоқ оҳанг Европа билан бўлган «Трампча» муомаланинг асл моҳиятини асло ўзгартирмайди. Чунки сиёсат ўзгаргани йўқ, фақат у энди нисбатан юмшоқроқ ва камроқ тажовузкор иборалар билан ифода этилмоқда. Шу боис Рубио нутқи замирида ҳамoн яширин таҳдид сақланиб қолмоқда. Унинг: «Агар Европа Дональд Трамп йўлидан борса, иттифоқ сақланиб қолади, акс ҳолда эса Европа ўзига ўзи ёрдам беришига тўғри келади», деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир. Бу ҳолатни DW тармоғи ҳам «Хавф остидаги шериклик» сарлавҳаси остида ёритиб, Рубио нутқи Атлантиканинг икки қирғоғи ўртасида Мерц таърифлаган чуқур жарликни очиб берганига ишора қилди.

Масала фақат Европа билан юзага келган ихтилофлар билан чекланиб қолмади, балки Американинг ички бўлиниши ҳам яққол кўзга ташланди. Конгресс аъзоси Александрия Окасио-Кортес Трампни Трансатлантик иттифоқни вайрон қилишда ҳамда мустабидлик даврини қарор топтиришга уринишда айблади. У, шунингдек, «The Guardian» газетаси орқали сўл қанот ташқи сиёсатининг муқобил қарашини тақдим этиб, Трамп ва Рубионинг Американи дунёдан узиб қўйишга қаратилган ҳаракатлари Путиннинг Европада ўз кучини намойиш этиши учун йўл очиб беришидан огоҳлантирди. Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом ҳам бу танқидларга қўшилиб, «Дональд Трамп муваққат шахс бўлиб, уч йилдан сўнг кетади», дея таъкидлади. Келишмовчиликлар энг долзарб халқаро масалаларни, жумладан, Ғазо мавзусини ҳам қамраб олди. Кая Каллас Трампнинг «Тинчлик кенгаши»ни танқид қилиб, уни жавобгарлик механизмига эга бўлмаган шахсий қурол сифатида баҳолади. Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес эса Трампни БМТ мандатини четлаб ўтишга, шунингдек, Фаластин маъмуриятининг асосий молиявий ҳомийси бўлган Европани жараёндан четлаштиришга уринаётганликда айблади.

Синчков кузатувчи шуни кўрадики, АҚШ билан Европа ўртасидаги зиддиятлар эндиликда шунчаки тактик характерга эга бўлмай, балки НАТО доирасидаги мажбуриятлар тақсимоти, Украина урушига нисбатан ёндашув, Россияни тийиб туришдаги устувор йўналишлар, шунингдек, савдо сиёсати ва божхона тўловлари каби масалаларни ҳам қамраб олмоқда. Трамп маъмурияти халқаро тартиб тузилиши ва қоидаларини фақат ўз манфаати йўлида шакллантиришга интилаётгани кундек равшан бўлиб қолди. Бу эса 2026 йилги Мюнхен конференциясини Европанинг стратегик қарор қабул қилишда мустақил бўлиш борасидаги кучли истагини акс эттирган ўзига хос кўзгуга айлантирди. Американинг манфаатпараст бирёқламалик сари оғиши ва халқаро муассасаларни четга суриши натижасида, халқаро тартиб ўнлаб йиллар давомида халқлар тақдири устидан ҳукмронлик қилиб келган тарихий марказий ўрнини йўқотаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Исломий Умматга келсак, АҚШ билан Европа ўртасида кутилаётган катта айрилиш, шунингдек, Американинг ички бўлиниши тарихий имкониятлар эшигини очиб бериши мумкин. Зеро, йирик кучларнинг ўзаро низолар билан банд бўлиши уларнинг минтақамизда ягона сиёсатни мажбуран ўтказиш қобилиятини заифлаштиради. Шу билан бирга, эски халқаро қоидаларнинг емирилиши сиёсий мустақиллик ва уйғониш учун кенгроқ имконият яратувчи янги мувозанатларнинг шаклланишига замин яратади. Шояд, ушбу беқарорлик ва Ғарб манфаатларининг ўзаро тўқнашуви ҳукмрон кучларни бир-бири билан овора қилиб қўйса. Айниқса, дунё янада адолатли ва мувозанатли альтернативаларни излаётган бир вақтда, биз Аллоҳдан ушбу вазиятни Исломий Уммат учун яхшилик, нусрат ва ҳукмронликка элтувчи омилга айлантиришини умид қиламиз.

Роя газетасининг 2026 йил 4 март, чоршанба кунги 589-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button