Триполи шаҳридаги «ҳиссиёт фестиваллари» деб аталган тадбирлардан мақсад ушбу шаҳарни Умматга нисбатан туйғусини йўқотган қилиб кўрсатишдир

Матбуот баёноти
Триполи шаҳридаги «ҳиссиёт фестиваллари» деб аталган тадбирлардан мақсад ушбу шаҳарни Умматга нисбатан туйғусини йўқотган қилиб кўрсатишдир
Бас, бу тадбирларни бойкот қилиб, лицензияларини бекор этинг!
Бу фестивал Умматнинг ҳиссиётлари ва дарди билан ўйнашиш ҳамда илм ва уламолар шаҳри бўлган Триполини менсимасликни англатади. Триполи ва Шимолдаги Муфтиёт қошидаги Оила парвариши қўмитаси мазкур тадбирнинг жамият учун хавфли экани ҳақида огоҳлантириб, баёнот эълон қилди. Бироқ шунга қарамасдан, фестивал тўхтатилмади. Баёнотда қуйидагилар қайд этилган: «Оила парвариши қўмитаси яқинда шаҳримизда пайдо бўлган фестиваллар, тантаналар, фильмлар ва турли ташаббусларнинг хавфидан огоҳлантиради. Уларнинг барчаси қадрият ва ахлоқни бузувчи бўлиб, санъат ва маданият шиорлари ортида бузғунчи ғояларни ўтказиш воситасига айланмоқда. Бу эса тарихан илм ва уламолар шаҳри, асл қадриятлар ҳамда умумийлик қўрғони сифатида машҳур шаҳримиз руҳига мутлақо ёт ҳолатдир. Қўмитамиз жамиятни бундай хатарлардан муҳофаза қилиш умумий ва ҳамжиҳатликда бажарилиши лозим бўлган масъулият эканини таъкидлайди. Бу масъулият аввало оила ва қариндошлардан бошланиб, тарбиячилар, ўқитувчилар ва уламолар орқали давом этади, шунингдек, фуқаролик жамияти, маҳаллий ҳокимият ва сиёсий доираларни қамраб олиб, давлат миқёсида қарор қабул қилувчи идораларга қадар етиб боради».
Баёнот тегишли идораларни, жумладан таълим ва тарбия вазирлигини, ахборот вазирлигини ва маҳаллий ҳокимиятларни мазкур иллатларга қарши ўз бурчларини адо этишга чақирди. Айниқса, маҳаллий ҳокимиятларга «одамларнинг ахлоқи ва асл маданиятига зид ҳар қандай фаолият, фестивал ёки тантанага лицензия бериш рад этилиши шарт», дея алоҳида урғу берди. Бироқ масъул идоралар ходимлари муфтиёт қошидаги оила қўмитаси баёнотини эътиборсиз қолдириб, ўз ишларини одатдагидек давом эттиришди. Улар Ғазодаги оч-наҳор мусулмонларнинг ноласи, яралари ва ёрдам чақириқларига кўз-қулоқларини маҳкам беркитиб олдилар. Ҳатто жиноятчи яҳудий вужуди Ливаннинг ўзига ҳужум қилиб, уни ҳалол қилиб олаётганига ҳам парво қилишмади. Бутун Ливан маҳаллий ҳокимиятлари, айниқса, Триполи маҳаллий ҳокимияти учун ишғол остидаги Фаластин ва Ғазодаги маҳаллий ҳокимиятлар билан биродарлик алоқаларини ўрнатиш, у ердаги биродарларимизга ёрдам ва кўмак қўлини узатиш ҳамда бу йўлда мавжуд барча имкониятларни ишга солиш биринчи даражадаги вазифа эмасмиди?! Аммо бунинг ўрнига қўшиқ ва рақслар билан овора бўлиб, гўё Триполи аҳолисининг барча эҳтиёжлари қондирилгандек, энди вақт маъносиз ўйин-кулгига келгандек ҳаракат қилмоқдалар.
Биз Триполи ва унинг аҳлига нисбатан амалга оширилаётган бундай тинимсиз сиёсий ҳаракатлар ортида қандай ёмон ниятлар ётганини яхши биламиз. Яъни мамлакатнинг энг юқори расмий доиралари шаҳар ва унинг аҳлидаги исломий қиёфани бутунлай бузиб, ўзгартиришни мақсад қилган. Депутат Нажот Салибанинг «Триполи ва бошқа ҳудудларда экстремизмга қарши режа тайёрланаётгани» ҳақидаги баёноти эса бу фикрнинг яққол далилидир.
Эй Триполи аҳли, шайхлар, имом-хатиблар, нуфузли шахслар ва барча мусулмонлар!
Бу қилмиш ва унинг оқибатларини тўхтатишда сизларнинг зиммангизга улкан масъулият тушмоқда. Минбарларингиз ва йиғилишларингиздан овозингизни баланд қилиб, мазкур фестивал ва унга ўхшаш бошқа бузуқ тадбирларни бойкот қилинг. Бироқ шундан ҳам муҳим ва улуғ вазифангиз – ягона Умматга мансублигингизни амалда исботлашдир. Ахир, Фаластин, Ливан, Сурия ва Суданда азоб-уқубат чекаётган аҳоли сиз мансуб бўлган Уммат эмасми?! Улар бугун оғир аҳволда бўлар экан, биз уларнинг яралари ва дарди устидан рақсга тушаётгандек ҳолатда қолмаяпмизми?!
Эй Триполи маҳаллий ҳокимиятидагилар! Биз сизларни доимо бу шаҳарнинг асл фарзандлари сифатида билганмиз. Шу боис сиз шаҳар ва унинг аҳли руҳи ҳамда ҳақиқий манфаатларини ифода этишингиз шарт. Аммо рақс ва қўшиқ фестиваллари бу шаҳарнинг табиати ва маънавий меросига мутлақо ётдир. Шом Триполиси эса ўзининг оғир синовларига қарамай, азалдан ҳар бир дардмандга паноҳ бўлиб келган ва ҳануз шу йўлда давом этмоқда. Шундай экан, сиз ҳам бу анъанадан чекинманг ва дарҳол мазкур фестивал лицензиясини бекор қилинг.
Биз Ливан ва бутун минтақада ҳукм сураётган ўткир секуляризм остидаги оғир вазиятни яхши англаймиз. Бироқ шу билан бирга, бу Умматда ҳануз буюк яхшилик аломатлари мавжуд эканини ҳам кўрмоқдамиз. Аммо бу яхшиликнинг ҳақиқий қиёфада мужассамланиши ва тўлиқ намоён бўлиши учун Уммат Аллоҳ Таолонинг ушбу каломида баён этилганидек бўлиши лозим:
وَلۡتَكُن مِّنكُمۡ أُمَّةٞ يَدۡعُونَ إِلَى ٱلۡخَيۡرِ وَيَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَيَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِۚ وَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ + وَلَا تَكُونُواْ كَٱلَّذِينَ تَفَرَّقُواْ وَٱخۡتَلَفُواْ مِنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَهُمُ ٱلۡبَيِّنَٰتُۚ وَأُوْلَٰٓئِكَ لَهُمۡ عَذَابٌ عَظِيمٞ
«Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қилиб, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» [Оли Имрон 104-105]
Биз сизни чақираётган иш – яхшиликка даъват этиш, маъруфга буюриб, мункардан қайтаришдир. Бу – ихтилоф ва парокандаликка йўл қолдирмайдиган ишлар устида бирлашишга чақириқдир. Эй Триполи аҳли, шайхлар, имом-хатиблар, мусулмонлар, нуфузли кишилар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари! Аллоҳ Азза ва Жалланинг изни ила сиз бу чақириққа муносиб жавоб беришга лойиқсиз. Бас, Аллоҳ билан бирга бўлинг!
وَٱللَّهُ مَعَكُمۡ وَلَن يَتِرَكُمۡ أَعۡمَٰلَكُمۡ
«Аллоҳ сиз билан бирга, У ҳаргиз қилган амалларингизнинг (савоб-мукофотини) камайтирмас» [Муҳаммад 35]
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ливан вилоятидаги матбуот бўлими