Фаластин учун икки давлат ечими найранги

Матбуот баёноти
Фаластин учун икки давлат ечими найранги
«Мўмин бир тешикдан икки марта чақтирмайди»
Ислом Умматига нидо
Ғазо ва муборак Фаластин заминида юз бераётган фожиалар Умматнинг иззати, шарафи ва қурбонликларини намоён этувчи ойнага айланди. Шу билан бирга, ушбу ойна Уммат ўзининг ҳақиқий ҳимоя қалқони бўлмиш Халифаликдан маҳрум этилганидан буён олаётган чуқур ва оғир жароҳатларни ҳам акс эттирмоқда.
Ушбу ойна мустамлакачи кучларнинг очиқ мунофиқлиги ва иккиюзламачилик меъёрларини фош этди. Шу билан бирга, уларнинг Исломга нисбатан чуқур адоватини ҳам тўлиқ намоён қилди. Бу ҳолат халқаро қонун ва ташкилотларнинг ҳақиқий башарасини очиб ташлади. Улар ожиз ва қийматсиз бўлиб, мустамлакачи кучларнинг сиёсий кун тартибига тўлиқ тобе экани яққол кўринди.
Ғазо, шунингдек, бутун исломий юртлар ҳукмдорларининг хиёнатини аянчли тарзда фош этди. Улар Фаластинни ҳимоя қилиш ўрнига мустамлакачи хўжайинлари сафида туриб, мусулмон армияларини кишанлаб қўймоқда, чегараларни очишни талаб қилаётган халқларни бостирмоқда, қирғин ва оч қолдириш жиноятларини давом эттираётган яҳудий вужудини эса қўриқлашмоқда.
Шунга қарамай, Ғазо аҳли энг оғир шароитларда ҳам матонат билан собит турди ва таслим бўлишни рад этди. Уммат эса сукут сақламай, балки Росулуллоҳ ﷺнинг
«مَثَلُ الْمُؤْمِنِينَ فِي تَوَادِّهِمْ وَتَرَاحُمِهِمْ وَتَعَاطُفِهِمْ مَثَلُ الْجَسَدِ، إِذَا اشْتَكَى مِنْهُ عُضْوٌ، تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ الْجَسَدِ بِالسَّهَرِ وَالْحُمَّى»
«Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва ҳамдардликда худди бир тана кабидирлар. Агар унинг бирор аъзоси оғриб қолса, бутун тана иситмалаб, бедор бўлиб чиқади», деган сўзларини амалда намоён этди. (Бухорий ва Муслим ривояти).
«Икки давлат ечими» деб аталган мустамлакачилик тузоғи
Яҳудий вужудини Фаластин заминига ўрнатган мустамлакачи кучлар ушбу ҳал қилувчи дамда унинг ёнида Фаластин давлатини барпо этишни «ечим» сифатида тарғиб қила бошладилар. Яқин кунларда Франция, Британия, Австралия ва бошқа бир қатор давлатлар ҳам ушбу режани қўллаб-қувватлашини очиқ эълон қилди.
Аслида шу давлатларнинг ўзи яҳудий вужудини пайдо қилди, уни қурол ва маблағ билан таъминлади ва пайдо бўлганидан бери доимий равишда ҳимоя қилиб келди. Бугун ҳам уни дипломатик қўллаб-қувватлаш орқали муҳофаза этиб, жиноятларини амалга оширишига имкон берадиган қурол-аслаҳа ва молиявий ёрдамни узлуксиз етказиб бермоқда. Шу сабабдан Уммат ҳушёр қолиши, ноумидлик ва чарчоқ тузоғига илинмаслиги лозим. Чунки бундай ҳолат уни мустамлакачи кучлар таклиф этаётган «ечим»ни қабул қилишга етаклаши мумкин. Бироқ бу «ечим» фақат вақтинчалик оғриқни енгиллатиши мумкин, холос. Зеро, яҳудий вужуди муборак заминни қўлдан чиқармасликка барча имконияти билан тиришмоқда. Росулуллоҳ ﷺ эса огоҳлантириб
«لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ وَاحِدٍ مَرَّتَيْنِ»
«Мўмин битта тешикдан икки марта чақтирмайди», деганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Бу давлатлар икки давлат ечимига фаластинликларга ғамхўрлик нуқтаи назаридан чақирмоқда, деб ишониш хавфли соддаликдир. Аслида уларнинг мақсадлари мутлақо сиёсий бўлиб, уруш жиноятларидаги ҳамкорликлари ортидан кучайиб бораётган оммавий ғазабни пасайтириш ва минтақадаги стратегик манфаатларини сақлаб қолишдан иборат. Бу эса ифлос, бузуқ ва ғайриинсоний сифатларга эга секуляр сиёсатнинг энг разил кўринишидир.
Нега икки давлат ечими ҳақиқий ечим эмас?
Икки давлат режаси Фаластинни озод этмайди, аксинча, босқинчиликни янада мустаҳкамлайди. Аслида бу режа яҳудий вужудига қонунийлик бериб, унинг мавжудлигини кафолатламоқда. Эвазига эса ҳақиқий суверенитетдан маҳрум, ожиз Фаластин маъмуриятини тақдим этмоқда. Яъни бу режа амалда мавжуд вазиятни қайта шакллантиришдан бошқа нарса эмас.
Мазкур тартиб яҳудий вужудига чегаралар, ресурслар ва одамлар ҳаракати устидан назоратни сақлаб қолиш имкониятини беради. У шу тартиб доирасида мустамлакачи кучлардан ҳарбий ва молиявий ёрдам олишда давом этади, араб давлатлари эса унинг хавфсизлигини таъминловчи посбон сифатида хизмат қилади. Шу билан бирга, бу режа мустамлакачи кучлар ва араб давлатларига қон ва жиноятларга ботган қўлларини «ювиб олиш» имкониятини ҳам беради.
Бу геосиёсий воқелик ортида икки давлат лойиҳаси яна бир хавфли мақсадга хизмат қилади. У ҳам бўлса, Уммат ичида реализм ва мағлубият маданиятини мустаҳкамлаш ҳамда авлодларни қисман ён беришларни қабул қилишга ўргатишдир. Бу эса Ислом душманларини янада кўпроқ талаб қўйишга ундайди ва Умматни озодликка олиб борадиган ягона йўлдан оғдиради.
Аниқ исломий қараш
Аллоҳ Таоло бундай деган:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَتَّخِذُواْ عَدُوِّي وَعَدُوَّكُمۡ أَوۡلِيَآءَ تُلۡقُونَ إِلَيۡهِم بِٱلۡمَوَدَّةِ وَقَدۡ كَفَرُواْ بِمَا جَآءَكُم مِّنَ ٱلۡحَقِّ يُخۡرِجُونَ ٱلرَّسُولَ وَإِيَّاكُمۡ
«Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар! Улар пайғамбарни ҳам, сизларни ҳам Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганларингиз сабабли (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқармоқдалар-ку!» [Мумтаҳана 1]
Умматнинг ҳушёрлиги давом этаётган бир пайтда биз собитқадам бўлишимиз, заифлашмаслигимиз, музокара ёки ярашув йўлига кирмаслигимиз ва азоб-уқубат муддатини узайтирувчи «реализм» қадамлари ортидан юрмаслигимиз зарур. Ҳатто одамларнинг азобини енгиллатиш учун ниятлар холис бўлган тақдирда ҳам, бу йўл қабул қилинадиган йўл ҳисобланмайди.
Аллоҳ Таоло бундай деган:
وَلَا تَلۡبِسُواْ ٱلۡحَقَّ بِٱلۡبَٰطِلِ وَتَكۡتُمُواْ ٱلۡحَقَّ وَأَنتُمۡ تَعۡلَمُونَ
«Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва билган ҳолингизда ҳақни беркитманглар» [Бақара 42]
Яна бундай деган:
وَلَا تَهِنُواْ وَلَا تَحۡزَنُواْ وَأَنتُمُ ٱلۡأَعۡلَوۡنَ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ
«(Куфрга қарши курашда) сустлашманглар ва ғамгин бўлманглар! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангиз, сиз устун бўлгувчидирсиз» [Оли Имрон 139]
Албатта, «икки давлат ечими» ботилдир. У на озодликка, на шараф ва иззатга етаклайди. Аксинча, мустамлакачи тузум соясида бўйсунишни мустаҳкамлайди. Шу боис Уммат уни қатъий равишда рад этмоғи лозим.
Бизнинг вазифамиз фақат яҳудий вужудининг зулмига қаршилик кўрсатиш билан чекланиб қолмайди. Балки бир вақтнинг ўзида, Фаластинни тўлиқ озод қилиш учун курашни ҳам ўз ичига олади. Бу эса намойиш ёки музокаралардан кўра кўпроқ чораларни, яъни мусулмон армияларини ҳаракатга келтириш ва Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифаликни барпо этишни талаб этади.
Халифалик назарий ғоя эмас, балки унинг соясида мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар омонлик, адолат ва тинчликда яшаб, амалда синаб кўрилган тузумдир. Зотан, босқинчиликка барҳам бериш, Умматни бирлаштириш ва юртларимиздан мустамлакачининг мавжудлигини йўқотишга қодир ягона тузум Халифаликдир.
«Икки давлат ечими» Умматни тинчлантириш ва сионистик лойиҳани сақлаб қолишга қаратилган тузоқ эканида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бизнинг жавобимиз эса равшан ва қатъий бўлиши, яъни бундай ботил ечимни рад этиш ҳамда ҳақиқий озодликни таъминлайдиган ягона йўлга амал қилишдан иборат бўлмоғи зарур. Бу ягона йўл Пайғамбарлик минҳожи асосида Халифаликни барпо этиш ва Умматнинг барча ресурсларини Фаластинни тўлиқ озод этиш йўлида сафарбар қилишдир.
Биз ҳақ йўлда собит қолсак ҳам, ёки муросага бўйсуниб ундан воз кечсак ҳам, тарих бизни қайд этиб боради. Аллоҳ таолодан Умматга басират, бирлик ва нусрат ато этишини сўраб қоламиз.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Америкадаги матбуот бўлими