Ямандаги Ислоҳ партияси ҳукуматда ўзини исломий деб кўрсатишга уринса-да, амалда Исломдан жуда узоқдир!

Матбуот баёноти
Ямандаги Ислоҳ партияси ҳукуматда ўзини исломий деб кўрсатишга уринса-да, амалда Исломдан жуда узоқдир!
Яман Ислоҳ партияси олий ҳайъати раиси Муҳаммад Абдуллоҳ Ядумий 2025 йил 12 сентябр, жума оқшомида партия тузилганининг 35 йиллиги муносабати билан нутқ сўзлади. 13 сентябрга тўғри келган ушбу сана муносабати билан қилинган мазкур нутқ «Суҳайл» телеканали орқали эфирга узатилди ва қирқ дақиқадан ортиқ давом этди. Унда Ядумий партиянинг маҳаллий ва халқаро масалалар борасидаги позициясини баён қилди.
Яман Ислоҳ партияси 1990 йил 13 сентябрда, яъни мамлакатнинг шимол ва жануби бирлашганидан бир неча ой ўтгач, Ҳашид қабиласи шайхларининг шайхи Абдуллоҳ ибн Ҳусайн Аҳмар раҳбарлигида тузилган. Бу ҳолат партияга йирик қабилавий ва сиёсий нуфузни таъминлади. Ислоҳ партияси 1993 йилда ўтказилган биринчи парламент сайловларида иштирок этиб, 301 ўриндан тахминан 62 та мандатни қўлга киритди. Шу йилларда партия ўлиб кетган Али Абдуллоҳ Солиҳ бошчилигидаги Умумий халқ конгресси ва Яман социалистик партияси билан давлатни бошқариш мақсадида уч томонлама иттифоқ тузган эди. Бироқ 1994 йилги ёзги уруш ва социалистик партиянинг ҳукуматдан чиқиб кетиши ортидан Ислоҳ партияси ҳукуматда Умумий халқ конгрессининг асосий ҳамкорига айланди. 1997 йилдан кейин партия мухолифат сафидан ўрин олган бўлса-да, парламент орқали ҳокимиятдаги таъсирини сақлаб қолди ва унинг кадрлари турли давлат муассасаларида юқори лавозимларни эгаллаб турди. 2011 йилга келиб эса партия янада таъсирчан кучга айланиб, аъзолари «қонунийлик» деб аталган ҳукумат таркибида муҳим вазирлик лавозимларини эгаллади. Партия раҳбари унинг «Ихвонул-муслимин» ҳаракати билан боғлиқлигини рад этганига қарамай, «Ислоҳ» партияси тузилган илк кунлариданоқ ушбу жамоанинг сиёсий ва мафкуравий йўналишини давом эттириб келмоқда. Партия ички низомига кўра, Ислом унинг сиёсий ва ижтимоий ислоҳотдаги асосий йўли сифатида белгиланган. Шу боис у аҳоли назарида ҳукуматнинг «исломий қиёфаси» сифатида кўрилади ва Ислом шиорини кўтариб чиқади. Аммо Ислом фақат шиор эмас, балки у ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олувчи мукаммал тузумдир. Бугунги кунда эса дунёда Исломни тўлиқ татбиқ этаётган ҳеч бир давлат йўқ, балки бутун олам капиталистик мафкура асосида бошқарилмоқда. Ислом шиорини кўтариб чиқаётган бу партиялар эса капиталистик мабдадан келиб чиқадиган ғояларга даъват қилмоқда. Бунга демократия, республика тузуми, мутлақ эркинлик, судхўрлик, акциядорлик компаниялари, гендер, БМТ шартномаларига амал қилиш, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилиш ҳамда ватанпарварлик каби бузуқ ва пасткаш робиталар мисол бўла олади. Шубҳасиз, Исломга зид ғояларга даъват қиладиган ҳар қандай кимса – ҳатто Ислом шиорини кўтариб чиқса ҳам – секуляр ҳисобланади. Одамлар ўз дини ва ақидасига садоқат билан боғлангани учун бундай кимсалар халқни ўз атрофига тўплаш мақсадида Исломни фақат шиор сифатида қўллаб келмоқда.
Ядумийнинг нутқи шунчалик секуляр ғояларга тўла ва Исломдан узоқки, буни англаш учун тафаккур ва чуқур мулоҳаза талаб этилмайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Исломни шариат, ҳаёт тарзи, дин ва давлат сифатида мукаммал тарзда нозил қилган. Бу кимса эса ўз партиясини «ватанимизнинг демократик қурилиш манораларидан бири» деб таърифлаб, нутқи давомида «ватан» ва «ватанпарварлик» сўзларини қайта-қайта тилга олди. Шунингдек, республика ҳокимияти, республика тузумининг ютуқлари ҳамда БМТга мурожаат қилиш каби масалаларни ҳам алоҳида таъкидлади. Шу сабабли биз айрим ҳақиқатларни очиқ баён этишни ўз вазифамиз деб билдик, токи халқ ҳақиқий манзарани англаб, Ислом билан капиталистик мафкура ва ундан келиб чиққан тушунчалар ўртасидаги аниқ фарқни кўра олсин.
Капитализм динни ҳаётдан ажратиш асосига қурилган. Бу фикр унинг ақидаси, мафкураси ва фикрий пойдеворидир. Ушбу фикрий пойдеворга биноан инсон ҳаётда тузумни ўзи тузиши лозим ва унинг эркинликлари, яъни ақида эркинлиги, фикр эркинлиги, мулк эркинлиги ва шахс эркинлиги муҳофаза қилиниши керак. Мулк эркинлигидан капиталистик иқтисод тузуми келиб чиққан. Ушбу мабданинг ақидасидан келиб чиқадиган ва унинг кўзга яққол ташланадиган табиати мана шу сармоядорликдир. «Бирор нарсага исм қўйишда унинг энг кўзга кўриниб турган табиати билан номлаш» қабилида бу мабда капитализм, яъни сармоядорлик деб аталган. Бу мабданинг пайдо бўлишидаги асосий сабаб шундан иборат эдики, Европа ва Россиядаги император ва подшоҳлар халқларни ўз фойдаларига ишлатиш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш ва қонини сўриш учун динни қурол қилиб олган, диний арбобларни эса бу мақсадга эришиш учун восита қилиб олган эдилар. Бундан эса даҳшатли тўқнашувлар вужудга келиб, бу тўқнашувлар асносида файласуф ва мутафаккирлар оёққа турди. Уларнинг ичида динни мутлақо инкор қиладиган тоифалар ҳам, динни эътироф қилса-да, лекин уни ҳаётдан ажратишга чақирадиган тоифалар ҳам бор эди. Пировард натижада аксарият файласуф ва мутафаккирлар битта фикрга – «Динни ҳаётдан ажратиш керак», деган фикрга келиб тўхтадилар. Бунинг натижасида, табиийки, «Динни давлатдан ажратиш керак», деган фикр ҳам вужудга келди. Шундай экан, наҳотки Ислом номукаммал бўлиб, уни ташлаб, унинг ўрнига капитализмни қабул қилиш лозим бўлса?! Уларнинг қилаётган бу ишлари нақадар ёмон!
Бу мабдадаги демократия «Тузумни инсоннинг ўзи тузиши керак», деган нуқтаи назардан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам халқ ҳокимиятлар манбаидир, у тузум-қонунларни ўзи тузади, ўзини бошқариши учун ҳукмдорни ишга олади ва хоҳлаган вақтда ҳокимиятни ундан тортиб олади. Ҳукмдорга халқ ўзи хоҳлаган тузумни белгилаб беради. Чунки ҳокимият халқ билан ҳукмдор ўртасидаги ёллаш битимидир. Бу ерда шарт шуки, халқ ҳукмдорга ўзи хоҳлаган тузумни белгилаб беради ҳамда ҳукмдор ўша тузум ёрдамида халқни бошқаради. Шу тариқа суверенитет (қонун ишлаб чиқиш ҳуқуқи) ва ҳокимият тўлиқ халққа ўтказилиб, у давлатдаги барча ҳокимиятнинг, жумладан конституция ва қонунларни қабул қилиш ваколатига эга қонунчилик ҳокимиятининг ягона манбаи сифатида белгиланди. Бироқ Исломда қонун чиқаришнинг ягона манбаи фақат ваҳийдир. Барча конституция ва қонунлар мутлақо ваҳий матнларидан олинади ва бу иш шаръий тушуниш асосида фақат мужтаҳидлар томонидан амалга оширилади. Секуляр қонун чиқарувчиларнинг бу жараёнда мутлақо ўрни йўқ. Шу сабабли Ислом суверенитетни халқ ихтиёрига эмас, балки шаръий ҳукмларга тегишли деб белгилаган. Ислом билан демократия ўртасидаги очиқ-ойдин зиддият ҳам айнан шу ерда намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан, сиёсатчи асло демократ бўлолмайди. Агар у демократ бўлишни танласа, демак у Исломни инкор этиши ва ваҳий матнларига – Аллоҳнинг аҳкомларини устун қўйишни буюриб, ундан бошқасини рад этадиган оятларга – исён қилишига тўғри келади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَمَن لَّمۡ يَحۡكُم بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡكَٰفِرُونَ
«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» [Моида 44]
Улар даъво қилаётган ватанпарварлик робитасига келсак, бу робита инсонда мавжуд бўлгани каби, ҳайвон ва паррандаларда ҳам мавжуд. У бегоналар ҳужум ёки босқин йўли билан шахс, замин ва ватанга тажовуз қилган пайтда намоён бўлади. Аммо хавф бартараф этилгандан сўнг ўз таъсирини йўқотади. Шу сабабли айтиш мумкинки, бундай робита инсон фарзандларини ўзаро боғлайдиган робита бўлишга ярамайди. Чунки у паст даражали, эҳтиросга асосланган ва вақтинчалик туйғудан бошқа нарса эмас. Ватанпарварлик робитаси секуляр тузум билан бошқарилувчи ва Сайкс-Пико келишуви орқали сунъий равишда чизилган географик чегараларни муқаддаслаштирувчи миллий давлатга садоқат кўрсатишга асосланган робитадир. Маълумки, айнан шу Сайкс-Пико келишуви мусулмон юртларини майда ва заиф давлатларга бўлиб ташлади. Шу билан бирга, кечагина ягона Уммат фарзандлари бўлган, илдизи чуқур тарихга бориб тақаладиган мусулмонлар орасида адоват ва нафрат уйғотиш ҳамда ихтилофларни оқлаш учун турли хил сохта ўзликлар яратилди. Ватанпарварлик Ислом Уммати учун шаръий мезон эмас. Чунки ҳақиқий ва мутлақ содиқлик фақат Аллоҳга бўлиши лозим. Бугунги маънодаги «ватанга садоқат» шиори золим ҳукуматлар ва секуляр тузумларга итоатни оқлаш, шунингдек, қўғирчоқ давлатчаларни сақлаб қолиш йўлида баҳона сифатида қўлланмоқда. Ҳолбуки, Ислом мусулмонлар учун биттадан ортиқ ҳукмдорнинг бўлишини ҳаром қилган ва иккинчи ҳукмдор-халифа пайдо бўлса, уни ағдаришни буюрган. Чунки мусулмонлар учун бир имомнинг ҳукмронлиги фарз қилинган. Ватанпарварлик ғояси эса мусулмон юртларининг парчаланиб, бир-биридан ажралган ҳолда «мустақил» деб тан олинишини мустаҳкамлади. Оқибатда, Аллоҳ таоло ягона ва бир бўлишини фарз қилган Исломий Уммат парчаланиб, душманлари олдида заифлашди. Шундай қилиб, ватанпарварлик жирканч бир қуролга айланиб, кофир мустамлакачиларга юртларни эгаллаб олиш ҳамда халқнинг қонини сўриб, бойликларини талон-торож қилиш имконини берди. Аллоҳ Таоло айтади:
أَلَمۡ تَرَ إِلَى ٱلَّذِينَ يَزۡعُمُونَ أَنَّهُمۡ ءَامَنُواْ بِمَآ أُنزِلَ إِلَيۡكَ وَمَآ أُنزِلَ مِن قَبۡلِكَ يُرِيدُونَ أَن يَتَحَاكَمُوٓاْ إِلَى ٱلطَّٰغُوتِ وَقَدۡ أُمِرُوٓاْ أَن يَكۡفُرُواْ بِهِۦۖ وَيُرِيدُ ٱلشَّيۡطَٰنُ أَن يُضِلَّهُمۡ ضَلَٰلَۢا بَعِيدٗا
«(Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди» [Нисо 60]
Яна бундай деган:
إِنَّ هَٰذِهِۦٓ أُمَّتُكُمۡ أُمَّةٗ وَٰحِدَةٗ وَأَنَا۠ رَبُّكُمۡ فَٱعۡبُدُونِ
«(Эй инсонлар), сизларнинг умматингиз ҳақиқатда бир умматдир. Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!» [Анбиё 92]
«Халқаро қонун» деб аталадиган тизимга келсак, у Ислом давлатига қарши ҳаракатлар жараёнида пайдо бўлган. Ўша даврда Ислом давлати Усмоний Халифалик шаклида мавжуд бўлиб, жиҳод эълон қилиш орқали Европага юриш қилган, юртларни бирма-бир фатҳ этган ва халқларни подшоҳлар золимлиги ҳамда черков руҳонийлари тажовузидан қутқариш учун Ислом рисоласини етказган эди. Усмоний қўшинлари ҳатто Вена деворларигача етиб борган. Бу ҳаракатлар салибчи подшоҳлар ва феодал амалдорларни ўз ҳукмронликлари учун қўрқув ва ваҳимага солди. Мана шундай шароитда шаклланган «халқаро қонун» бугунги кунда тарихи қора саҳифаларга тўла БМТ томонидан ҳимоя қилиниб, мустамлакачилар режаларига хизмат қилмоқда. БМТ Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, 1945 йилда Америка ташаббуси билан Сан-Франциско конференциясида қабул қилинган хартия асосида ташкил этилди. Маълумки, XVI асрда Европада Ислом хавфига қарши туриш мақсадида «Халқаро Мажмуа» тузилган бўлиб, кейинчалик унга «Миллатлар Лигаси» ворислик қилди, сўнг эса бу Лига ўрнини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эгаллади. Шу тариқа БМТ, айниқса Хавфсизлик Кенгаши орқали, бугун Америка учун хусусан Ислом ва мусулмонларга, умуман эса бутун дунёга қарши мустамлакачилик режалари ва лойиҳаларига хизмат қиладиган қуролга айланди. Шунга қарамасдан, баъзилар ҳануз унга илтимос қилиб мурожаат этишда, унинг соясидан паноҳ излашда ва бошқарувни унинг вакилларига топширишда давом этмоқда. Наҳотки, булар ақл юритмасалар-а?!
Хулоса қилиб айтганда, Ислом бандалар манфаатларини ҳақ ва адолат асосида ҳал этиш учун нозил қилинган, бутун инсоният учун татигулик мукаммал дин ва тузумдир. У ваҳий орқали туширилган мукаммал ва тўлиқ тизим бўлиб, унда на нуқсон ва на заифлик мавжуд. Шундай экан, Аллоҳ Таоло
ٱلۡيَوۡمَ أَكۡمَلۡتُ لَكُمۡ دِينَكُمۡ وَأَتۡمَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ نِعۡمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ ٱلۡإِسۡلَٰمَ دِينٗاۚ
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» [Моида 3]
деб марҳамат қилган экан, бутун инсоният учун нозил этилган улкан жаҳон тизими ва мукаммал самовий дин ҳақида бирор киши, қолаверса мусулмон, унинг бошқарув тизими йўқ, деб қандай тасаввур қила олади?! Қандай қилиб одамлар тузган бирор низом унинг ўрнини босиши мумкин?! Ахир, бу Ислом дини ва унинг тузумини нуқсонда айблаш, бинобарин, Аллоҳ Таолонинг
ٱلۡيَوۡمَ أَكۡمَلۡتُ لَكُمۡ دِينَكُمۡ
(Бугун сизларга динингизни комил қилдим), деган оятини ёлғонга чиқариш эмасми?! Мукаммал ва тўлиқ низомда ҳеч қандай нуқсон йўқки, уни бошқа дин ёки тузумлар билан тузатиш зарур бўлса. Шунинг учун мусулмонлар фақат Ислом тузуми бўлмиш Халифалик билан чекланиб, ундан бошқа барча тузумларни рад этишлари шарт.
Эй Яман аҳли!
Ҳизб ут-Таҳрир номидан сизни ва барча мусулмонларни чин дилдан, холис даъват қиламиз: БМТ қонунлари ҳамда Ғарб тушунчаларига асосланган фаолиятни тарғиб этувчилардан, жумладан демократия, секуляризм ва республика тузуми каби ғоялардан узоқлашинг. Шу билан бирга, динга зид тоифачилик ва мазҳабпарастлик оловини ёқаётганларга қарши туринг. Исломни тўлиқ, мустаҳкам ва мукаммал тарзда татбиқ этиш, исломий ўзлигимизни асраб-авайлаш ва Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик доирасида исломий бошқарув тизимини қайта тиклаш йўлидаги фаолиятда иштирок этиш учун биз билан бирга ҳаракат қилинг. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱسۡتَجِيبُواْ لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمۡ لِمَا يُحۡيِيكُمۡ
«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Росули сизни абадий ҳаёт берадиган нарсага даъват қилар экан, уни қабул қилинглар» [Анфол 24]
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Яман вилоятидаги матбуот бўлими