Ғазодаги ногирон болалар уруш қурбонлари орасида энг кўп азият чекаётган қатламдир

Матбуот баёноти
Ғазодаги ногирон болалар уруш қурбонлари орасида энг кўп азият чекаётган қатламдир
2023 йил 7 октябрдан бери давом этаётган фожиавий уруш Ғазодаги ҳаётнинг барча жабҳаларига – одамларга, дов-дарахтларга, инфратузилма ва ресурсларга, айниқса аёллар ва болаларга ҳалокатли зарба берди. Бу муборак заминда ўлим ва вайронагарчилик етмаган бирорта жой қолмади. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозиргача 63 мингдан ортиқ инсон шаҳид бўлган, 160 мингга яқин киши яраланган, юз минглаб одамлар эса ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Натижада озиқ-овқат, дори-дармон ва ичимлик суви кескин танқислигини ўз ичига олган ўта оғир гуманитар инқироз юзага келди.
БМТнинг Ғазо бўйича комиссияси яқинда эълон қилган маълумотга кўра, 2023 йил 7 октябрдан жорий йил 21 августгача 157 минг 114 киши жароҳат олган бўлиб, уларнинг 25 фоизи умрбод ногиронлик хавфи остида қолмоқда. Уруш бошланганидан буён ўтган икки йил давомида тахминан 40 минг 500 бола уруш билан боғлиқ жароҳатларга дучор бўлган ва уларнинг ярмидан кўпроғи ногиронликдан азият чекмоқда. Натижада, Ғазода камида 21 мингдан ортиқ бола ногиронлар қаторига қўшилди.
Комиссия маълумотларига кўра, эшитиш ёки кўришда муаммоси бор инсонлар кўп ҳолларда босқинчи кучлар берган эвакуация буйруқларидан бехабар қолган. Бу эса улар учун кўчиш масаласини мутлақо имконсиз қилиб қўйган. Шунингдек, эвакуация буйруқларидан хабардор бўлмаган ҳолда шаҳид бўлганлар ҳам аниқланган. Уларнинг бир қисми хавфсизлиги таъминланмаган ва қадр-қимматини сақламайдиган шароитларда қочишга мажбур этилган. Масалан, қум ёки лой ичида эмаклаб ҳаракатланишга, йўлда эса ҳеч қандай ёрдамсиз қолишга мажбур бўлган ҳолатлар қайд этилган. Бундан ташқари, улар инсонпарварлик ёрдамларидаги катта узилишларга дуч келмоқда. Бу ҳолат кўплаб одамларни озиқ-овқат, тоза ичимлик суви ва санитариядан маҳрум этиб, тирик қолиш учун бошқалар ёрдамига муҳтож қилиб қўймоқда. Айниқса, улар бу ёрдамларга мустақил етиб бориш имкониятидан маҳрум бўлиб қолган.
Ногиронлар умумий ҳисобида болаларнинг нисбати анча юқори. Улар давом этаётган қирғинбарот урушда босқинчи кучларнинг асосий нишонига айланган. Ҳар бир ҳаво ҳужуми камида бир боланинг оёғи кесилишига, умрбод фалаж бўлиб қолишига ёки қиёфасини ўзгартириб, умрбод из қолдирадиган майибликка сабаб бўлмоқда. Бу эса уни бир лаҳзада бутун келажагидан маҳрум этиш эҳтимолини юзага келтиради. Шунингдек, қочқинлар лагерлари ва бошпана марказларида болалар тиббий хизматни, ёрдамчи воситаларни ва ҳатто етарли озиқ-овқатни ҳам топа олмаяпти. Касалхоналарнинг кўпчилиги вайрон қилиниши, дори-дармон ҳамда тиббий ускуналар танқислиги сабабли тиббий эътиборсизликка энг кўп ногирон болалар дуч келмоқда. Уларнинг кўпчилиги мунтазам физиотерапия сеансларига, доимий дори-дармонларга ва сунъий аъзоларга муҳтож. Аммо тиббий хизматнинг деярли тўхташи бу заруратларни етиб бўлмас орзуга айлантирди. Руҳий жиҳатдан эса ногирон болалар ҳаво ҳужумларидан қўрқиш, очлик ва умидсизлик орасида тинмай азият чекмоқда. Шу боис уларнинг кундалик ҳаёти узлуксиз азоб-уқубат занжирига айланди.
Бунинг барчаси бутун дунё, жумладан, ўзини инсонпарвар ва ҳуқуқ ҳимоячиси деб даъво қилаётган халқаро ташкилотлар ҳамда жамиятлар эшитиб-кўриб турган бир пайтда содир бўлмоқда. Аммо бу ташкилотларнинг амалий ҳаракатлари фақат сохта норозилик билдириш, ҳисобот тақдим этиш ёки очликдан қутқаришга ҳам етарли бўлмаган оз миқдорда ёрдам кўрсатишга уриниш билан чекланмоқда.
Мусулмон ўлкалардаги ҳукмдорларга келсак, айниқса улар ўз курсилари ва тахтларини Ғазодаги мусулмонларнинг жасадлари, қонлари ва азоблари ҳисобидан сақлаб қолиш билан банд. Зотан, улар Росулуллоҳ ﷺнинг қуйидаги огоҳлантиришидан бутунлай ғафлатда ва мутлақо бефарқдирлар:
«مَا مِنْ امْرِئٍ يَخْذُلُ امْرَأً مُسْلِمًا فِي مَوْضِعٍ تُنْتَهَكُ فِيهِ حُرْمَتُهُ وَيُنْتَقَصُ فِيهِ مِنْ عِرْضِهِ إِلَّا خَذَلَهُ اللَّهُ فِي مَوْطِنٍ يُحِبُّ فِيهِ نُصْرَتَهُ، وَمَا مِنْ امْرِئٍ يَنْصُرُ مُسْلِمًا فِي مَوْضِعٍ يُنْتَقَصُ فِيهِ مِنْ عِرْضِهِ وَيُنْتَهَكُ فِيهِ مِنْ حُرْمَتِهِ إِلَّا نَصَرَهُ اللَّهُ فِي مَوْطِنٍ يُحِبُّ نُصْرَتَهُ»
«Қайси бир мусулмон бошқа бир мусулмонга ҳуқуқи поймол қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ёрдам бермаса, унинг ўзи ҳам Аллоҳнинг ёрдамига муҳтож бўлган жойда, Аллоҳ ҳам уни ёрдамсиз қўяди. Қайси бир мусулмон бошқа бир мусулмонга ҳуқуқи поймол қилинаётган ва обрўси тўкилаётган жойда ёрдам берса, унинг ўзи ҳам Аллоҳнинг ёрдамига муҳтож бўлган жойда, Аллоҳ ҳам унга ёрдам беради».
Албатта, Аллоҳнинг изни билан, яҳудий босқинчилари ва уларга кўз юмиб турган золим ҳукмдорлардан қасос олиш куни яқиндир.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг марказий матбуот бўлими аёллар қаноти