Даҳшатли оғир жиноятлар ва уларнинг Исломдаги ечими

Даҳшатли оғир жиноятлар ва уларнинг Исломдаги ечими
Иссиқкўлда 17 ёшли қизнинг ўлдирилишида гумон қилинган шахснинг яна еттита оғир жиноятга алоқадорлиги айтилмоқда. Бу ҳақда ЭлТР телеканали ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўтказган текшируви чоғида маълум қилинди. Тергов маълумотларига кўра, мазкур фуқаро 2011 йилдан буён икки нафар қизни зўрлаш ва яна тўрт нафар қизни зўрлаб ўлдиришда айбланмоқда.
Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, Қирғизистонда қотиллик ва зўрлашлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Яқиндагина Оқ-Ўрдо қишлоғида икки кишининг ўз уйида ўлдирилиши жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди ва фуқароларнинг хавфсизлиги ҳимояланмаганини намоён қилди. Айтиб ўтиш жоизки, ҳукумат ҳам бундай даҳшатли воқеалардан жамоатчилик фикрини назорат қилиш усули сифатида фойдаланмоқда.
Аслини олганда, бундай жиноятларнинг кўпайиши, шубҳасиз, қирғиз жамиятига тиқиштирилган демократик қонунлар ва қадриятларга боғлиқдир. Зеро, капиталистик тузумда фуқаролар хавфсизлиги таъминланмаган, шунингдек жазолар ҳам жиноятларнинг олдини олишга қаратилмаган. Буни БМТ эълон қилган расмий ҳисоботда келтирилган маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Унда айтилишича, бир йил ичида қасддан ўлдирилганлар сони 458 минг кишига етган. Бу эса, ер юзидаги жанг бўлаётган ҳудудларда ҳалок бўлганлар сонидан беш баравар кўпдир. Мисол учун, 78 ёшли америкалик Сэмюэл Литтл 35 йил ичида 90 кишини ўлдирганини тан олган.
Халқаро тадқиқотлар шуни кўрсатадики, дунёдаги аёлларнинг қарийб 35 фоизи жинсий ва бошқа зўравонлик турларига дучор бўлган. Бу рақам жинсий зўравонлик статистикасини ўз ичига олмайди.
Бунинг муқобилида, Исломда бегуноҳ одамни ўлдириш энг катта жиноят саналиб, унга оғир жазо белгиланган. Қасддан одам ўлдирган жиноятчининг жазоси – агар ўлдирилганнинг яқинлари кечирмаса – қасосдир, яъни у ҳам ўлдирилади. Агар кечирсалар, қотил марҳумнинг яқинларига фидя тўлайди. Агар ундан ҳам кечишса, тўланмаслиги ҳам мумкин. Бинобарин, юқорида тилга олинган бегуноҳ одамларни ўлдиришга уринган ва ўлдирган шахслар ҳакам томонидан айбдор деб топилса, уларга ҳеч қачон бошқа одамни ўлдириш имконияти берилмайди.
Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй мўминлар) сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос олиш фарз қилинди… Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар”. [2:178-179]
Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
“Ўлдирилган одамнинг валиси икки нарсадан афзалроғини олишга ҳақли: хун ҳақи ёки қотилнинг ўлдирилиши”.
Қолаверса, зўравонлик ҳозирги Ислом жамиятида жуда кенг тарқалган ҳодисадир. Айниқса, бизнинг номусимиз ҳисобланган аёлларга нисбатан зўравонлик қабул қилиб бўлмайдиган жиноятдир.
Шунингдек, эркаклар ўз қарамоғидаги маҳрам аёлларни ҳар томонлама ҳимоя қилишлари, уларни ёлғиз сафарга чиқармасликлари вожиб. Айниқса, бугунги фасод капитализм даврида қизларимизни ҳар хил жиноий зўравонликлардан ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келган ишни қилишимиз лозим.
Мумтоз Мавароуннаҳрий




