Махсус хизматлар жамоатчилик эътиборини қандай қилиб ўзларидан чалғитади?

Махсус хизматлар жамоатчилик эътиборини қандай қилиб ўзларидан чалғитади?
Қирғизистон парламентининг ҳақ-ҳуқуқни тартибга солиш, қонунбузарликларни олдини олиш ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси Жиноят кодексининг қийноқлар бўйича 37-моддасига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди ва биринчи ўқишдаёқ маъқуллади. Ўзгартиришлар киритиш ташаббуси Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси тарафидан олға сурилган эди. Ўзгартиришлар қийноқ қўллаган шахсларга нисбатан жазо доирасини кенгайтиришни ўз ичига олади. Бунга давлат хизматчиларидан ташқари, мансабдор шахслар – ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, қўриқчилар ва тарбиячилар киради. Бошқача қилиб айтганда, бошқалар устидан масъулиятга эга бўлган барча одамлар жавобгарликка тортилиши мумкин.
Бир қарашда бу лойиҳа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва халқаро мажбуриятларни бажариш сари ташланган қадамдек туюлади. Бироқ масалани чуқурроқ ўргансак, бу ҳаракатлар аслида қийноқларга қарши кураш эмас, балки ҳуқуқий ислоҳотларга тақлид қилишга қаратилгани аён бўлади. Бу шунчаки жамоатчилик эътиборини тизимли коррупция ва махсус хизматлар томонидан содир этилаётган жиноятлардан чалғитишга уринишдир. Ушбу ўзгариш ташаббусини кўтариб чиқаётган Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг ўзи зўравонлик, қийноқлар ва мажбурлаш усуллари билан машҳурдир. Улар бу усуллардан фойдаланиб, айбсиз одамларнинг бўйнига қилмаган жиноятларини юклаб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлса-да, улар яна эътибордан четда қолмоқда.
Гарчи бу ўзгаришлар жавобгарликни кенгайтираётгандек таассурот уйғотса-да, аслида жамоатчилик ва ҳуқуқ ҳимоячилари эътиборини қуйи босқичдаги иш бажарувчиларга буриб қўяди. Мактаб-интернатлар тарбиячилари ёки психиатрия муассасаларидаги ҳамширалар жиноий жавобгарликка тортилар экан, қийноқларнинг ҳақиқий ташкилотчилари, яъни ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари тизимнинг махфийлиги ва юқоридан келаётган сиёсий дастак ёрдамида, жазоланмай қолаверади.
Ўзгартириш ташаббускорлари аргумент сифатида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ва Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказининг ҳисоботларини келтирмоқда. Ваҳолангки, БМТнинг мунтазам тавсиялари биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатларига тегишлидир. Аниқроғи, улар устида жамоатчилик назоратининг йўқлиги ҳамда уларни жавобгарликка тортиш механизмларининг ишламаслигига тегишлидир.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳолатни ўзгартириш ўрнига ўзларига алоқаси йўқ, ноаниқ ташаббусларни таклиф қилмоқда. Бу ҳаракатлар воқеликни хиралаштириб, фақат “ҳуқуқий ташаббус” кўринишини пайдо қиляпти холос. Бироқ, айни пайтда ҳақиқий зўравонлик тизими ўзгаришсиз қолмоқда.
Мамлакатда ҳокимият алмашганидан буён махсус хизматлар ўз мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Зўравонлик ва қўрқитишга асосланган усуллар аввалгига қараганда тизимли ва очиқ тус олди. Илгари бу ҳаракатлар уюшган жиноятчиликка қарши кураш шиори остида яшириб қилинган бўлса, эндиликда коррупцияга қарши кураш асосий баҳонага айланди. Бироқ, амалда бу усуллар кўпинча бизнесларни тақсимлашда, рақобатчиларни йўқ қилишда ҳамда диний жамоалар ва мафкуравий рақибларга қарши курашда қўлланилмоқда. Тартиб ўрнатиш баҳонасида мустабид тузум шаклланмоқда. Бунда ҳукуматнинг манфаатларига зид бўлган ҳар қандай норозилик давлат учун таҳдид сифатида қабул қилинади.
Масаланинг энг хавфли жиҳати шундаки, буларнинг барчаси хорижий мустамлакачиларга қарамлик кучайган шароитда юз бермоқда. Чунки мустамлакачилар учун тинчлик ва бошқарув қулайлиги асосий тамойиллардан биридир. Хавфсизлик кучлари ислоҳот ниқоби остида қўрқитиш, босим ва назорат воситаларини шакллантириб, марказлашган ҳукуматдан манфаатдор тарафларнинг талабларини бажармоқда.
Буларнинг барчасини жамият манфаати учун деб ҳисоблаш катта хатодир.
Давлат мулозимлари халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлик кучларини жавобгарликка тортиш бўйича жиддий қадамлар ташлаш ўрнига, репрессив аппаратни кучайтиришга яширинча ёрдам бермоқда. Қийноқларга нисбатан бундай кўзқараш ҳақиқий жиноятларни ўз ичига олишдан кўра, ҳукуматнинг манфаатига хизмат қилмоқда.
Ҳужжат Жамия