Муҳожирликда юрган қирғиз аёлларнинг сони ортиб бормоқда

Муҳожирликда юрган қирғиз аёлларнинг сони ортиб бормоқда
Чет ўлкаларда муҳожирликда юрган қирғиз аёлларнинг сони ҳар йили ортиб бормоқда. Бу ҳақида Халқаро миграция ташкилоти маълум қилди. Тадқиқотларга кўра, 2024 йилда мамлакат ташқарисида юрган 540 минг муҳожирнинг 55 фоизи аёллардан иборат бўлган. Сўнгги ўн йилликда Қирғизистондан чет ўлкаларга кетган муҳожирлар сони 16 фоизга камайганига қарамай, улар орасида аёллар сони кўпайиб бормоқда. Мазкур ташкилотнинг маълумотларига кўра, фирибгарлик, меҳнат ва жинсий эксплуатация муҳожирликда юрган аёлларнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.
Мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият ва нархларнинг доимий равишда ошиб бориши одамларни чет элга бориб ишлашга мажбур қилмоқда. Шунинг учун, илгари асосан эркаклар муҳожирликда юрган бўлса, бугунги кунда муҳожирларнинг кўпчилигини аёллар ташкил эта бошлади.
Аёлларнинг муҳожирликда сарсон бўлиб юришининг асосий сабаби мамлакатда иқтисодий шароитларнинг оғирлашиб бораётганидир. Оилани боқиш, болаларни ўқитиш ва уй-жойга эга бўлиш долзарб масалалигича қолмоқда. Баъзи ҳолларда, оилани боқиш учун ҳатто иккита ишда ишлайдиганлар ҳам бор. Бу иқтисодий қийинчилик аёллар муҳожирлигининг бир омили бўлса-да, жамиятда аёлларга бўлган кўзқараш яна бир омил ҳисобланади. Бошқача айтганда, жамиятда аёлларга бўлган кўзқараш ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда аёллар аёллик вазифаларидан ташқари эркаклар каби ишлаши ва пул топиши керак, деган кўзқараш ривожланиб бормоқда. Шунинг учун, аёлларга туғиш ва болаларни тарбиялаш каби қийин вазифалардан ташқари, ишлаш ва пул топиш вазифаси ҳам юклатилмоқда.
Капиталистик мафкура аёлларга фойда манбаи деб қарагани учун, улар шунчаки мато сифатида кўрилиб, аёл сифатидаги ҳурмати ва қадр-қиммати йўқолиб бормоқда. Албатта, капиталистларга доимо арзон ишчилар керак, улар аёлларнинг аёллигини эътиборга олишмайди. Шунинг учун, “аёллар эркинлиги” ва “озодлик” каби сохта шиорлар остида аёлларни уйларидан олиб чиқиб, эркаклар билан тенг ҳуқуқли қуллар каби эксплуатация қилишга интилишади. Шу тарзда, заиф, нозик аёллар капитализм “қамчиси” остида эзилиб, турли азоб-уқубатларга дучор бўлмоқда. Бу жуда катта фалокатдир. Чунки, аёл оиланинг асоси бўлганлиги сабабли, бундай ҳолат жамиятга салбий таъсир кўрсатиши табиий.
Шунинг учун, капитализмда аёл ҳеч қачон бахтли бўлмайди ва ҳеч қандай шарафга сазовор бўлмайди, аксинча фақат зулм кўради. Чунки капитализмда аёл шунчаки иқтисодий мато ҳисобланади.
Бундан фарқли ўлароқ, Ислом аёлга она, уй бекаси ва ҳимоя қилиниши вожиб бўлган номус деб қарайди. Ислом эркакка аёлларга – хоҳ у онаси бўлсин, хоҳ хотини бўлсин, хоҳ опа-синглиси ёки қизи бўлсин – ғамхўрлик қилишни буюради. Қандай вазиятда бўлишидан қатъи назар, эркаклар ушбу бурчни бажариши ва аёлларни ҳимоя қилиши вожибдир. Шундагина аёллар ўзларининг асл мавқеига кўтарилиб, ҳурмат ва иззатда ҳаёт кечирадилар.
Ҳорун Абдулҳақ




