Турмадаги кутубхона ва мафкуравий босим

Турмадаги кутубхона ва мафкуравий босим
Ўзбекистонда маҳкумларнинг жазо муддатини қисқартириш имкониятини берадиган янги қонун қабул қилинди. Мазкур қонунга кўра, давлат томонидан тузилган рўйхатдаги китоблардан бирини ўқиган маҳкум қамоқ муддатини уч кунга қисқартириш имкониятига эга бўлади. Йилига кўпи билан 30 кун қисқартиришга рухсат берилади.
Мазкур қонун расман жазони ижро этиш тизимини инсонпарварлаштириш ҳамда маҳкумларнинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш йўлидаги қадам сифатида тақдим этилмоқда. Бироқ, бу таклиф юзаки қараганда, инсоний қадриятларга қаратилгандек кўринса-да, аслида бу ташаббус ортида давлат сиёсатининг “мафкуравий ҳарактери” яширин эканлигини пайқаш қийин эмас.
Жазо муддатини қисқартириш имкониятини берадиган адабиётларни Республика Маънавият ва маърифат маркази белгилайди. Бу эса, китоблар давлат сиёсатга мос келиши ва давлат аппарати тушунчасига кўра, “тўғри ахлоқий қадриятлар”ни шакллантириши кераклигини англатади. Аниқроғи, ҳозирги сиёсий ёки мафкуравий йўналишга тўғри келадиган ғояларни ўз ичига олмайдиган асарлар асло яқинлаштирилмайди. Шундай услублар орқали давлат ахлоқий фильтр ролини ўз зиммасига олиб, маҳкумларга ва улар билан бир қаторда бутун жамиятга, маънавият сифатида нимани қабул қилиши кераклигини белгилаб бермоқчи бўляпти.
Ушбу ташаббусни юридик амалиётнинг бошқа жиҳатлари билан солиштирганда кўзланган мақсад аниқ бўлади. Ўзбекистонда диний, хусусан Исломий китобларни ўқиш ва тарқатиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон ҳукумати экстремистик деб топилган китоблар учун қаттиқ жиноий қонунлар қабул қилди. Ушбу қонунларга кўра, бундай китобларни ёнида олиб юрган одамлар озодликдан маҳрум этилади. Хавф туғдирмайдиган ва аҳоли орасида кенг тарқалган диний ишлари сабабли ушбу қонунлар қурбонига айланган фуқаролар ҳам кўплаб топилади. Халқ орасида кенг тарқалган китоблар ҳам, давлат экспертизасидан ўтмагани учун ёки ҳукумат томонидан “расмий” деб тан олинган Исломга тўғри келмагани учун тақиқланади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатда тараққиёт, илм олиш, маънавий изланиш назорат қуролига айланди. Баъзи китоблар қамоқ муддатини қисқартирса, бошқалари қамоққа олиш ва қамоқ муддатини узайтиришга сабаб бўлмоқда. “Маънавият”, “ахлоқ”, “тарбия” шиорлари ортида ғояларни фильтрлаш сиёсати олиб борилмоқда. Давлат “рухсат этилган ахлоқ” моделини тарғиб қилиб, ахлоқий ва маънавий юксалиш эркинлигини тўсмоқда ва жамиятга ёт мафкурани сингдирмоқда.
Масаланинг энг ташвишланарли томони шундаки, мафкуравий айбловлар билан судланганлар, жумладан, диний эътиқоди учун озодликдан маҳрум этилганлар ушбу ташаббус доирасига кирмайди. Шунингдек бир умрга озодликдан маҳрум қилинганларга нисбатан ҳам бу қонун қўлланилмайди. Ваҳолангки, айнан шу тоифадагилар орасида ўз қарашлари учун «сунъий адолат» қурбонига айланганлар жуда кўп. Бу эса “инсонпарварлаштириш” ҳамма учун эмас, балки фақат ҳукумат томонидан таклиф қилинган мафкуравий чекловларга рози бўлганларга тегишли эканлигини кўрсатади.
Китоб ўқиш учун жазони қисқартириш тўғрисидаги қонун шунчаки ҳуқуқий ташаббус эмас. Бу онгни назоарт остига олишга қаратилган давлат сиёсатининг бир қисмидир. «Тўғри» фикрлар чекланган ва муқобил билим манбаларидан фойдаланиш имконияти чекланган шароитда бундай чора ҳақиқий маънавий ривожланишга эмас, балки ҳукуматга бўлган садоқатни мустаҳкамлаш механизмига айланиб қолган. Ушбу ташаббусга кўра, маънавий танлаш эркинлиги, деганда, давлат томонидан қабул қилинган йўналишга бўйсуниш тушунилади.
Ҳужжад Жамия