Мақолалар

“Хавфсизлик” таҳдидларни оқлаш воситасига айланиб бормоқда

“Хавфсизлик” таҳдидларни оқлаш воситасига айланиб бормоқда

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (УКМК) тезкор-қидирув ва разведка фаолияти тўғрисидаги қонунларга ўзгартириш киритишни таклиф қилди. Бу ташаббус расман “Рақамли кодекс билан уйғунлашиш ва замонавий шароитларга мослашиш зарурати” билан изоҳланмоқда. Бироқ, чуқурроқ ўрганилса, “рақамлаштириш” ва “шаффофлик” риторикаси ортида хавфсизлик идорасининг ваколатларини янада кенгайтиришга ва жамият устидан назоратни кучайтиришга қаратилган янги бир қадам ётгани аён бўлади.

Лойиҳага кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига коммуникация операторларининг рақамли тизимларига кириш ҳамда суднинг дастлабки қарорисиз тезкор фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

“Миллий хавфсизликка таҳдид юзага келган тақдирда” хавфсизлик идорасига мобил қурилмаларни ўчириш ҳуқуқининг берилиши бу – “сунъий таҳдид” таърифларининг муайян муассасалар томонидан эмас, балки ўз ваколатларини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хавфсизлик идораси томонидан белгиланишини англатади. “Ушбу қарорлар суд томонидан кўриб чиқилади” деган баёнотлар амалдаги ноқонуний аралашувнинг олдини олмайди, фақат ишни кейинроқ расмий кўриб чиқилишини билдиради холос.

Халқаро мобил ускуналарнинг идентификация кодларини (IMEI) аниқлаш функцияси операторлардан олиниб, давлатга ўтказилиши алоқа устидан назоратнинг бир қўлда жамланишига сабаб бўлади. Бу шунчаки техник кузатув тизими эмас, балки фуқароларнинг ҳар бир ҳаракатини назорат остига олиш ва чеклаш имконини берувчи тўлиқ ахборот назорати механизмига айланади.

Бундай ҳукумат билан ресурсларнинг бир жойда тўпланиши давлатнинг ўзини-ўзи мувозанатлаш тизимини сиёсий жиҳатдан ҳам, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам барбод қилади. Ижроий ҳокимият халқ билан мулоқот қилиши орқали ахборот оқимига бевосита аралашиш имкониятига эга бўлган пайтда, гап давлат хавфсизлиги ҳақида эмас, балки ҳукуматни ўз халқидан ҳимоя қилиш ҳақида бораётгани аён бўлади.

Хавфсизлик баҳонасида сиёсий назорат инфратузилмаси тузилмоқда. У орқали хавфсизлик ходимлари халқнинг ҳар қандай норозилигини бостириш ва митинглар, мухолифат акциялари ёки шунчаки муқобил ахборот тарқатиш каби ҳаракатларни тўхтатиш имкониятига эга бўлади. Албатта бундай тажриба ягона мафкуравий куч бўлиб қолаётган “Ислом лойиҳаси”га қарши босим воситаси сифатида қўлланилишига ҳеч шубҳа йўқ.

Сўнги йиллардаги воқеалар бу хавотирни янада кучайтирмоқда. Халқ норозиликлари билан кўплаб ҳукуматнинг алмашинуви ҳозирги ҳукуматнинг юқоридаги ҳаракатларига сабаб бўлмоқда. Чунки ҳозирги ҳукумат бундай ҳолатлар такрорланишидан жуда қўрқади. Парламент ва президент сайловлари олдидан хавфсизлик идораларининг ролини кучайтириш ва коммуникациялар устидан назорат ўрнатиш халқнинг хавфсизлигини сақлаш учун эмас, балки амалдаги сиёсий режимни жамоатчилик босимидан ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда.

Бугунги воқеалар шуни кўрсатадики, давлат ўз институтларини аста-секин йўқ қилмоқда. Ҳукумат конституциянинг зўрға турган қадр-қимматини “тезкор ечимлар” билан алмаштириб, давлатни автократик режимга айлантирмоқда. Бундай вазиятда қонун фақат зўравонликни қонунийлаштиришга хизмат қилади. Ҳуқуқий тизим сиёсий вазиятга қараб ўзгараверганлиги сабабли адолатни кафолатлаш қобилиятини йўқотди. Қонун ҳеч қандай ҳалоллик ва ҳақиқатни ифодаламайдиган бўлиб қолди, у шунчаки кучлилар манфаатларини ҳимоя қиляпти холос. Қайта-қайта очилиб қолаётган демократиянинг асл башараси мана шу!

Бундай шароитда жамият ўз ҳуқуқларини қонуний йўл билан зўравонликдан ҳимоя қилиш қобилиятини йўқотади. Назоратнинг кучайиши, коммуникациянинг чекланиши, ва фуқароларнинг кузатилиши халқ билан ҳукумат ўртасидаги муносабатларни бузади. Мавжуд сиёсий тузум диктатура сифатида тан олиниб, тарих ахлат қутисига улоқтирилмаса, мамлакат яна бир ижтимоий портлашга буч келиши муқаррар. Чунки мана шу усулгина ҳокимиятнинг зўравонлигини, золимлигини ва ўз кучига бўлган ишончини йўқ қилиши мумкин. Подшоҳ қанчалик қудратли кўринмасин, унинг устида жавобгарликка тортадиган адолатли Зот бор!

Тарихда ўзини “дунёнинг хўжайини” деб билганлар кўп бўлган, аммо уларнинг ҳеч бири келажак авлодлар учун ибрат бўлиб қолишдан нари ўта олмади. Ҳар бир зулм ва жазосиз қолган ҳар бир иш муқаррар равишда ҳалокатга сабаб бўлади.

Бу ҳақда Қуръони Карим оятларидан бирида шундай дейилади:

وَاسْتَكْبَرَ هُوَ وَجُنُودُهُ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَظَنُّوا أَنَّهُمْ إِلَيْنَا لَا يُرْجَعُونَ ۩ فَأَخَذْنَاهُ وَجُنُودَهُ فَنَبَذْنَاهُمْ فِي الْيَمِّ فَانظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الظَّالِمِينَ

У (Фиръавн) ҳам, унинг лашкарлари хам (иймон келтирмасликлари билан) ер юзида ноҳақ кибру-ҳаво қилдилар ва ўзларини Бизга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар. Бас Биз уни ва лашкарларини ушладик-да, денгизга ташладик. Энди сиз у золим кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг”. (28:39-40).

Ҳужжат Жамия

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button