Экспертиза энди хавфсизлик кучларининг назоратига ўтади

Экспертиза энди хавфсизлик кучларининг назоратига ўтади
Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ваколатларини кенгайтирувчи қонун қабул қилинди. Бу эса, мамлакатнинг сиёсий ва ҳуқуқий соҳасида хавфсизлик кучларининг ролини янада кучайтиради. Энди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси суд-экспертиза қилиш, жиноий ва бошқа терговларни олиб бориш, шунингдек, шартнома асосида хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади. Президент Садир Жапаров ушбу қонунни имзолаш билан Миллий хавфсизлик кучларининг ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирди.
Ҳукумат бу қарор қабул қилинишини тергов ишларининг самарадорлигини ошириш ва давлат хизматларини тартибга солиш зарурати билан оқламоқда. Бироқ, ҳуқуқий ва сиёсий нуқтаи назардан қараганда, бу ташаббус терговнинг холислигига, айбланувчиларнинг ҳуқуқларига ва суд жараёнидаги кучлар мувозанатига жиддий таҳдид туғдиради.
Муаммо шундаки, тергов органлари экспертиза ўтказиш ҳуқуқи билан бирга, айблов ва далилларни баҳолаш функцияларини ҳам бажарадилар. Бу аниқ манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқаради. Айбловчи тузилма ўзининг экспертиза натижалари билан ўзи қўйган айбловни тасдиқлайди. Бу эса, битта жараёнда ролларнинг тақсимланишини йўққа чиқариб, суд экспертизаси ва тергов позициясини “қонунийлаштирувчи” воситага айлантиради. Натижада, айбловчи ва мустақил экспертиза муассасаси ўртасидаги расмий фарқ йўқолади, бу эса жазо жараёнининг тизимли равишда бузилишига олиб келади.
Бундан аввал ҳам суд- суд- экспертиза тизимини тўлиқ мустақил деб бўлмас эмас эди. Баъзи ҳолларда, бу тузилма хавфсизлик кучларига бўйсунган ҳолда, мусулмонларни таъқиб қилиш воситасига айлангани ҳам сир эмас. Бироқ, у ҳеч бўлмаганда холис бўлиб кўринувчи мустақил муассаса сифатида танилган эди. Энди шу ҳам бутунлай йўқ бўлди.
Бундан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан олиб бориладиган ҳар бир ишга Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ўзи томонидан берилган “экспертиза хулосаси” илова қилинади. Бу суд жараёнини рақобатбардош хусусиятини йўққа чиқаради. Шунингдек, ҳимояланувчи тарафни муқобил экспертиза қилдириш ҳуқуқидан деярли бутунлай маҳрум қилади. Ўз навбатида, мустақил экспертлар томонидан чиқарилган хулосалар ҳам суд томонидан белгиланган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг “расмий” хулосасига мос келмагани учун рад этилиши мумкин бўлади.
Хусусан бундай ўзгаришлар сиёсий ёки диний масалаларда муҳим аҳамият касб этади. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳар доим ўз фаолияти билан хавф туғдирадиган фаол мусулмонларга, мухолифат вакилларига ёки журналистларга қарши курашда алоҳида рол ўйнаб келган. Эндиликда бундан буён мазкур қўмита терговдан тортиб далиллар базасини яратишгача, шу жумладан экспертиза ўтказиш ҳуқуқини ҳам тўлиқ ўз назоратига олади. Бу ташқи назоратнинг йўқолишига ва бундай ишларнинг натижалари олдиндан маълум бўлишига олиб келади.
Бундай модел хавфсизлик кучлари ишида самарадорлик ва тезкорлик тасаввурини пайдо қилади. Чунки терговнинг тез олиб борилиши ва “очилган” ишлар сонининг ортиши Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини чаққон ва интизомли иш юритаётган тузилма сифада танитади. Бироқ, бу кўрсаткичлар ортида адолат стандартларидан воз кечиш ва айбсизлик презумпциясининг йўқолиши кучаяди. Судлар, худди шу муассасалар томонидан тайёрланган “экспертиза хулосалари”га таяниб, кўпроқ айблов ҳукмларини чиқара бошлайди. Бу ҳолат айбловлар сонининг тез кўпайишига ва хавфсизлик кучлари устидан суд назоратининг заифлашишига олиб келади.
Сиёсий жиҳатдан олганда, бу ташаббус ҳокимиятнинг мавқеини мустаҳкамлайди ва суд тизимининг хавфсизлик кучларига қарамлигини кучайтиради. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси энди шунчаки тезкор орган эмас, балки далиллар мазмуни ва уларни талқин қилиш чегараларини белгилайдиган экспертиза марказига айланади. Бошқача айтганда, “маъмурий ислоҳот” баҳонасида ҳақиқатни монополия қилиш ишлари олиб борилмоқда. Холисликнинг ўрнини ҳукуматга садоқат, ҳуқуқий процедуранинг ўрнини эса сиёсий йўналиш эгалламоқда.
Бу оддий фуқаролар ва ўз фикрига эга мусулмонлар учун суд тизимининг заифлаётганини ва адолатли судга эришиш имконияти камайиб бораётганини англатади. Айниқса, ҳукуматни танқид қилиш ёки расмий мафкурага зид фикрларни билдириш ўра хавфли тус олади.
Ушбу қонун хавфсизлик кучларига экспертизани монополия қилиш ҳуқуқини беради ва суд жараёнларининг рақобатбардошлигини бутунлай йўқ қилади. Натижада, экспертиза сиёсий назорат воситасига айланади.
Демак айтиш мумкинки, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг “техник имкониятларини кенгайтириш”га қаратилган қонун аслида хавфсизлик кучларининг устунлигини кучайтириб, ҳуқуқий давлат асосларини заифлаштиради. Суд тизими ҳақиқатни излаш механизми эмас, балки кўзланган натижани тасдиқлаш механизмига айланиб қолади.
Абду Шукур




