Мақолалар

Қирғизистон БМТда “икки ўт орасида” қолганини тасдиқлади

Қирғизистон БМТда “икки ўт орасида” қолганини тасдиқлади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида нутқ сўзлади. Унинг нутқи мазмун жиҳатидан кутилмаган янгилик келтириб чиқарган бўлмаса-да, аммо унинг таъкидлаб ўтган сўзлари ўзгача бўлди. Жапаров мамлакатдаги қийин вазиятни, Қирғизистоннинг Россияга иқтисодий қарамлиги ва Ғарб босимининг кучайиши ўртасида қолгани билан изоҳлади. Унинг сўзлари инқирозга аниқ ечимлар бермаган бўлса-да, лекин асосий муаммога ойдинлик киритди. Аниқроғи, Қирғизистон қайси томонни танлашидан қатъи назар, ички йўқотишларга дучор бўлиш хавфи борлигини тасдиқлади.

Жапаровнинг нутқи асосан АҚШ ва Британия томонидан Қирғизистоннинг айрим компанияларига нисбатан жорий қилинган санкцияларга қаратилди. Қирғизистон компаниялари Ғарбнинг Россияга жорий қилган санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам берганликда айбланган. Президент бу масалани қаттиқ танқид қилиб, санкциялар асоссизлиги ва мамлакат иқтисодиётига зарар етказаётганлигини таъкидлар экан, Ғарб босимини кучайтирса ҳам, Қирғизистон Россия билан ҳамкорлик қилишни тўхтатмаслигини билдирди. “Биз сиздан кўра Россия билан кўпроқ алоқа қиламиз. Шунинг учун иқтисодий нуқтаи назардан Россия билан ҳамкорлик қилишдан бошқа иложимиз йўқ», – деди Жапаров. У бу баёноти билан ўзини оқлаш билан бирга мамлакатдаги ноқулай вазиятни ҳам ифода этди.

Дарҳақиқат, Жапаров аввалдан маълум бўлган нарсани тасдиқлади. Қирғизистон эскидан Россияга қаттиқ боғлиқ бўлиб келган. Бу қарамлик мигрантларнинг пул ўтказмалари, ташқи савдо, логистика, энергетика ва банк соҳасида яққол намоён бўлади. Бошқа шерикларнинг талаби билан эвазсиз бу алоқалардан воз кечиш жиддий ички кескинликни келтириб чиқариши мумкин. Жапаров Қирғизистонга қўйилган бундай талаблар мамлакатнинг ҳозирги шароитини ҳисобга олмасдан қўйилаётганини тушунтиришга уринди.

Айни пайтда президент Ғарб билан мулоқот эшигини ёпмасликка ҳам ҳаракат қилди. Унинг нутқидан халқаро аудитга, шаффофликка, халқаро мажбуриятларга риоя қилишга тайёр эканлиги маълум бўлди. Бу ўз навбатида муносабатларни сақлаб қолишга ва босимни камайтиришга уринишдек туюлса-да, бироқ ушбу дипломатик формула туфайли Қирғизистоннинг заиф позицияси кўриниб қолди. Аниқроғи, Қирғизистон содир бўлаётган воқеаларга таъсир ўтказадиган воситаларга эга эмас. Мамлакатдаги бўшлиқни тўлдириш учун етарли ресурслар йўқ. Бундан ташқари, инқирозга бошқа ечимларни таклиф қиладиган ҳамкорлари ҳам йўқ.

Халқаро майдонда марказий кучлар ўртасидаги глобал зиддият кучайиб борар экан, Қирғизистон имкон қадар кўп йўналишли позицияни ушлашга ҳаракат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, умумий кўриниш қувонарли эмас. Жапаровнинг БМТдаги нутқи дипломатик қувватни намойиш этмади. Аксинча, бу мамлакатнинг чорасиз ҳолатда эканлигини ва унинг ечимлари чекланганлигини кўрсатди. Қирғизистон тан олган асосий омил Россияга иқтисодий қарамликдир. Ғарб эса муаммони ҳал қилиш учун ҳеч қандай муқобил йўл ёки ёрдам таклиф қилмади. Жапаровнинг нутқи икки босим ўртасидаги мувозанатни ушлаб туришга уриниш бўлди. Бироқ, бу “мувозанат”ни ушлаш ҳам барқарор эмас.

Қирғизистон қайси томонга қадам ташласа ҳам катта йўқотишларга дучор бўладиган вазиятда турибди. Умуман қадам ташламасликнинг ҳам иложи йўқ. Чунки мамлакат учун ҳеч қандай дастакка қўшилмаслик яккаланиб қолиш хавфини туғдиради. Жапаров ҳозирги вазиятни яхши тушуниб турибди, лекин унинг мурожаатида бу муаммони ҳал қилиш йўллари таклиф қилингани йўқ. Жапаровнинг мурожаати “биз қараммиз, лекин таслим бўлмаймиз; биз очиқмиз, лекин бўйсунишни хоҳламаймиз; биз тараф танламаймиз, лекин вазиятни эътиборсиз қолдира олмаймиз”, деган позицияни аниқ кўрсатиб турибди.

Бундай ёндашув Қирғизистонга бироз вақт ютуқ келтириши мумкин. Бироқ, келажак учун стратегик танлов ёки йўналишнинг йўқлиги боис мамлакат заиф ҳолатда қолаверади. Россия ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий зарурат ва дипломатик баёнотларга асосланган мувозанат, босим кучайганда, албатта бузилади. Жапаров бу нозик вазиятни яхши тушунади, лекин имкониятлари чекланган.

Латйфул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button