Қирғизистонда энергия тақчиллиги: ваъдалар ва аччиқ ҳақиқат ўртасида

Қирғизистонда энергия тақчиллиги: ваъдалар ва аччиқ ҳақиқат ўртасида
Қирғизистон президенти Садир Жапаров: “Яна 2,5 йилдан кейин Қирғизистон ўзини электр энергияси билан тўлиқ таъминлайди”, дея баёнот берди. Унинг бу сўзлари қулоққа хуш ёқса-да, бироқ аввалги ваъдалар ҳақида ва мамлакатдаги ҳозирги энергетика ҳолати ҳақида кўплаб саволлар уйғотади.
- 1. Бундай ваъдалар илгари ҳам бир неча бор берилган эди. Беш йил олдин ҳукумат мулозимлари “электр узилишлари муаммоси узил-кесил ҳал қилинади” деб эълон қилган эди. Бироқ, бугунги кунда ҳақиқат бошқача. Электр тақчиллиги давом этмоқда, ҳали қиш келмай туриб, электрни ўчириб қўйишлар кўпайиб боряпти. Президентнинг “Муаммо тез орада ҳал қилинади” деган сўзлари ҳам сиёсий-ташвиқот характерига эга бўлиб, энергетика соҳасидаги тизимли ўзгаришларга асосланмаган сўзлардир.
- 2. Президент қўшимча ГЭСлар қурилишини энергия мустақиллигига эришишнинг асосий йўли деб ҳисобламоқда. Бироқ, бу йўл муаммони ҳал қилишга кафил бўла олмайди.
Биринчидан, ГЭСларнинг самарадорлиги сув ресурсларига боғлиқ, ваҳолангки сув ҳажми мавсумга ва қўшни мамлакатларнинг талабларига қараб ўзгариб туради.
Иккинчидан, қўшимча ГЭСлардан олинган энергиядан аҳолини таъминлаш учун эмас, балки тижорий мақсадларда фойдаланиш ҳам мумкин. Масалан, у ҳукуматга яқин унсурлар иштирокида фаол ривожланаётган майнинг фермаларини энергия билан таъминлаш учун ишлатилиши эҳтимоли катта. Натижада, энергия ишлаб чиқариш кўпайган тақдирда ҳам, унинг адолатли тақсимланиши таҳдид остида қолаверади.
- 3. Қирғизистоннинг энергетика тизими ҳали ҳам шаффоф эмас. Аллоҳдан қўрқмаслик ва адолатли бошқарув (шариат)нинг йўқлиги сабабли бу муаммо очиқ-ойдин кўриниб туради. Фуқаролар электр энергиясини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва сотиш бўйича аниқ маълумотларга эга эмас. Шунингдек, ГЭСларнинг ишлаши учун зарур бўлган сув ресурслари ҳақидаги маълумотлар ҳам уларга билдирилмайди. Бу ҳолат коррупция ва самарасиз бошқарув учун шароит яратади. Натижада, миллий бойлик халқнинг эмас, балки кичик бир гуруҳнинг манфаатларига хизмат қиладиган бўлиб қолмоқда.
- 4. Ҳукумат мулозимларининг “сабрли бўлиш”га чақириқлари “мамлакатда ҳаёт анчагина яхши тарафга ўзгарди”, деган риторикасига зиддир. Электр энергияси фуқаролар ҳаёти учун ҳамда саноатнинг ривожи учун асосий эҳтиёж саналади.
Агар давлат ўз фуқароларини барқарор энергия билан таъминлай олмаса, унда ҳокимият минбарларидан янграётган “фаровон ҳаёт” ва “иқтисодий ривожланиш” ҳақидаги баёнотлар шунчаки қуруқ сўз бўлиб қолаверади.
- 5. Электр энергиясининг танқислиги шунчаки техник муаммо эмас. Аниқроғи, бу муаммо иқтисодда чуқур илдиз отган тизимли касалликнинг аломатидир. Буларга қуйидагилар киради:
- саноатнинг ривожланмаганлиги ва модернизациянинг йўқлиги.
- мавсумий омиллар ва импортга қарамлик.
- бошқарув ва назорат институтларининг заифлиги.
Демак энергия инқирози бу мамлакатда ҳукмронлик қилаётган капиталистик мафкурани акс эттирадиган ойнадир. Бу “сўнгги йиллардаги сифатли ўзгаришлар” ҳақида берилган баёнотларга қарамай, Қирғизистон иқтисодиёти орқада қолаётганини яққол намоён қилмоқда.
Агар мамлакат мустақилликка эришганидан буён ҳалигача халқни электр энергияси билан таъминлаш каби асосий масала билан ўралашиб юрган бўлса, “ҳаёт яхшиланди” дейишлик ҳақиқатни кўрмаслик ёки халқни алдашдан бошқа нарса эмас.
Шунинг учун энергия тақчиллиги тез кунларда ҳал бўлади, деган гаплар пухта ўйланган ислоҳот натижаси эмас, балки сиёсий имиджни сақлаб қолиш учун хусусан сайлов олдидан айтилган гаплардир.
Адолатли шаръий тизим ҳамда жамиятда яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш (ал-амру бил-маъруф ва наҳйи анил-мункар) бўлмаса, раҳбарлар масъулиятсиз бўлиб қолаверади. Халқ манфаатлари эса, тижорий лойиҳалардан устун қўйилмай, энергия тақчиллиги каби асосий муаммолар сурункали давом этаверади. Демак айтиш мумкинки, “мамлакат ривожланишнинг янги босқичига ўтди” деган сўзлар гўзал, аммо амалда исботланмаган баёнотлардир.
Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гунохлари сабабли ушладик”. (7:96)
Бу оят шуни таъкидламоқдаки, одамлар ва раҳбарлар адолатдан узоқлашиб, ҳақиқат йўлидан юз ўгирганларида ер, сув ва меҳнатдан барака кўтарилади.
Демак, энергия танқислиги бу шунчаки иқтисодий ёки маъмурий масала эмас, балки мафкуравий масаладир.
Юқоридаги оятда “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик”. (7:96) деб айтилганидек, агар жамият ёки ҳукумат адолатдан узлқлашиб, Аллоҳ берган ресурслардан шахсий манфаатлар учун фойдаланса, барака йўқолади. Шунинг учун на янги станциялар ва на кенг кўламли лойиҳалар ҳақиқий фаровонликка олиб келмайди. Ҳақиқий мўл-кўлчилик ва фаровон ҳаёт халқ ҳукуматга эмас, балки ҳукумат халққа хизмат қиладиган тизимга асосланган давлатдагина бўлади!




