Сурия ташқи ишлар вазирининг Парижда яҳудий вужуди делегацияси билан учрашуви қўзғолонга орқа томондан берилган зарба ҳамда келгуси хавфлардан огоҳ этувчи хатар бонгидир

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Сурия ташқи ишлар вазирининг Парижда яҳудий вужуди делегацияси билан учрашуви қўзғолонга орқа томондан берилган зарба ҳамда келгуси хавфлардан огоҳ этувчи хатар бонгидир
Устоз Носир Шайх Абдулҳай
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Сурия вилоятидаги
матбуот бўлими аъзоси
Сурия ахборот агентлиги (САНА) хабарига кўра, мамлакат ташқи ишлар вазири Асъад Шайбоний 2025 йил 19 август, сешанба куни Парижда яҳудий вужуди делегацияси билан учрашув ўтказган. Музокараларда минтақада барқарорликни таъминлашга оид қатор масалалар, жумладан Сувайда вилояти ва 1974 йилда тузилган келишувни қайта жорий этиш масаласи муҳокама қилинган. Агентлик маълумотида таъкидланишича, мазкур учрашув Америка воситачилигида ташкил этилган.
Мазкур учрашувдан олдин унга замин яратган тўғридан-тўғри ёки воситачилар орқали, ошкора ёки яширин тарзда ўтказилган бир қатор учрашувлар Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбайжон ва Парижда ташкил этилган эди. Таъкидлаш жоизки, Сурия ташқи ишлар вазири Асъад Шайбонийнинг Парижда яҳудий вужудининг стратегик ишлар бўйича вазири Рон Дермер билан учрашуви яҳудий вужуди раҳбарлари билан ўтказилган илк расмий учрашув ҳисобланиб, у ҳозирги маъмурият томонидан очиқ эътироф этилди.
Бу хавфли учрашув Сурия маъмуриятининг янги сиёсий йўналишларини очиб берди, шу билан бирга, Америка ва унинг воситаларининг Сурия маъмурияти сиёсати, қарорлари ҳамда йўналишларига қай даражада таъсир ўтказаётганини яққол тасдиқлади. Шунинг учун ҳам қуйидаги ҳақиқатларни эслатиб ўтиш зарур:
Биринчидан: яҳудий вужуди хиёнаткор ва ёлғончи, босқинчи сифатида юртимизни тортиб олган, муқаддас масканларимизни булғаган ва аҳли-биродарларимизни қирғин қилган ноқонуний вужуддир. Унинг тажовузкор ниятлари Сувайда вилояти билан чекланмайди. Зеро, у очиқдан-очиқ эълон қилинган кенгайиш режаси асосида шаклланган бўлиб, янада кўпроқ ерларни эгаллаш, ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш ва қарор қабул қилиш ҳуқуқини тортиб олишни мақсад қилган. У ҳеч қандай чегара ва вақтинчалик келишувлар билан тўхтамайди.
Иккинчидан: «Сувайдага инсонпарварлик йўлаги» деган даъво очиқдан-очиқ кўзбўямачилик, фош бўлган ёлғондан бошқа нарса эмас. Чунки бу вилоятга аввалданоқ Дамашқдаги муваққат ҳукумат орқали тонналарча ёрдам етказиб келинар эди. Бугун эса «инсонпарварлик фаолияти» ниқоби остида сиёсий ва хавфсизликка оид шубҳали мақсадлар амалга оширилмоқда.
Учинчидан: Яҳудий вужуди билан ҳатто алоқа ўрнатиш ҳақида ўйлашнинг ўзи улкан жиноят ҳамда мусулмонларнинг энг асосий масаласи, яъни Фаластин масаласига қилинган хиёнатдир. У билан тўғридан-тўғри учрашув эса Шом қўзғолони аҳлига орқадан берилган зарба ҳисобланади. Зеро, Шом аҳли намойишларда Фаластиндаги биродарларига ёрдам кўрсатишга чақириб, золим режимнинг яҳудий вужуди чегараларини қўриқлашига қарши кескин норозилик билдириб келган. Улар золим режим қуласа, Ғазо ва бутун Фаластиндаги мазлум биродарларига ёрдам кўрсатиш имконияти пайдо бўлишидан умидвор эдилар. Шунинг учун бу ҳаракат Ислом Умматига қарши содир этилган улкан жиноят ҳисобланади. Албатта, Уммат Аллоҳнинг ғазабига учраганлар билан узоқ йиллик курашнинг эгасидир. Шу боис, бундай хавфли йўл бизга на тинчлик, на барқарорлик олиб келади, балки яҳудийларнинг зулм ва такаббурлигини кучайтиради ҳамда халқимизга яна мусибат ва азобларни олиб келади.
Тўртинчидан: яҳудийлар билан кураш — бу чегаралар учун эмас, балки мавжудлик ва тақдир масаласи бўлган ҳаёт-мамот курашидир. У Аллоҳ таоло «Исро» сурасида биз учун белгилаб қўйган буйруғи ижро этилгунча давом этади. Зеро, бу босқинчи вужуд билан муроса қилиш ёки унга тилёғламалик қилиб, тинчликка чақиришдан ҳеч қандай фойда йўқ. Шунингдек, сохта куч-қудратга эришиш умидида унинг ҳомийлари Америка ва Ғарбга илтимос қилиб ёлвориш мутлақо самарасиздир. Аллоҳ таоло шундай деган:
أَيَبۡتَغُونَ عِندَهُمُ ٱلۡعِزَّةَ فَإِنَّ ٱلۡعِزَّةَ لِلَّهِ جَمِيعٗا
«Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир» [Нисо 139]
Шунинг учун бу босқинчи вужудга нисбатан Аллоҳ бизга юклаган вазифа аниқ ва равшандир. У вақтинчалик сиёсий ҳисоб‑китобларга эмас, балки Умматнинг эътиқоди ва ўзгармас тамойилларига таянади. Шу боис ҳеч қандай ҳолатда муносабатларни нормаллаштириш лойиҳалари ёки сохта тинчлик йўлларига бўйсуниш мумкин эмас. Ҳақиқий нажот биз учун Умматнинг ўз тамойилларига қатъий содиқ қолиши, тақдирий масалаларини матонат билан ҳимоя қилиши ва Америка томонидан илгари сурилаётган босқинчи яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштиришнинг ҳар қандай кўринишини қатъий рад этишидадир.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, Ғазода биродарларимиз Америка қуроллари ва унинг чекловсиз сиёсий ҳимояси остида қонга ботирилмоқда. Бундан ташқари, Америка мусулмонларга қарши содир этган жиноятлари билан ҳам машҳур. Энди қай тарзда улар — яъни биродарларимизни ўлдириш, оч қолдириш ва ўз юртларидан ҳайдашда душманларимиз билан ҳамкорлик қилганлар — бизнинг барқарорлигимиз ва манфаатларимизни ҳақиқатан ҳимоя қилади, деб ишонишимиз мумкин?! Ахир, улар аввал ҳам Шом қўзғолони аҳлининг қирғин қилинишини қўллаб-қувватлаб келмаганмиди?!
Ҳар бир жиноят ёки хиёнатини оқлаш учун «Ҳудайбия сулҳи»ни далил сифатида тилга оладиганларга — Кемп-Дэвид келишувидан тортиб, Водий Араба шартномаси ва Дамашқдаги янги ҳукуматнинг яҳудий вужуди билан ўтказаётган учрашувларигача — уларнинг бу сулҳни нотўғри талқин қилишлари ҳақида баҳсга киришмасдан, тарихда ёддан чиқмайдиган бир воқеани эслатамиз. У воқеа — Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ ўз иттифоқчилари Хузоа қабиласига ёрдам бериш учун ҳаракат қилган пайтдир, ҳолбуки уларнинг аксари ҳали Исломни қабул қилмаган эди. Қурайш кофирлари уларга тажовуз қилганида, Росулуллоҳ ﷺ иттифоқчиларини ёрдамсиз қолдирмадилар. Шундай экан, қандай қилиб биз Ғазодаги мусулмонларни қирғин қилаётган, Шом заминига тонг-кун демай ҳужум қилиб, унинг ерларини вайрон этaётган, бойлик ва имкониятларини йўққа чиқараётган, аҳолисини ҳибсга олиб, уларни ҳеч қандай ҳисоб-китоб ва назоратсиз сўроқ қилаётган уруш ҳолатидаги кофирлар билан тинчлик ўрнатишимиз мумкин?! Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деган:
لَا يُقَٰتِلُونَكُمۡ جَمِيعًا إِلَّا فِي قُرٗى مُّحَصَّنَةٍ أَوۡ مِن وَرَآءِ جُدُرِۢۚ بَأۡسُهُم بَيۡنَهُمۡ شَدِيدٞۚ تَحۡسَبُهُمۡ جَمِيعٗا وَقُلُوبُهُمۡ شَتَّىٰۚ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمۡ قَوۡمٞ لَّا يَعۡقِلُونَ
«Улар (мунофиқ ва яҳудийлар) бирлашган ҳолларида сизлар билан фақат қалъа-қўрғонли қишлоқлар ичида (беркиниб) ёки деворлар ортидагина жанг қила олурлар, (яъни ҳеч қачон сизларга қарши очиқ жангга чиқа олмаслар). Улар ўз ўрталарида кучли-қувватлидирлар, (яъни, жанг-жадал бўлмасдан туриб ўзаро куч-қудратли эканликлари ҳақида лоф ураверадилар, аммо жанг пайтида ожиз-қўрқоқдирлар). (Оғизларидаги сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир» [Ҳашр 14]
Ҳа, ақидамиз муқаддас масканларимизни босиб олган ва халқимизга қарши энг ваҳший жиноятларни содир этаётган яҳудий вужуди билан муносабатни аниқ белгилаб берган. Бу муносабат уруш ва мавжудлик учун кураш муносабати ҳисобланади. Умматнинг содиқ фарзандлари билан яҳудийлар ўртасида ҳал қилувчи жанг, шубҳасиз, келажакда рўй беради. Шу боис, яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштириш ёки мусулмонлар ерларининг бир қаричи устида бўлса ҳам унинг суверенитетини тан оладиган ҳар қандай шартнома тузиш мутлақо жоиз эмас.
Яҳудийлар билан жанг муқаррар воқелик бўлиб, ундан қочиш имкони йўқ. Унга тайёргарлик кўрмаслик ёки кечиктириш фақат янада кўпроқ қурбонлар ва имкониятларнинг йўқотилишига сабаб бўлади. Шу боис биз унга жиддий тайёргарлик кўриб, барча имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда урушга тайёр ҳолда туришимиз шарт.
Энди барчамиз учун англаш вақти келди: ҳақиқий нажотимиз ва бошимизга тушаётган ташвиш, азоб-уқубат ва мусибатлардан чиқиш йўли Аллоҳнинг ҳукмларини ер юзида татбиқ этиш учун сидқидил ва қатъият билан ҳаракат қилишдир. Бу эса Нетаняху қайта-қайта огоҳлантирган Ислом давлати – Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик орқали рўёбга чиқади. Зеро, Халифалик юртлар бўйлаб ҳаракат қиладиган ҳамда Аллоҳ таолонинг ғазабига учраганларга нисбатан У зотнинг ваъдасини рўёбга чиқарадиган қатъий ва қудратли эр кишилари билан қайтиб келади. Аллоҳ таоло шундай деган:
فَإِذَا جَآءَ وَعۡدُ ٱلۡأٓخِرَةِ لِيَسُؤُواْ وُجُوهَكُمۡ وَلِيَدۡخُلُواْ ٱلۡمَسۡجِدَ كَمَا دَخَلُوهُ أَوَّلَ مَرَّةٖ وَلِيُتَبِّرُواْ مَا عَلَوۡاْ تَتۡبِيرً
«Қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжидул (Ақсо)га киришлари учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз)» [Исро 7]
Роя газетасининг 2025 йил 3 сентябр, чоршанба кунги 563-сонидан