Америка (Исроил)ни устивор куч сифатида намоён қилмоқда

Америка (Исроил)ни устивор куч сифатида намоён қилмоқда
Американинг Ливан ва Суриядаги элчиси Томас Баррак: “Сиз (Исроил)нинг Эронга нима қилганини кўрдингиз. Унинг Эронга душманлиги бошқа мамлакатларга ибрат бўлиши керак” деди. У ҳозирги пайтда (Исроил) Яқин Шарқ сиёсатида устивор куч эканлигини ва “Иброҳим келишуви ҳамма қўшилиши керак бўлган йўл” эканлигини таъкидлади. Томас Баррак Туркия ва (Исроил) ўртасида уруш бўлиши мумкин эмаслигига урғу берар экан: “Альянс Қора денгиздан Ўрта ер денгизигача чўзилади”, деди. Шунингдек, у агар Ғазодаги вазият барқарорлашса, (Исроил) ва Туркия ўзаро савдо шартномасини имзолаши мумкинлигини қўшимча қилди.
БУРАНА: Америка (Исроил)ни Яқин Шарқдаги энг буюк куч сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, бу ёлғон ташвиқотдан бошқа нарса эмас. Чунки (Исроил) сунъий куч ва сунъий давлатдир. Агар (Исроил) кучли бўлганида, блокада остида бўлган Ғазодаги бир ҳовуч мусулмонни осонгина мағлуб этган бўлар эди. Аксинча, Ғазодаги бу жасур мусулмонлар бутун дунёга намуна бўладиган даражада жасорат кўрсатиб, (Исроил)ни оғир аҳволга солиб қўйди. Шундай экан, бир ҳовуч мусулмонга қарши тура олмаган (Исроил) бутун бир давлат билан урушга кира оладими?!
Энди Туркия ва (Исроил) ўртасидаги муносабатлар ва “Иброҳим келишуви”га келсак, Туркия (Исроил)ни террорчи давлат деб атаса ҳам, бошқа Исломий ўлкалар каби у билан яхши муносабатда бўлиб келмоқда. Бошқача айтганда, у оғизда (Исроил)ни кескин танқид қилиб келаётган бўлса ҳам, лекин амалда у билан яхши алоқалар ўрнатиб келмоқда. АҚШ тарғиб қилаётган “Иброҳим келишуви” эса, (Исроил)ни Исломий ўлкалар бағрига олиб кириб, уни Исломий ўлкаларнинг “биродар”ига айлантиради. Шу пайтгача (Исроил) билан дўстлигини яшириб келган Исломий ўлкалар энди “Иброҳим келишуви”ни рўкач қилиб, ўз дўстликларини фош қилиш имкониятига эга бўлади.




