Сурия Демократик кучларини давлат муассасаларига киритиш хавфли сиёсий хатодир

Сурия Демократик кучларини давлат муассасаларига киритиш хавфли сиёсий хатодир
Хабар:
2025 йил 18 октабр, шанба куни Сурия ташқи ишлар вазири Асад ал-Шайбоний шундай деди: “Сурия демократик кучларининг (СДК) давлат муассасаларида йўқлиги улар билан давлат ўртасидаги тафовутни янада чуқурлаштиради”. У Сурия давлат телеканалига берган интервюсида президент Аҳмад ал-Шара СДК мамлакат келажагининг асосий қисми бўлишига катта аҳамият бераётганини қўшимча қилди.
Изоҳ:
Сурия ҳукуматининг СДКни давлат муассасалари таркибига киритишга рози бўлиши жуда катта сиёсий хато бўлиб, давлат даражасида фикрлашдан йироқ қарор ҳисобланади. Чунки бу атеист, динга қарши ва айиримчилик кайфиятдаги қуролли гуруҳ Сурия халқининг сақофатини ҳам, кўз қарашларини ҳам акс эттирмайди. Бу гуруҳ Сурия инқилобининг бир қисми бўлган эмас, шунингдек у халқнинг золим Асад режими зулмидан қутулиш учун курашини ҳам ифодаламайди.
Аксинча, бу кучлар режимни қўллаб-қувватлаб келди. Асад режими уларни 2012 йилдан бери қуроллантириб, инқилобчиларнинг Сурия шарқида назорат ўрнатишига йўл қўймаслик учун улардан фойдаланган эди. Инқилоб пайтида кўплаган Мужоҳидлар СДК томонидан қатл қилинди. Асад қулагандан кейин ҳам уларнинг қон тўкиши тўхтамади. 2025 йил 7 октабрда Ашрафия ва Шайх Мақсуд туманларида юз берган сўнгги тўқнашувлар бунга ёрқин мисолдир. Унда Сурия ички хавфсизлик кучларининг бир неча аъзоси ушбу СДК ҳужуми натижасида ҳалок бўлди ва яна бир қанчаси яраланди.
СДКни мамлакат бошқарувида потенциал ҳамкор деб ҳисоблаш уларнинг Ҳасака, Раққа ва Дайр аз-Зор аҳолисига қарши жиноий ҳаракатларини қонунийлаштириш ҳисобланади. Улар бу минтақаларда халқни ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қизларни ҳарбий хизматга мажбурлаб олиб кетиш, бойликларни монополия қилиш, таълим-тарбия соҳаларида айиримчилик ва марксистик ғояларни мажбурий ижро этиш каби ишлар билан шуғулланиб келмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу фактларни бирма-бир ҳужжатлаштириб келмоқда.
Бу ишларни диққат билан кузатган киши уларнинг қилмишлари Асад режими томонидан содир этилган зулмлардан фарқи йўқлигини кўради. Шунинг учун инқилобчилар СДК ва Асад режимини бир танганинг икки томони деб баҳолашади. Шундай экан, бу гуруҳни давлат муассасаларига киритиш Асаднинг собиқ тўдасига тегишли бўлган Тўртинчи дивизия ва Ҳаво разведкаси хизматини армия ва хавфсизлик муассасаларига киритиш билан баробардир.
Сурия ҳукумати АҚШнинг буйруғи билан СДКни қабул қилиб, у билан муносабатлар ўрнатиш сиёсатини олиб бормоқда. Чунки СДК доим АҚШнинг хизматида бўлиб, Исломга қарши курашда унинг ҳамкори ҳисобланади. Шунинг учун Америка уларни бу хизмати учун тақдирламоқчи ва ҳукумат ичидаги “табиий куч” сифатида кўрсатмоқчи бўляпти. Бироқ Сурия етакчилари шуни яхши англаб етишлари лозимки, АҚШ бу қадамини Сурияда барқарорлик ўрнатиш ёки урушни тўхтатиш ниятида ташлаётгани йўқ. Аксинча, қарама-қарши кучларни бир ҳокимият остида бирлаштириб, давлатни заифлаштиришни кўзламоқда. АҚШ шу тариқа Сурияда кучсиз ҳукуматни ўрнатиб, истаган вақтда СДКни ҳукуматдан узоқлаштириш, танглик ва урушлар келтириб чиқариш билан мамлакатни силкитиб қўйиши мумкин бўлади.
СДК билан муомала қилишнинг ягона йўли – бу ҳарбий йўлдир. Ҳукумат бу гуруҳни куч билан йўқ қилиши ва Сурия шарқидаги халқни унинг зулмидан қутқариши керак. Бу масалада АҚШнинг ғазаби ёки миннатдорчилигига эътибор бермаслик керак. Чунки АҚШнинг Сурияда ҳеч қандай фикри, таъсири ва роли бўлиши мумкин эмас. АҚШ жиноят ва коррупциянинг намунаси бўлган давлатдир. Бундан ташқари, Башар Асаднинг 2024 йилгача ҳокимиятда қолишининг асосий сабабларидан бири ҳам АҚШнинг қўллаб-қувватлаши эди. Шу боис Суриянинг янги етакчилари Америкадан юз ўгиришлари ва бир пайтлар Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакнинг “Кимки Америкага суянса, яланғоч қолади”, деган сўзларини унутмасликлари лозим.




