Хабар ва изоҳ

Қирғизистоннинг давлат қарзи 8,4 миллиард долларга етди

Қирғизистоннинг давлат қарзи 8,4 миллиард долларга етди

Қирғизистоннинг давлат қарзи бир йил ичида 33,2 фоизга ўсди. Бу ЕОИИ мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси маълум қилди. Маълумотларга кўра, мамлакатнинг умумий қарзи 8,4 млрд долларни ташкил этади. Шундан 5,2 миллиард доллари ташқи қарз, 3,1 миллиард доллари эса ички қарздан иборатдир.

Таққослаш учун айтадиган бўлсак, Россияда давлат қарзининг ўсиши 17,2 фоизни, Қозоғистонда 16,8 фоизни, Арманистонда эса 12,5 фоизни ташкил қилган.

Изоҳ:

Маълумки, расмий ҳукумат ташқи қарзга оид маълумотлар муҳокама қилинмаслигини билириб, қарз 15-16 миллиард долларга етган тақдирда ҳам қўрқишга ҳожат йўқлигини таъкидлаган эди. Бу эса, ҳозирги ҳукумат ҳам давлатни қарзга ботиришда аввалги ҳукумат раҳбарлари йўлидан бораётганидан даракдир. Дарҳақиқат, кредит берувчилар даромад келтирмайдиган ёки ўзларининг манфаатларига мос келадиган тармоқларгагина маблағ ажратади. Масалан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишида Қирғизистон ўз улушини тўлаш учун яна Хитойдан қарз олишга уринаётгани кузатилмоқда. Лойиҳа Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётгани сабабли, унга кредит бериш орқали устунликка эга бўлишдан Хитой ҳам манфаатдор. Бу эса, давлат қарзи ҳажми юқорида қайд этилган 8,4 миллиард долларлик қарздан ташқари қарийб яна 2 миллиард долларга кўпайишини англатади.

Қирғизистон 2024 йилда ташқи қарзини тўлаш учун 700 миллион доллар ўтказди. Айни пайтда, “Қумтор”нинг ўша йилги соф фойдаси 400 миллион долларни ташкил этди, шунингдек, давлатга 200 миллион долларга яқин солиқ ва бошқа тўловлар ўтказди. Аниқроқ айтганда, “Қумтор” тушадиган барча даромад 600 миллион долларни ташкил қилди. Демак, Қумторнинг йиллик фойдаси ташқи қарзнинг йиллик тўловини қоплашга етмайди! Натижада ҳукумат ОСАГО каби солиқ ва тўловларни кўпайтириш орқали халқнинг зиммасига оғир юклар юкламоқда.

Кўриниб турибдики, мамлакатдаги жадал суратда давом этаётган қурилишлар ташқи қарз ва “кустуризацияҳисобидан амалга оширилмоқда. Қамчибек Ташиевнинг таъкидлашича, “кустуризация”дан жами 100 миллиард сом тушган. Шундан 40 миллиард соми нақд пул шаклида олинган. Бу маблағлар қаерга сарфлангани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Шундай экан, баъзи бир “тараққиёт”дек кўринган ҳодисаларга алданмай, ҳукуматдан бор кучини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга, барқарор ривожланишни таъминлайдиган тармоқларга эътибор қаратишга ва капиталистларнинг эмас, балки халқнинг асосий эҳтиёжларини ҳал қилишга сарфлашини талаб қилишимиз керак.

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button