Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси одамларни қийноққа солганларни ҳибсга олди

Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси одамларни қийноққа солганларни ҳибсга олди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси Бишкекдаги “Пут в Жизнь” реабилитация марказининг ноқонуний фаолиятига боғлиқ бир нечта фуқароларни ҳибсга олди.
Сўнги маълумотларга кўра, жиноят содир этганликда гумон қилинаётган кишилар инсон ҳаёти ва соғлиғига қарши жиноятларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар доирасида ҳибсга олинган. Мазкур реабилитация маркази алкоголизм, гиёҳванд моддалар ва бошқа зарарли моддаларга қарам беморларни реабилитация қилишга ихтисослашган хусусий тиббий ва психиатрик муассаса сифатида фаолият юритиб келади.
Реабилитация марказининг ходимларига қўйилаётган айб шундан иборатки, улар марказий раҳбариятнинг кўрсатмаси билан сохта психиатрик муолажалар ва сўзлашувлар олиб борган ҳамда беморларнинг психологик аҳволи жуда оғир бўлган ҳолатларда, уларни тинчлантириш учун ғайриинсоний усулларни қўллаган, шунингдек, оёқ-қўлларини боғлаб қўядиган замбил, махсус таёқ ва бошқа турли қийноқ асбоблари, электрошокерлар, оғизни беркитувчи мосламалар ва бошқа буюмлардан фойдаланган ҳолда жисмоний куч ишлатиб, беморларга жисмоний ва руҳий зўравонлик қилиб келишган. Қўшимча жазо чоралари сифатида итоатсиз беморлар деразалари қорайтирилган, панжарали “изолятор” хоналарига жойлаштирилиб, ташқи дунёдан узиб қўйилган. Беморларнинг яқинларига реабилитация марказидаги даволаш усуллари ҳақида маълумот берилмаган.
Жиноятни фош қилиш учун тасвирга олинган видео лавҳаларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан ушбу масала жамоатчилик орасида қизғин муҳокама марказига айланди.
Инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказганлар албатта жазоланиши шарт. Бироқ шу ўринда, бир масалани эътибордан қочирмаслигимиз лозим. Бу масала ушбу жиноят ишини қўзғаган Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси муассасасида даъватчи мусулмонларга нисбатан доимий қўлланилиб келинаётган қийноқлар масаласидир. Чунки Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси ходимларининг жиноятлари ҳам реабилитация марказидаги қийноқлардан кам эмас. Масалан, “Freedom for Eurasia” ташкилоти Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси биносида фуқаролар электр токига қўйиш мосламалари, пластик таёқлар, нафассиз қийнашда ишлатиладиган полиэтилен пакетлар ва сувга димиқтириб қийнаш учун ишлатиладиган катта сув идишлари ёрдамида қийноққа солингани ҳақида ёзиб чиққан эди.
Буни даъватчиларнинг яқинлари ҳам тасдиқлаб, уларни электр токига қўйиш ва аёвсиз калтаклаш мунтазам равишда амалга оширилиб келинганини айтишган. Уларнинг кўпчилиги қаттиқ психологик босим остида ўзлари қилмаган «жиноятлари» учун камера олдида «узр сўрашга» мажбур қилинган.
Даъват юкини кўтарган мусулмонларга қарши бундай ваҳшийликлар фақат «Роббим Аллоҳ» деганлари учунгина ва Исломни ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатганлари учунгина амалга оширилмоқда.
Шу ўринда савол туғилади: фуқароларни қийноққа солган марказларни аниқлашга муваффақ бўлган Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси ходимлари ўз муассасаларидаги қийноқларни аниқлай олмайдими? Ёки ўз биноларида электр токига қўйилган мусулмонларнинг дод-фарёдлари уларга эшитилмаяптими? Ёки бу ваҳшийликлар айнан ўз ходимлари томонидан содир этилганлиги учун уларга кўз юмилмоқдами? Ёки ушбу ваҳшийликлар даъватчиларга ва Исломга қарши қилинганлиги учун сукут сақлашяптими?
Агар бу қийноқлар реабилитация маркази каби раҳбарларнинг кўрсатмаси билан амалга оширилаётган бўлса, унда шуни унутмангки, ҳокимият ҳам, дунёнинг бошқа матолари каби бир матоҳдир, “бугун бор, эртага йўқ”.
Аллоҳ Таоло айтади:
وَتِلۡكَ ٱلۡأَيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيۡنَ ٱلنَّاسِ
“Бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз”. [3:140]
Аммо зулм ва қўрқитиш сиёсатига келадиган бўлсак, бу ҳеч қачон даъватчиларнинг Исломни қайта тиклаш иродасини синдира олмайди ва уларнинг қалбларида ёришган нурни асло сўндира олмайди.
Аллоҳ Таоло золимларни зулмдан қайтариб, уларнинг оқибати оғир бўлиши ҳақида шундай огоҳлантиради:
﴿ولاَ تَحْسَبَنَّ اللَّهَ غَافِلاً عَمَّا يَعْمَلُ الظَّالِمُونَ إِنَّمَا يُؤَخِّرُهُمْ لِيَوْمٍ تَشْخَصُ فِيهِ الأَبْصَار﴾
«Сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли қиёмат) кунига қолдирмоқда, холос». [14:42]
Мумтоз Мавароуннаҳрий




