ТДТ умматни уйғотувчи ташкилотми ёки ухлатувчи?

ТДТ умматни уйғотувчи ташкилотми ёки ухлатувчи?
30 октябр куни, яъни бугун Туркия пойтахти Анқара шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) давлат раҳбарларининг 13-саммити бўлиб ўтмоқда. Саммитда Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Туркия ва Венгрия раҳбарлари иштирок этмоқда.
Анжуман жараёнида минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, Анқара декларацияси ҳамда қатор ҳужжатлар имзоланди. Бироқ Озарбайжонда рўмол ўраган ўқувчи қизлар ва муаллималарнинг рўмол ўрашига қарши қарийб бир ойдан бери давом этаётган зулм ҳақида ҳатто бир оғиз ҳам сўз айтилмади. Бу эса ташкилот ичидаги тафовутнинг яна бир кўриниши бўлиб қолди. Бунга қадар ҳам Қозоғистон “Исроил”нинг суверенитетини тасдиқлайдиган ва мустаҳкамлайдиган «Иброҳим келишувлари»га қўшилган эди. Манфаатпарастликка асосланган капиталистик дунёқараш туфайли Озарбайжон ва Қозоғистон яҳудий вужудини нефть билан таъминлаб келмоқда. Шунингдек, улар хавфсизлик ва қурол-яроғ савдоси соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтириб боришмоқда.
Албатта, бу билан ташкилотнинг бошқа аъзолари бу каби хиёнат ва ноҳақликлардан холи, деб бўлмайди. Зеро, миллатчилик ва Ислом шиорлари билан ном қозонган Эрдоган Туркияси ҳам яҳудий вужуди билан савдо алоқаларини давом эттирмоқда, Қозоғизстон ва Озарбайжон нефтини етказиб беришда воситачилик қилиб келмоқда.
Демак, Туркий Давлатлар Ташкилоти шу кунга қадар туркийлик шиори остида Америка манфаатлари йўлида Марказий Осиё минтақасини Россия ва Хитойдан узоқлаштиришга хизмат қилиб келган бўлса, бугунга келиб унинг ичида моддий манфаатлар устунлик қилиб бормоқда. Бу эса миллатчилик тушунчасининг капиталистик мафкура қаршисидаги ожизлигини кўрсатувчи табиий кўринишдир. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, манфаат устун келган жойда ўзаро алоқаларнинг сусайиши ҳам табиийдир.
Шунинг учун ҳам Туркий Давлатлар Ташкилотининг популистик шиорлари ҳамда усти ялтироқ иззат-ҳурматли муносабатларига алданиб, уни умматни уйғотувчи ташкилот сифатида кўрадиганлар қаттиқ янглишади. Аксинча, ТДТ умматни бир мустамлакачининг қучоғидан бошқа бир мустамлакачининг таъсирига топширишдан ўзга мақсадни кўзламайди. Бошқача айтганда, унинг мақсади — Марказий Осиёни минтақада анъанавий таъсир доирасига эга бўлган Россия ва Хитойдан узоқлаштириб, Ғарб сари буришдир.
Умматни уйғотиш йўли асло миллатчилик ёки вақтинчалик манфаатларга асосланган ташкилотлар орқали бўлмайди. Аксинча, бугунги кунда дунёни оч каламушдек кемириб ётган капиталистик бошқарувдан воз кечиб, Ислом ақидаси асосида умматни бирлаштириш ва шариатни тўлақонли равишда инқилобий тусда ҳаётга татбиқ этадиган Халифалик давлатини барпо этиш орқали рўёбга чиқади. Ўшанда мўминлар бугун чекаётган азобларидан қутулиб, фатҳ қилувчи қудратга айланади. Аллоҳ Таоло айтади:
وَيَقُولُونَ مَتَى هُوَ قُلْ عَسَى أَنْ يَكُونَ قَرِيباً
«Ҳали улар: “У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса”, деб айтинг!». (Исро сураси, 51-оят)
Мумтоз Мавароуннаҳрий




