Мақолалар

Ҳиндистонда намоз ўқиган мусулмонлар ҳибсга олинмоқда

Ҳиндистонда намоз ўқиган мусулмонлар ҳибсга олинмоқда

Ҳиндистоннинг Барейли туманида полиция 12 нафар мусулмон эркакни бўш турган уйда намоз ўқиганликда айблаб ҳибсга олди. Улар жамоат тартибини бузганликда айбланиб, судга чиқарилди ва суд уларни гаров эвазига қўйиб юборди.

Мусулмонларнинг намоз ўқиётган видеоси интернетда тезда тарқалиши ва натижада қишлоқ аҳолисининг шикоятлари ортидан полиция номозхонларни ҳибсга олди. Полиция берган маълумотларга кўра, кўплаб қишлоқ аҳолиси полиция бўлимига келиб, ҳудуддаги бўш уйда намоз ўқилаётгани ҳақида хабар беришган. Сўнг полиция воқеа жойига бориб, 12 кишини ҳибсга олган. Полиция ходимининг таъкидлашича, жамоат тартибини сақлаш учун қонунда белгиланган профилактика чоралари кўрилган ва натижада бир неча киши ҳибсга олинган.

Мусулмон жамоасининг аъзолари ва кўплаган фаоллар мазкур ҳибсга олишлардан ташвишда эканликларини ва жамоий ҳолда тинч намоз ўқиш қандай қилиб жамоат тартибини бузиши мумкинлиги ҳақида ўз хавотирларини билдиришди. Бу воқеа тинч ва қисқа вақтда ўқиладиган намозлар қонунбузарлик сифатида баҳоланишининг асоси бор-йўқлиги ҳақида бир қатор саволларни келтириб чиқарди. Масала юзасидан хавотир билдирганлар, бундай намозлар одатда тинч ўтишини, атиги бир неча дақиқа давом этишини ва кўпинча яқин атрофда масжидлар ёки махсус намоз жойлари йўқлиги сабабли шундай бўш жойларда ўқилишини маълум қилишди.

Ҳиндистонда Нарендра Моди 2014 йилда ҳокимият тепасига келганидан буён мусулмонларнинг аҳволи кескин ёмонлашди. Ҳиндутва мафкурасига таянган ҳукмрон БЖП партиясининг сиёсати мамлакатнинг энг йирик диний озчилиги бўлган мусулмонларни тизимли зулм объектига айлантирди.

Диний зўравонлик бутун мамлакат бўйлаб кучайди, жумладан, «муқаддас сигирларни ҳимоя қилиш» баҳонасида инсонларни жазолаш ва ўлдириш ҳолатлари кўпайди. Бундай ҳодисалар қурбонларининг аксарияти мусулмонлардан иборат бўлиб, жиноятчилар жазога тортилмаяпти ёки фақат шартли жазо билан қутилиб қоляпти. Шу билан бирга, ҳукумат амалдорлари орасида мусулмонларга қарши очиқ оммавий риторика ҳам кескин кўпайган.

Давлат сиёсати бу тенденцияни баттар кучайтирди. 2019 йилда қабул қилинган Фуқаролик тўғрисидаги қонун фуқароликнинг соддалаштирилган тартибидан мусулмонларни маҳрум қилиш орқали тенглик тамойилини тўғридан-тўғри бузди. Баъзи штатларда «севги жиҳоди» деб номланган қонун мусулмонларни таъқиб қилиш ва уларнинг шахсий ҳаётига дахл қилиш учун қўлланилмоқда.

Энди бугунги кунга келиб тинч диний ибодатнинг ўзи ҳам жамоат тартибига таҳдид сифатида кўрила бошланди. Мусулмонлар жамоат намозлари учун ҳибсга олинмоқда, масжидлар вандализмга учрамоқда ва диний йиғилишлар чекланмоқда. Бу ҳаракатлар қўрқув ва маргинализация муҳитини яратди.

Ҳукумат «барча учун тенглик» ҳақида баёнотлар бериб келаётган бўлса-да, ҳақиқат умуман бошқача. Моди даврида мусулмон жамоаси тобора кўпроқ камситиш, зўравонлик ва ҳуқуқий босимга дуч келмоқда.

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button