Кремлнинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан сиёсати

Кремлнинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан сиёсати
Александр Дугиннинг «Инфоцелина» YouTube каналига берган ва кейинчалик бир қатор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган баёнотларини россиялик жамоат арбобининг шунчаки яна бир радикал фикри деб ҳисоблаш тўғри бўлмайди. Аксинча, бу Россиянинг постсовет ҳудудига бўлган муносабатининг натижасидир.
Аввал ҳам бундай ғоялар журналист Владимир Соловёвнинг оғзидан чиққан эди, аммо Россия Ташқи ишлар вазирлиги уларни журналистнинг шахсий ва эркин фикри сифатида изоҳлаган эди. АҚШнинг Венесуэлага қарши ҳаракатлари ва Доналд Трампнинг Гренландия суверенитетига нисбатан таҳдидлари очиқ душманлик ва босқинчилик тамойилларини тан олиш учун етарли баҳона бўлди. Бироқ, Соловёв ва унинг ортидан Дугин аниқ халқаро воқеаларни таҳлил қилиш ўрнига, бу вазиятдан халқаро тартиб тамойилларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва бир қатор давлатларнинг суверенитетини аниқ рад этиш учун баҳона сифатида фойдаланишди.
“Қачонки, халқаро ҳуқуқлар етакчи давлатларнинг манфаатлари ва талабларига жавоб бермай қолса урушлар юзага келади… Ҳозирда дунё Американинг манфаатларига мувофиқ қайта шакллантирилмоқда ва қайтадан тартибга келтирилмоқда. Аслини олганда буни Учинчи Жаҳон уруши деб ҳисоблаш мумкин”, деди Дугин. Кейин эса у асосий хулосага ўтиб, шундай деди: “Россияни империя деб эълон қилишдан ва ҳеч ким узоқ вақтдан эътиборга олмай қўйган халқаро ҳуқуқни рад этишдан бошқа чорамиз қолмади”.
Дугиннинг нутқидаги энг муҳим қисми бугунги Россия сиёсатининг моҳиятини очиб берган қуйидаги қисмидир: “Арманистон, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг мустақиллигини қабул қилиб бўлмайди. Бу янги моделда ҳеч қандай мустақиллик бўлиши мумкин эмас. Улар ё бизнинг лагеримизда – ягона иттифоқнинг таркибида бўлади, ёки Ғарб, Америка ё Хитойнинг жанг майдонига айланади”. Дугин сўзиниг охирида: “Мустақиллик даври тугади, миллий давлатлар ўтмишда қолди. Бундан буёғига у ташландиқ нарсадир”, дея миллий давлатлар ҳақида ўз ҳукмини эълон қилди.
Бу сўзларни шунчаки фалсафий назария сифатида қабул қилиб бўлмайди. Чунки Александр Дугин бугунги кунда четга суриб қўйилган ёки ёлғиз курашаётган шахс эмас. У Россия Давлат Гуманитар Университетининг Иван Ильин номидаги Олий Сиёсат Мактабининг директоридир. Ушбу муассаса сиёсий элитани ташкил этувчи давлат тизими билан бевосита алоқага эга.
Дугин ўнлаб йиллар давомида Евроосиё ғоясининг тарғиботчиси бўлиб келди. Бу доктрина давлатларнинг тенг ҳуқуқлилигини, халқаро ҳуқуқнинг универсаллигини ва «цивилизация империялари»дан ташқарида миллий суверенитет ғояси бўлишини рад этади. Унинг роли қарор қабул қилиш эмас, аниқроғи қарорларни моҳияти нуқтаи назаридан оқлаб беришдир. Бошқача қилиб айтганда, Дугиннинг мақсади тажовузни «тарихий зарурат»га, мустамлакачилик сиёсатини эса «геосиёсий реализм»га айлантиришдир.
Дугиннинг халқаро ҳуқуқни очиқчасига рад этиши алоҳида аҳамиятга эгадир. Унинг талқинида ҳуқуқ – бу кучсизларни ҳимоя қилишнинг универсал механизми эмас. Аксинча, ҳуқуқ кучли давлатларнинг манфаатларига хизмат қилмай қолганда ташлаб юбориладиган вақтинчалик қуролдир. Мана шундан келиб чиқиб, Марказий Осиё худди Украина каби, амалда “зўравонликка йўл қўйиладиган зона” сифатида кўрилмоқда. Бундай шароитда суверенитет хавфсизлик кафолати бўла олмайди, чегараларга вақтинчалик тушунмовчилик сифатида қаралади. Бундай тизимда босим ўтказиш, қўрқитиш ва уруш сценарийлари истисноий ҳолатга эмас, балки одатий нормага айланади.
Ушбу баёнотлар билан бир қаторда, россиялик телебошловчи Владимир Соловёвнинг Марказий Осиё ва Арманистонни очиқчасига Россиянинг таъсир доираси остида деб аташи ва миллий хавфсизликни таъминлаш учун бошқа мамлакатларда “махсус ҳарбий операция” бошлаш имкониятини истисно қилмаслиги муҳим аҳамиятга эгадир. Дугин суверенитетни рад этишнинг мафкуравий асосини ишлаб чиққан бўлса, Соловёв бу мантиқни оммавий тарғибот тилига таржима қилиб, ўз мустамлакаларига қарши уруш очишни нафақат мақбул ишга, балки зарурий қадамга айлантирмоқда.
Ҳозирги Россия мустамлакачилик шаклланиш жараёнидан тўлиқ қутула олгани йўқ. Илгари Кремл ўзининг мустамлакачилик сиёсатини тан олмай келган бўлса, эндиликда у ташқи минтақаларга ҳукмронлик қилишни табиий ҳол деб ҳисоблай бошлади. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё суверен давлатлар тўплами эмас, аксинча қўлдан чиққан ҳудуд ҳамда тарихда бўйсундирилган аммо ҳозирда тўғридан-тўғри маъмурий назоратдан вақтинча чиқиб кетган зона ҳисобланади. Шу сабабли, Россияда ўтказиладиган жамоатчилик муҳокамаларида бу мамлакатларнинг мустақил ташқи сиёсатга ва ўз ривожланиш моделига эга бўлиш ҳақ-ҳуқуқи жуда осонликча инкор этилади.
Дугиннинг сўзларига шунчаки бир таҳдид сифатида эмас, балки жиддий касаллик аломати сифатида қаралиши лозим. Унинг сўзлари, Марказий Осиёнинг суверенитетига қилинаётган таҳдидлар тасодифий эмаслигини ёки бир кишининг шахсий фикри эмаслигини кўрсатиб турибди. Бу таҳдид ҳозирги Россия давлатчилигининг мафкуравий тузумига мустаҳкам ўрнашган. Бу тузумда босқинчилик ҳаётнинг ягона мазмун моҳияти бўлиб, собиқ мустамлакаларнинг мустақиллиги – тузатилиши керак бўлган «тарихий хато» сифатида талқин қилинади.
Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари ва минтақа халқлари мустамлакачиларнинг душманлиги ва уларнинг босқинчилик режаларини тан олмагунча ва ўз ҳукмдорларидан Ислом байроғи остида ягона давлатда бирлашиш учун барча сиёсий чораларни кўришни талаб қилмагунча Кремлга қарам бўлиб қолаверади. Бу минтақа фақат Ислом мафкураси асосида бирлашиш орқали Россия каби фақат оғизда кучли бўлган мустамлакачи мамлакатларнинг таҳдидлари ва шантажларидан холи бўлиши мумкин.
Латифул Расих




