Мақолалар

Бугунги дунё тартибининг бузилиши нимани англатади?

Бугунги дунё тартибининг бузилиши нимани англатади?

Воқеалар ва уларнинг ривожи

Бугунги жаҳон сиёсати ўзаро бир-бирига боғлиқ бўлмаган янгиликлар тўплами каби кўринмоқда: савдо битимлари, энергетика қарорлари, раҳбарларнинг кескин баёнотлари ва ҳоказо… Бироқ, агар содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга чуқурроқ назар ташласак, маълум бир тенденциянинг ёки бир йўналишга қаратилган ҳаракатнинг белгилари кўрина бошлайди. Шуни айтиб ўтиш лозимки, бизнинг вазифамиз айнан мана шу манзарани бутунича акс эттиришдир.

Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо шартномаси, Европанинг Россия газидан воз кечиш ҳақидаги қарори, Трампнинг Гренландия борасидаги риторикаси – буларнинг барчаси бир хил жараённинг турли кўринишларидир. Бу жараён илгари барқарор деб ҳисобланган ёки бир вақтлар дунёга ҳукмронлик қилган капиталистик тузумдан ва халқаро муносабатларнинг эски форматидан аста-секин узоқлашишдир.

Доимий ўзаро боғлиқликдан муносабатларнинг узилишига қарата ташланган қадам

Капиталистик дунё узоқ вақт давомида «чуқур иқтисодий ўзаро ҳамкорлик можаролар хавфини камайтиради ва муносабатлар тузилишини янада барқарор қилади» деган оддий қоидага таяниб келмоқда.

Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги энергетика алоқалари бу қоиданинг оддий намунаси эди. Газ шунчаки товар эмас эди. Аксинча у Евроосиё қитъасидаги сиёсий барқарорликнинг элементи эди. Бундай алоқаларни узиш барча томонлар учун жуда қиммат ва хавфли ҳисобланарди. Европа Иттифоқининг Россия газидан воз кечиш қарори кутилмаган, аммо зарурий бурилишдир. Европа тарихда биринчи марта иқтисодий самарадорлик ўрнига стратегик мустақилликни танлашга мажбур бўлди. Бу муҳим воқеадир, чунки ўзаро боғлиқлик энди хавфсизлик кафолати бўлмай қолди, узоқ муддатли шартномалар сиёсий ҳимоясини йўқотди, иқтисод эса геосиёсат воситасига айланди.

Европанинг нархларнинг кўтарилишига, инфратузилманинг қайта қурилишига ва қимматроқ, аммо беқарор манбаларга қарам бўлишга рози бўлганлиги муҳим кўрсаткичдир. Бу «сиёсий хавф иқтисодий мантиқдан ва тежамкорликдан муҳимроқ»дир деган барча сиёсий ўйинчиларга қаратилган сигналдир.

Европа Иттифоқи-Ҳиндистон: ҳамкорликдан аввал эҳтиёт чораси

Бундай шароитда, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо шартномаси оддий келишув эмас, аксинча «эҳтиёт чоралари» тизимининг бир элементи ҳисобланади. Бу янги куч марказини вужудга келтиришга уринишдек кўриниши мумкин, шунингдек у тўғридан-тўғри «Хитойга қарши блок» бўлмаса-да, келажакда бу вазиятдан Хитой зарар кўрадиган тараф бўлиб қолиш эҳтимоли катта.

Бу тизимда Хитой тўлиқ изоляция қилинмайди. Бироқ, у ўзи учун анча хавфли бўлган динамикага дуч келмоқда: эндиликда янги инвестициялар эҳтиёткорлик билан тақсимланяпти, келажакдаги таъминот занжирлари эса сиёсий хавфларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилмоқда. Бунинг натижасида, Хитойнинг «асосий марказ» деган мақоми аста-секин йўқолиб бормоқда. Бу ҳозирча катта инқироз сифатида ҳис этилмаса-да, бироқ келажакдаги устуворликларнинг секин пасайишини ва режалар ёки лойиҳаларнинг бузилишини англатади. Шу билан бирга, минтақадаги Бангладеш, Ветнам, Камбоджа каби кичик давлатлар Европа билан эски алоқаларидан ажраб қолиши мумкин. Европа учун бу шерикларни диверсификация қилиш, хавфларни қайта тақсимлаш ва қийин пайтларда ёки глобал вазият ёмонлашган пайтда альтернативаларни топишга уриниш ҳисобланади.

Ҳиндистон учун бу келишув ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир: у узоқ вақтдан бери ривожланиш, инвестиция ва мақом учун ушбу келишувга интилиб келмоқда. Европа Иттифоқи учун эса бу авваламбор барқарорликни ўрнатиш ва қатъий қадам ташлаш учун бир имкониятдир. Бундай келишувлар ҳозирча эски алоқаларнинг ўрнини босадиган даражага етгани йўқ, фақат улар муваффақиятсизликка учраган тақдирда эҳтиёт чораси жиҳатидан муҳимдир.

Трампнинг баёноти ва ёзилмаган қоидаларнинг қулаши

Бир қарашда, Гренландия ҳақидаги баёнотлар ғалати баёнотга ўхшайди. Бироқ, сиёсий нуқтаи назардан қараганда, улар кўринганидан кўра анча муҳимроқдир. Бу ерда гап минтақани эгаллаб олиш ҳақида эмас, ҳаммага маъқул бўлган ва барча учун бир хил белгиланган тақиқларни бузиш ҳақида кетмоқда. Бугунги кунгача иттифоқчилар ҳудуди дахлсиз деб ҳисобланиб келган, иттифоқ ичидаги суверенитет масалалари ҳам очиқ муҳокама қилинмаган.

Дунёдаги энг йирик кучли давлатнинг етакчиси бундай баёнотлар беришни бошлаганда, халқаро муносабатлар «транзакцион», яъни савдолашишга асосланган кайфиятга ўта бошлайди. Иттифоқлар ўз қийматини йўқотади, уларнинг узоқ муддатли ҳамкорлик хусусияти пасаяди. Қоидалар эса фақат ўзига мос келган жойда ишлайди, деган ишончсизлик ҳисси кучаяди. Бу ҳолат Европа Иттифоқининг автономияга интилишининг яна бир сабабига айланди. Чунки ҳатто барқарор бўлган кафолатлар ҳам бундан буён беқарор ва ўзгарувчан бўлиб қолди.

Асосий тенденция

Агар майда деталларни олиб ташласак, жаҳон сиёсатининг асосий йўналиши аниқ кўрина бошлайди: дунё капиталистик тузумнинг янги барқарор моделига эмас, аксинча, ягона маркази бўлмаган ва эски универсал қоидалар ишламайдиган шароитда «ўзини ўзи ҳимоя қилиш» режимига ўтмоқда. Хавфсизликка бўлган ишончнинг пасайиши сиёсий актёрларни ўз стратегияларини қайта кўриб чиқишга ундамоқда. Иқтисод сиёсий садоқатини йўқотди, хавфсизлик энди савдонинг кафолати бўлмай қолди. Иттифоқлар қисман ва вақтинчалик бўлиб қолди. Мамлакатлар бир вақтнинг ўзида бир-бирига рақиб бўлган лагерлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, АҚШнинг стратегик режасида Россия шунчаки рақобатчи эмас, балки «душман» сифатида белгиланган, аммо воқеликда биз Путин билан Трампнинг Украина можароси масалалари бўйича махфий битимлар тузаётганини кўряпмиз.

Назоратни йўқотиш

Энг хавфли сценарийлар ҳақида гап кетганда, одатда катта уруш таҳдиди кўриб чиқилади. Бу ҳақиқатан ҳам хавфли, шунинг учун барча томонлар ундан қочиш учун қўлларидан келганини қилишади. Бироқ, айни пайтда камроқ муҳокама қилинадиган, аммо катта урушдан кўра анча реал бўлган яна бир сценарий мавжуд. Аниқроқ айтганда, бу катта можаро юз бермай туриб мавжуд тартибнинг қулашидир. Бу инқирозларнинг тўпланиши, чекловларнинг автоматик тарзда қўлланилиши, қоидаларга ишончнинг йўқолиши ва институтларнинг вазиятни барқарорлаштира олмаслиги каби кўринишларга эга. Охир-оқибат, бу катта сиёсий инқирозга олиб боради. Бу ҳозирча капиталистик тузумнинг тўлиқ қулаши эмас, балки мавжуд глобал бошқарув механизмларининг аста-секин бузилишининг бошланишидир.

Хулоса:

Сиёсий ўзгаришлар аллақачон бошланган. Унинг иқтисодий таъсири бир неча йил ичида тўлиқ сезила бошлаши кутилмоқда, аммо дастлабки аломатлар ҳозирданоқ сезилмоқда. Стратегик жиҳатдан олганда ҳамма нарса бир неча йил ичида аниқ бўлади, аммо ўша пайтга келиб, жуда кеч бўлиши мумкин. Аниқроқ айтганда, мослаша олмаганлар узоқ муддатли беқарорлик босқичига тушиб қолишади.

Европа Иттифоқининг Россия газини сотиб олишдан бош тортиши, Ҳиндистон билан тузилган келишувлар ва АҚШнинг риторикаси – буларнинг барчаси тасодиф эмас. Бу буюк давлатларнинг эски устунлари йўқолган дунёга мослашишга уринишларининг кўринишидир. Бу ҳодисанинг дастлабки белгиларидан бири шундаки, капиталистик мамлакатлар энди мавжуд тузумнинг барқарорлигига ишонмай қолди. Шунинг учун улар кеч бўлмай туриб, унинг қулаш эҳтимолига қарши тайёргарлик кўришмоқда. Айнан шу нарса ҳозирги даврни тизимли ишончсизлик билан омон қолиш ҳаракати ўртасида саросимага солмоқда.

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button