Қирғизистондаги аёллар ҳам капитализм зулмидан омон қолмади

Қирғизистондаги аёллар ҳам капитализм зулмидан омон қолмади
Жамиятда татбиқ этилаётган капитализм низоми ҳаётдаги иккиюзламачи мунофиққа ўхшайди. Мунофиқ гапирганда, ёлғон гапиради, сўзлари амалларига мос келмайди ва ҳаракатларининг натижалари ҳам гапирган гапларига мутлақо тўғри келмайди. Демократия ниқоби остидаги капитализмнинг аёлларга нисбатан ғоялари, қадриятлари, стандартлари ва нормалари, шунингдек, тамойиллари ва қонунлари ҳам худди шундай. Масалан, бир вақтлар капитализмни шакллантирган файласуфлар тарафидан «эркинлик» ғояси, жумладан «аёллар эркинлиги» ғояси илгари сурилиб, «аёллар жамиятда, яъни сиёсатда, таълимда, иқтисодиётда ва ҳоказоларда фаол бўлиши керак» деган ғояни ўз ичига олган эди. Капитализмнинг шаклланиш тарихида бу ғоялар жамиятга сингдирилиб, «қадриятларга» айланди. Ўз навбатида бу қадриятлар – айниқса, босқинчиликнинг асосий воситаси бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотида – тамойиллар сифатида қабул қилиниб, халқаро нормалар ва стандартларга киритилди. Давлатлар эса бу стандартларни ўзлари учун модел сифатида намуна қилиб, нормаларни бу соҳадаги давлат қонунлари учун манба қилиб олишди.
Юқорида тилга олинган «қадриятлар» қанчалик усти ялтироқ сўзлар билан ифодаланмасин, улардан келиб чиқаётган салбий оқибатлар уларнинг «ичи қалтироқ» эканлигини кўрсатиб турибди. Масалан, «жисмоний эркинлик» туфайли аёллар танаси товарга айланди. «Гендер тенглиги»га кўра аёллар, эркаклар ҳам уддалай олмайдиган ишларни бажаришга жалб қилинди ва солиқ тўловчиларга айлантирилди. Ишдан қўли бўшамаган бечора аёллар фарзандларини болалар боғчаларига, кейин эса мактабларга топширишди, оналик таълим-тарбияси ўз ўрнини йўқотди, уларнинг фарзандлари эса, капиталистик стандартларга мувофиқ таълим олиб, миялари капиталистик тарбия билан ювилди ва капиталистлар учун тайёр қуллар сифатида улғайди. “Аёлларни сиёсат ва ҳукуматга жалб қилиш” ғояси аёлларни шантаж қурбонига айлантирди. Бундай аёллар ўзларини уйдаги аёллик ва оналик вазифаларидан узоқлашиб, оила институтининг йўқ қилинишига ҳисса қўшдилар.
Ҳозирги пайтда Қирғизистонда аёлларга қарши содир этилаётган даҳшатли жиноятлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Агар капитализмнинг татбиғи давом этаверса, бундай жиноятларнинг сони яна-да ортиб бораверади ва бундан ҳам даҳшатли ҳодисалар юзага келиши кутилади. Чунки Қирғизистон ҳам глобал капитализм карвонида ҳаракатланмоқда. Бу бузуқ капитализм балоларидан бошимизга келганларидан келмаганлари кўп. Бундай салбий оқибатларга қарши қабул қилинган «ямоқчи» қонунлар ҳеч нарсага ярамайди. Бугунги кунда «Эпштейн воқеалари» бутун дунёни ларзага солди. Эпштейн ҳужжатларида дунёни бошқараётган босқинчи давлатларнинг мулозимлари ва бошқа машҳур шахслар аёлларни қандай эксплуатация қилганларини очиқ кўриш мумкин. Мана бизлар «ўрнак» сифатида қабул қилаётган одамларнинг аҳволи, мана бизлар орзу қилаётган жамиятлар! Мана шулар биз интилаётган «қадриятлар(!)».
Ислом Уммати, шу жумладан Қирғизистоннинг мусулмон халқи ҳам кофирлар томонидан Исломдан узоқлаштирилганлиги туфайли мана шу капитализмнинг зулми остида эзилмоқда. Муслима аёлларимиз капиталистик ҳаёт тарзидан азият чекмоқда. Шунинг учун биз албатта Ислом динимизни яхши ўрганишимиз лозим.
Ислом аёлларга қандай қарайди?
Ислом аёлга бешикдалиги чоғидаёқ ғамхўрлик кўрсатиб унга ўз қадр-қийматини берди. Натижада аёл қиммат васият ва буюк омонат бўлиб қолди. Агар аёлнинг аҳли унга яхши ғамхўрлик кўрсатиб унинг ҳаққида Аллоҳ омонатини адо этишса Аллоҳ уларга жаннат ва унинг неъматларини ваъда қилди.
Расулуллоҳ ﷺ шундай дедилар:
«مَنْ كَانَ لَهُ ثَلاَثُ بَنَاتٍ فَصَبَرَ عَلَى لَأْوَائِهِنَّ وَسَرَّائِهِنَّ وَضَرَّائِهِنَّ أَدْخَلَهُ الْجَنَّةَ بِفَضْلِ رَحْمَتِهِ إِيَّاهُنَّ: قَالَ رَجُلٌ: وَابْنَتَانِ؟ قَالَ: وَابْنَتَانِ، قَالَ رَجُلٌ: وَوَاحِدَةٌ؟ قَالَ: وَوَاحِدَةٌ»
«Кимнинг уч қизи бўлсаю уларни боқиш машаққатларига, хурсандлик ва хафаликларига сабр қилса Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳм-шафқати туфайли жаннатга киргизади. Шунда бир киши: икки қизи бўлсачи?-деб сўради. Пайғамбаримиз: икки қизи бўлса ҳам дедилар. Яна бир киши: битта қизи бўлсачи? – деб сўради. Пайғамбаримиз: битта қизи бўлса ҳам дедидар».
Ислом аёлнинг ўсмирлиги чоғида унинг ишлаш, меҳнат қилиш ҳуқуқини уни аёллигидан фойдаланилишига йўл қўймайдиган тарзда кафолатлаб қўйди. Унга ўз аёллигини сотиб тирикчилик қилишни ҳаром қилди. Ислом аёлга қўриқлаб авайланадиган, бошқага фақат Аллоҳ калимаси билангина ва Унинг ҳукмларига мувофиқ ҳалол бўладиган бир қимматбаҳо дур деган эътиборда қаради. Шунинг учун аёл уй бекаси, меҳрибон она, ва унинг ҳимояси учун жон қурбон қилинадиган ор-номус деб белгиланди. Ислом қиз боланинг нафақасини оиланинг валийсига юклади. Агар у ишлашни хоҳласа, валий бошқалар унинг аёллигидан фойдаланишига йўл қўймайдиган шароитларни яратиб бериши керак бўлади. Ҳақиқий мусулмон эркак қизини маҳрамсиз сафарга чиқармайди, ҳижобсиз кўчага чиқишига йўл қўймайди. Бу билан уни ёмон кўзлардан, бемани сўзлардан ва қора ниятлардан ҳимоя қилади. Аллоҳ унга ишониб топширган қизини ҳар қандай ёмонликдан ҳимоя қилади ва уни ўз вақтида турмушга беради. Шу тарзда, бу гавҳар дурдонаси ўз турмуш ўртоғининг уйига юксак мартаба, қадр-қиммат ва иззат-икром билан тантанали равишда кириб боради.
Аёл Расулуллоҳ ﷺнинг Ҳажжатул вадоъдаги васияти бўлди. У зот ﷺ Хажжатул Вадода шундай васият қилдилар:
«اسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْرًا فَإِنَّمَا هُنَّ عِنْدَكُمْ عَوَانٌ… أَلاَ وَحَقُّهُنَّ عَلَيْكُمْ أَنْ تُحْسِنُوا إِلَيْهِنَّ فِي كِسْوَتِهِنَّ وَطَعَامِهِنَّ»
«Аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлинглар, чунки улар қарамоғингиздаги асиралардир… Огоҳ бўлингки уларнинг устингизда ҳақлари бор, уларни яхши кийинтиринг ва едиринг».
Пайғамбаримиз ﷺ яна бундай дедилар:
«إِيَّاكَ وَالْقَوَارِيرَ، إِيَّاكَ وَالْقَوَارِيرَ»
«Бу шишаларга (қўполлик қилишдан) эҳтиёт бўл, бу шишаларга (қўполлик қилишдан) эҳтиёт бўл».
Ислом ота-онага яхшилик қилишни ҳам ўта кўп тавсия қилди. Набий ﷺ бу тўғрида она ҳаққини қаттиқ таъкидладилар, унга яхшилик қилишни отага яхшилик қилишдан муқаддам қўйдилар. Ислом қариндош уруғлар билан боғланишга, айниқса опа-сингилларга ғамхўрлик кўрсатишга, қизлар тарбиясига эътибор беришга ўта кўп буюрди. У аёлларга энг катта масъулиятни – яъни, фарзанд тарбиясини юклади. Ислом ҳар бир аёлга унинг эҳтиёжлари ҳақида етарли қайғурадиган ва унга ғамхўрлик кўрсатадиган бир шаръий ҳомийни белгилаб қўйди, энди агар аёлнинг яқинларидан бирон валийси бўлмаса у ҳолда унинг иши ҳақида қайғуриш улул амр (бошлиқлар) зиммасига вожиб бўлади. Ислом аёлларни меросхўрлар қаторига қўшди ва уларга тадбиркорлик қилиш ҳамда ҳукмдорларни муҳосаба қилиш ҳуқуқини берди.
Исломий шариат аёлни буюк мақомга кўтарди ва жаннатни оналар оёғи остида қилиб қўйди. Исломда кекса ёшга етган онахон бувилар уйларнинг тўрида, энг яхши ўринларда ўтирадилар, уларни энг лазиз таом билан сийланади, қўллари ва бошлари ўпилади, уларга яхши хизмат ва катта эҳтиром кўрсатилади, олдиларида ҳурмат юзасидан қўл қовуштириб турилади, саждаларда, икки сажда орасида ва намозлар ортидан уларнинг ҳаққига дуо қилинади… Буви бўлиб қолган пайтда ҳам унга иззат-икром кўрсатилади. Капитализмда эса бунинг тамоман тескарисидир. Чунки кекса ёшдаги бувиларнинг бу низомлардаги қисмати қариялар уйига ташлаб қўйилиш бўлади. Улар бу мамлакатларда жамият елкасидаги боқимондадек бўлиб қоладилар, уларни фарзандлари, набиралари малол олиб сиқиладиган бўлиб қолишади, уларни худди юқумли касаллардек ташқи оламдан узиб қўйишади.
Бугунги кунимизда ҳақиқий Исломий билимларни ўргата оладиган муслима қизларимиз жуда кам топилади. Мусулмон халқимиз уларнинг даъватига муҳтож. Шундай бўлишига қарамай, капитализмни қўллаб-қувватлайдиган ва унинг «қадриятларини» ҳимоя қиладиган ҳукумат вакиллари ва уларнинг хавфсизлик кучлари кофирларга малайлик қилиб, муслима қизларимизни ҳибсга олмоқда ва уларнинг даъватларига тўсқинлик қилмоқда. Аслида, ҳукумат вакиллари ҳам, уларнинг хавфсизлик кучлари ҳам мусулмонларнинг фарзандларидир. Шунинг учун улар даъватчи қизларимизни халқдан ажратмасликлари, даъватчи муслималарга зулм ўтказмасликлари, аксинча, уларнинг даъватларини қўллаб-қувватлаб, қизларимизни ўз ҳимояларига олишлари лозим.




