Сақофат

Зулҳижжанинг дастлабки ўн куни — Аллоҳга яқинлашиш учун энг қулай имкониятдир

Зулҳижжанинг дастлабки ўн куни — Аллоҳга яқинлашиш учун энг қулай имкониятдир

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни — Аллоҳ Таолонинг чексиз раҳмати, мағфиратига эришиш ва У Зотга яқинлашиш учун қулай фурсатдир. Бу кунларни Буюк Яратувчи йилнинг бошқа кунларидан афзал ва улуғ қилгани Қуръони Каримда ҳамда Пайғамбаримиз ﷺнинг ҳадисларида зикр этилган. Бу кунлар мўминларнинг қалблари жонланиб, солиҳ амаллар юксак қадр топадиган гўёки бир руҳий баҳор мавсумдир.

Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

‎وَٱلۡفَجۡرِ ١ وَلَيَالٍ عَشۡ ٢ وَٱلشَّفۡعِ وَٱلۡوَتۡرِ ٣ وَٱلَّيۡلِ إِذَا يَسۡرِ ٤ هَلۡ فِي ذَٰلِكَ قَسَمٞ لِّذِي حِجر

«Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоқ (ракаатли намозлар)га қасам. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)! Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!» (Фажр сураси, 1–5-оятлар).

Тафсир уламоларининг аксарияти ушбу ояти карималардаги «ўн кеча»дан мурод айнан Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн куни эканига иттифоқ қилганлар. Чунки бу кунларда ибодатнинг энг улуғ ва асосий турлари: ҳаж, намоз, рўза, садақа, зикр ва қурбонлик қилиш каби амаллар бир ерда жамланган.

Бу кунларнинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: «Аллоҳ Таоло ҳузурида ушбу ўн кунда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра суюклироқ ва афзалроқ амал қилинадиган бирор кун йўқдир». Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий ﷺ шундай дедилар: «Аллоҳ учун Зулҳижжанинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодат, бошқа вақтларда қилинган ибодатлардан кўра севимлироқдир». Шунда саҳобалар – эй Аллоҳнинг росули, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми дейишган эди, Росулуллоҳ ﷺ: «Ҳа, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам, лекин бир киши жони ва моли билан чиқиб, (лекин жиҳоддан) қайтмаса бундан мустасно», дедилар. (Бухорий, Термизий ривояти).

Бу кунлар — мусулмонлар учун Аллоҳнинг ҳузуридаги даражаларини юксалтириш ва У Зотдан нажот сўраш учун берилган буюк бир имкониятдир.

  1. Ихлосли ният ва Аллоҳга яқинлашиш учун қадам ташлаш

Бу кунларнинг улуғлиги фақатгина ташқи амалларда эмас, иймоннинг ҳолати ва холис ниятдан бошланади. Айнан мана шу чин ихлос билан қилинган ният ибодатга жон бағишлайди, амалларни мақбул қилади. Кўпчилик инсонлар бир хил амални бажаришлари мумкин, бироқ улардан бири Аллоҳга яқинлашса, бошқаси савобдан маҳрум қолади, чунки уларнинг ниятлари ва Яратувчига интилишдаги собитқадамликлари турлича бўлади.

Зулҳижжа — мусулмон банда бир лаҳза тўхтаб, Яратувчи ҳузуридаги ўз аҳволига теран назар ташлаши, ўзини сарҳисоб қилиши керак бўлган бир пайтдир. Бу кунлар бизга ўтмишни, Қиёмат кунини ҳамда биргина чин дилдан қилинган тавба инсон тақдирини бутунлай ўзгартиришга қодир эканини эслатади.

  1. Намоз — банда билан Роббиси ўртасидаги энг улуғ ришта

Чин иймон ва тўғри ниятдан кейинги энг буюк амал — намоздир. Бу муборак кунларда намознинг қадр-қиммати янада юксалади. Зеро, Аллоҳ Таоло бу баракали вақтда қилинган ҳар бир солиҳ амални яхши кўради. Зулҳижжада ўқиладиган намоз — бу шунчаки мажбурият эмас, балки Яратувчига бутун қалб билан яқинлашиш учун имкониятдир. Мўмин киши дунё ишларини, ташвиш ва хоҳишларини Аллоҳ учун ташлаб намозга турганда: «эй Аллоҳим! Мана, мен Сенинг ҳузурингдаман», дея Аллоҳимнинг чорловига лаббай деб жавоб бергандек бўлади.

Росулуллоҳ ﷺ айтганлар: «Саждаларни кўпайтир, чунки қилган ҳар бир сажданг эвазига Аллоҳ сенинг даражангни кўтаради ва гуноҳларинга каффорат бўлади» (Муслим ривояти).

Бу кунларда ибодатларни жонлантириш ниҳоятда муҳимдир: фарз намозларини ўз вақтида адо этиш, нафл намозларни кўпайтириш ва тунлари Аллоҳ ҳузурида кўпроқ қоим бўлиш лозим. Айнан мана шу тунги соатлар — қалблар тошбағирликдан покланиб, Аллоҳга бўлган яқинлик лаззатини ҳис этадиган бебаҳо дамлардир.

  1. Рўза — нафсни жиловлаш ва сабр ибодати

Зулҳижжанинг дастлабки тўққиз кунида рўза тутиш — улуғ суннатлардан биридир. Бу ибодат одамлар кўзидан яширин бўлиб, тўлиқлигича фақат Аллоҳга аён бўлади. Айнан шу боис рўза У Зотнинг ҳузурида алоҳида мақомга эгадир.

Росулуллоҳ ﷺ Зулҳижжанинг тўққиз кунида мунтазам рўза тутганлари ҳақида айтилади. Айниқса, Росулуллоҳ ﷺ Арафа куни ҳақида: «Арафа кунининг рўзаси ўтган ва келаси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан», дедилар (Муслим ривояти).

Рўза инсонни сабрга, итоатга ва ихлосга ўргатади. У нафснинг хоҳишларини синдириб, бандага Яратувчи қаршисида қанчалар ожиз эканини эслатади. Мусулмон киши Аллоҳнинг розилиги учун ҳалол неъматлардан ҳам воз кечганида, у ўз итоати орқали Аллоҳга бўлган муҳаббати хоҳиш-истакларидан устун эканини исботлайди.

  1. Дуо — қалб тили

Аллоҳ Таолонинг Ўз бандаларига кўрсатган энг буюк марҳаматларидан бири — Унга тўғридан-тўғри юзланишга изн берганидир. Банда ҳеч қандай воситачиларсиз, тўсиқларсиз, истаган вақтда ва қандай ҳолатда бўлмасин, дуо қила олади.

Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

{وَقَالَ رَبُّكُمُ ٱدۡعُونِيٓ أَسۡتَجِبۡ لَكُمۡ}

«Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман, деди». (Ғофир сураси, 60-оят). Шунингдек:

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ

«Агар бандаларим Сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен (уларга) яқиндирман» (Бақара сураси, 186-оят).

Бу кунлар — сон-саноқсиз дуолар қабул бўладиган вақтдир. Яъни Банда Аллоҳдан кўп нарсаларни: мағфиратни, қалб покланишини, динда собитқадамликни, мусулмонларга нусратни, ўз оиласи ва бутун умматнинг омонлигини, шунингдек, кофр ва золим, тоғут тузумлар устидан келадиган ғалабанинг яқин бўлишини ёлбориб сўрайдиган фурсатдир.

Росулуллоҳ ﷺ: «Дуо ибодатнинг мағизидир», дедилар (Ибн Аббос ривояти).

Зулҳижжада қилинган дуолар — бу шунчаки оддий тилаклар эмас. Бу Аллоҳ ҳузурида ўз муҳтожлигингни намойиш этиш, ожизлигингни бўйинга олиш ва Яратувчининг ёрдамига алоҳида муҳтож бўлиб турган бутун бошли умматнинг ҳолатини ислоҳ қилишга ёлғиз Аллоҳгина қодир эканига чин қалбдан ишонишдир.

  1. Зикр ва такбирлар — қалбнинг жонланиши

Бу кунлар — Аллоҳни поклаб ёд этиш (зикр қилиш) кунларидир. Мўминнинг тили такбир, таҳмид ва таҳлиллар билан банд бўлиши, қалби эса иймон ҳамда Аллоҳнинг улуғлигини ҳис қилиб туриши лозим.

Ат-Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:

«Аллоҳнинг ҳузурида ушбу ўн кундан улуғроқ кунлар ва бу кунларда қилинган амаллардан суюклироқ амал йўқдир. Шундай экан, бу кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар».

Шу боис, мусулмон киши «Аллаҳу акбар», «Ла илаҳа иллаллоҳ», «Алҳамдулиллаҳ», «Субҳаналлоҳ» калималарини тилидан туширмай, ўз қалбини тирилтириши ҳамда ким учун яшаётганини ва кимнинг бандаси эканини чуқур ҳис этиши лозим.

Саҳобалар даврида бозорлар, хонадонлар ва кўчалар такбир садоларига тўлгани каби, бу муборак кунларда бизнинг атрофимиз ҳам зикру-такбирлар билан акс-садо бериши лозим.

  1. Тунги ибодат ва Қуръон тиловат қилиш

Зулҳижжанинг тунлари — Аллоҳ билан холи қолиш вақтидир. Айнан шу осуда тунда инсон дунёнинг шовқин-суронидан, ташвишларидан узилиб, ўз Роббиси билан ёлғиз қолади. Аллоҳ Таоло айтади:

تَتَجَافَىٰ جُنُوبُهُمۡ عَنِ ٱلۡمَضَاجِعِ يَدۡعُونَ رَبَّهُمۡ خَوۡفٗا وَطَمَعٗا

«Уларнинг ёнбошлари жойларидан (ибодат қилиш учун) йироқ бўлур. Улар Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар» (Сажда сураси, 16-оят).

Тунги намозга туриш қалбни поклайди, руҳни юмшатади ва бандани ихлосга яқинлаштиради. Айнан тун сокинлигида тўкилган тавба кўзёшлари Қиёмат кунида нажот топишга сабаб бўлади. Бу кунларда Қуръон ўқиш шунчаки бир расмиятчилик эмас, балки оятлар устида теран тафаккур юритиш ва Аллоҳнинг каломи ила қалбни тирилтириш бўлиши лозим.

  1. Садақа ва инсонларга ғамхўрлик қилиш

Тирик ва соғлом қалбнинг энг ёрқин белгиларидан бири — саховатдир. Бу кунларда мусулмон киши одамларга манфаат етказишга ва уларнинг оғирини енгил қилишга интилиши лозим.

Аллоҳ Таоло айтади:

ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمۡوَٰلَهُمۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ

«Молларини Аллоҳ йўлида сарфлайдиганлар учун…» (Бақара сураси, 262-оят).

Росулуллоҳ ﷺ ҳам шундай марҳамат қилганлар: «Сув оловни ўчирганидек, садақа ҳам гуноҳларни ўчиради (ювиб юборади)» (Термизий ривояти).

Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, қариндош-уруғдан хабар олиш, одамларга таом улашиш, етимлар бошини силаш — буларнинг барчаси юксак сиёсий-ижтимоий англашнинг англашнинг кўриниши бўлиб, бу баракали кунларда улуғ савобларга сабабчи бўлади.

  1. Қурбонлик — Аллоҳга итоатнинг белгисидир

Қурбонлик қилиш — шунчаки байрам анъанаси эмас. Бу Аллоҳга бўлган чексиз итоатнинг ва У Зотнинг розилиги йўлида энг суюкли нарсасини ҳам фидо қилишга тайёрликнинг рамзидир.

Пайғамбаримиз ﷺ айтганлар: «Қурбон ҳайити куни Аллоҳ учун қурбонликка сўйилган жонлиқнинг қонини оқизишдан кўра суюклироқ амал йўқдир» (Аҳмад ривояти).

Қурбонлик бизга Аллоҳнинг ризоси учун энг азиз фарзандини қурбонлик қилишга тайёр бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг улуғ тарихини эслатади. Айнан шу боис қурбонликнинг асл моҳияти — унинг гўшти ёки қонида эмас, балки қалблардаги тақводадир.

  1. Даъват ва яхшиликка чақириш

Бу кунлардаги энг улуғвор ва шарафли амаллардан бири — ҳақиқатни ёйиш, инсонларга Аллоҳни эслатиш ва уларни мусулмонлик бурчларини бажаришга чақиришдир.

Аллоҳ Таоло айтади:

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنْ الْمُنكَرِ

«Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар ва ёмонликдан қайтарадилар» (Тавба сураси, 71-оят).

Даъват — бу инсонларнинг тўғри йўлни топишларини истовчи чин меҳрибонликдир ҳамда бандалар учун Роббисидан келган илоҳий ҳидоят ва низомни барпо этишда кўмакдош бўлишдир. Даъват — бу мусулмон кишининг ғафлат ва лоқайдлик уйқусидан уйғониб, шариатга амал қилиш ҳамда Аллоҳга имон билан хизмат қилиш масъулиятини ҳис этаётганининг яққол далилидир. Инсонларга шаръий мажбуриятларини ва бутун Ислом низомини ҳаётга татбиқ этиш зарурлигини эслатиш — уларнинг нажотига сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, бу кунларда фақатгина шахсий ибодатлар билан чекланиб қолмай, жамият орасида Ислом руҳини жонлантиришга интилиш ниҳоятда муҳимдир. Бу ишлар оилавий ва ижтимоий суҳбатлар, илм мажлислари, чин қалбдан қилинган насиҳатлар ва гўзал намуна бўлиш орқали амалга оширилади.

Хотима

Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн куни — Аллоҳ Таолога яқин бўлишни излаётган ҳар бир мусулмонлар учун бебаҳо қийматли кунлардир. Бу кунлар инсоннинг ички дунёси юксалишида ва ҳақиқий шахс сифатида шаклланишида туб бурилиш ясашга қодир. Бу муборак паллада тавба эшиклари ланг очиқ бўлиб, амалларнинг савоблари бир неча баробар кўпайтириб берилади ва Аллоҳнинг бандаларига бўлган раҳмати яққол намоён бўлади.

Бу кунлар — мусулмон банда ўз қалбини намоз, рўза, дуо, зикр, садақа ва даъват билан жонлантирадиган улуғ фурсатдир. Бу кунларда амалларни шунчаки расмиятчилик учун бажариб қўйиш билан кифояланиб қолмай, бутун вужудимиз ва иштиёқимиз билан Аллоҳга талпиниб адо этмоғимиз лозим.

Аллоҳ Таоло барчамизга бу кунларни ихлос билан кутиб олишни, гўзал ибодатлар билан ўтказишни ҳамда гуноҳларимиз мағфират қилиниб, қалбларимиз покланган ҳолда чиқишликни насиб айласин. Амин!

Абду Шүкүр

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button