Мақолалар

Кадрларнинг ўзгариши тараққиётга олиб келадими?

Кадрларнинг ўзгариши тараққиётга олиб келадими?

Қирғизистонда миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев лавозимидан озод қилинганидан сўнг унинг ўринбосарлари ва муассасанинг Бишкек шаҳар ва вилоят бошқармалари раҳбарлари ҳам алмаштирилди. Бунинг ортидан баъзи вазирлар, Ўш шаҳар мери, парламент раиси ва парламентнинг айрим депутатларининг ваколатлари ҳам ўзгартирилди. Кадрлар ўзгариши давом этиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Ташиевга яқин айрим хавфсизлик ходимлари конституциянинг «коррупция» банди бўйича, баъзи амалдорлар эса конституциянинг «оммавий тартибсизликлар» банди бўйича ҳибсга олинди. Аммо “президент Садир Жапаров томонидан амалга оширилаётган бу «ислоҳотлар» халқнинг ҳаётига қанчалик таъсир қилади?”, “Ушбу «ислоҳотлар» орқали тараққиётга эришамизми?”, деган саволлар туғилиши табиий.

Юқоридаги ўзгаришларни «ислоҳот» сифатида баҳолаш ўрнига, ҳокимиятни бир қўлдан иккинчи қўлга ўтиши сифатида баҳолаш тўғри бўлади. Чунки ҳокимиятнинг табиати, айниқса диктатурага мойил бўлган президент маъмуриятининг табиати ҳокимиятнинг бўлиниб кетишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, мамлакатда президентлик бошқаруви билан бирга капиталистик қонунлар татбиқ қилинади. Капиталистик қонунлар «инвестиция» ва «тадбиркорлик» баҳонасида бир ҳовуч бадавлат шахслар учун шароит яратиш мақсадида қабул қилинади. Натижада, мамлакатнинг табиий ресурслари ва бошқа бойликлари ўша бир ҳовуч одамлар қўлида тўпланиб қолаверади. Юқорида айтиб ўтилган «ислоҳот» ёки ҳокимият алмашинуви орқали мана шу бойликлар бир гуруҳнинг қўлидан бошқасининг қўлига ўтади. Буни «қустуризация» орқали амалга оширилган ишларнинг натижалари яққол кўрсатиб турибди. Бу ишлар орқали 100 миллиард сом тўплангани расман эълон қилинган эди. Бироқ, чап чўнтакка урилган айрим маблағларнинг излари ҳозирданоқ кўрина бошлади.

«Қустуризация» ҳодисасидан халқнинг капитализм чангалида қандай ҳорланиб яшаётганлигини билиб олиш мумкин. Масалан, қанча-қанча корхоналар ва мол-мулклар мусодара қилинди. Бу мулклар давлат томонидан бойлардан тортиб олинди. Энди давлат уларни ким ошди савдосига қўйиб, сотмоқда. Яъни, уларни бир бойдан тортиб олиб, иккинчи бойга сотмоқда. Аниқроқ айтганда, улар яна бир капиталистни бойитмоқда. Бундан ташқари, бюджетга тушадиган қисми ҳам “эпчил” коррупционер амалдорлар томонидан ўзлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Қирғизистон каби «ривожланиб келаётган мамлакатлар»да эътиборга олиниши керак бўлган ҳолат мавжуд. Бу ҳолат Россия, Хитой, Америка ва Европа каби мустамлакачи кучларнинг минтақадаги таъсиридир. Улар минтақадаги табиий ресурсларни ташиб кетиш учун ва Марказий Осиё каби халқи зич жойлашган минтақалардан ўз товарлари учун бозор сифатида фойдаланиш учун босим ўтказиш воситаларини ишга солади. Масалан, Ғарб «демократик қадриятлар» баҳонасида халқаро ташкилотлар орқали босим ўтказаётган бир пайтда, Россия стратегик маҳсулотлар, мигрантлар ва халқаро асосий йўллардан босим қуроли сифатида фойдаланади. Хитой эса, енгил кредитлар бериш орқали ўз манфаатлари йўлида келишувлар тузиб, шу орқали босим ўтказади. Натижада мамлакатнинг асосий бойликлари маҳаллий капиталистлардан ташқари, мустамлакачи капиталистлар матфаати учун ҳам ташиб кетилади.

Шу тарзда, капитализмда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут табиий равишда чуқурлашиб бораверади. Агар глобал тенденцияга назар ташлайдиган бўлсак, дунёдаги энг бой 1% кишилар дунё бойлигининг 50%ига, энг бой 10% кишилар эса дунё бойлигининг 80%ига эгалик қилаётганини, қолган 20% бойлик дунё аҳолисининг 90%ининг улушига тўғри келишини кўришимиз мумкин.

Шунинг учун, мамлакатимизда капиталистик қонунлар татбиқ қилинганлиги сабабли, ривожланиш ташаббуслари фақат ҳукумат ва уларнинг атрофидаги бир нечта одамларга фойда келтиради холос. Асосий улуш эса ташқаридаги капиталистларнинг манфаатларига хизмат қилади.

Бунинг муқобилида, ривожланишга оид Исломнинг ўз кўзқараши мавжуд. Исломда иқтисодий тараққиёт аҳолининг (озиқ-овқат, уй-жой, кийим-кечак каби) асосий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш ва камолий эҳтиёжларини ҳам имкон борича қондиришга ҳаракат қилиш билан ўлчанади. Бу кўзқараш Исломнинг барча муаммоларга ечим берадиган мабдасидан келиб чиқади. Ислом мабдасини ҳаётга татбиқ этиш минтақадан мустамлакачиларни қувиб чиқаришни ва халқни хавфсизлик, таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмалар билан тўлиқ таъминлашни англатади. Шунинг учун биз қирғиз халқи кадрлар алмашинуви орқали амалга оширилаётган «ислоҳотлар»га алданиб қолмаслигимиз, балки Исломимизни ҳаётга татбиқ этишга ва у билан икки дунёда ҳам бахтга эришишга интилишимиз зарур.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button