Мақолалар

3 март – Уммат ўз қалқонини йўқотган кун!

3 март – Уммат ўз қалқонини йўқотган кун!

Мусулмонлар тарихида унутилмас икки кун бор. Бу икки кун тарихда бир-бирига зид икки хил рангда тасвирланган. Биринчи кун – ҳижрат кунидир. Бу кун, мусулмонлар Расулуллоҳ ﷺ бошчилигида Мадинада ўз давлатларини барпо этиб, азиз бўлган кундир. Иккинчи кун эса, 1924 йил 3 мартда Истанбулда жиноятчи Мустафо Камол қўли билан Халифалик давлати қулатилган кундир. Бу жиноятда унга мустамлакачи кофир хўжайинлари ва жиноятчи ва хоин шериклари ёрдам беришди.

Ўша кундан бошлаб Англия бошчилигидаги куфр олами мусулмон халқларининг қонини тўкиб, бойликларини талон-тарож қилишни кучайтирди. Натижада Ислом Уммати элликдан ортиқ кичик давлатларчага парчаланиб кетди ва бу ерлар миллий давлатлар деб номланадиган бўлиб қолди. Бу давлатларнинг раҳбарлари мустамлакачиларга хизмат қилувчи малай ҳукмдорларга айланди. Британиянинг ҳукмронлиги ва унинг ҳийла-найранглари мусулмонларни хорлик сари етаклади. Шунинг учун, 20 аср мужтаҳиди Тақиюддин Набҳоний роҳимаҳуллоҳ шундай деган эди: “Оналар ўз фарзандларини эмизаётганларида ҳам Англиянинг душманлигини уқтириб эмизишликлари керак!”. Чунки бу вақтда Уммат ўзининг фикрий бойлигини йўқотган эди. Маълумки, ҳар қандай Умматнинг энг катта бойлиги унинг фикрий бойлигидир. Бошқа барча бойликлар ушбу буюк бойлик олдида аҳамиятсиз бўлиб қолади. Агар бирор уммат фикрий бойлигидан айрилган бўлса, шубҳасиз, ўз ҳаёт тарзини йўқотади ва охир-оқибат бор-будидан мосуво бўлади. Шунингдек, агар бирор уммат фикрий бойлигини йўқотмаган бўлса-ю, лекин саноат, армия, ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалиги каби бошқа бойликларини йўқотган бўлса, бу Уммат йўқотган нарсаларини тезда қайтадан қўлга киритиши мумкин.

Иккинчи Жаҳон урушидан кейин мусулмон халқлар устидан ҳукмронлик Англиядан АҚШнинг қўлига ўтди. Бу вақтларда Ислом Уммати сунъий чегаралар ортидаги биродарларига худди бегонадек қарайдиган бўлиб қолди. Ҳатто куфр олами бирлашиб, Фаластин, Ироқ, Афғонистон, Сурия, Ливия, Яман ва Эронга бомбалар ёғдириб, ёшу қари, эркаклару аёл демай, миллионлаб мусулмонларнинг қонини тўккан бўлса-да, улар бунга бефарқ қараб тураверишди. Чунки мусулмонлар бунга «Сурия масаласи сурияликларнинг масаласидир, Афғонистон масаласи афғонистонликларнинг масаласидир» деб қарайдиган бўлиб қолган эди. Улар ҳатто Ислом Умматининг барча раҳбарлари фахр билан ҳимоя қилиб келган Ал-Ақсонинг босиб олинишига – бунинг устига инсониятнинг энг пашткашлари бўлган яҳудий вужуди тарафидан босиб олинишига – «Фаластин масаласи» деган назарда қарайдиган бўлиб қолди. Бу дунёнинг кенглиги мусулмонлар учун тор қабрга айланди. Ҳар бир отган тонг мусулмонлар учун кўз ёши ва муаммолар билан бирга отадиган бўлди. Мусулмонлар сони кўп бўлишига қарамай, сел устидаги кўпик каби заиф ва қадрсиз бўлиб қолишди.

Куфр дунёси мусулмонларга қарши қандай бирлашаётганини ва уларнинг мусулмонларга қарши фитналари бир-биридан фарқ қилса-да, ичларидаги адоватлари бир хил эканлигини Ислом Уммати ўз вақтида англаб етмади.

Бироқ, мустамлакачиларнинг ҳаддан ташқари қирғинлари ва ҳукмдорларнинг зулмлари Умматни ларзага келтирди. У бу ҳукмдорларнинг шунчаки ўз хўжайинларининг қўғирчоқлари эканлигини тушуна бошлади. Бугунги кунга келиб Ислом Уммати ўзининг бу даражада хўрланишига, ҳаётда татбиқ қилинаётган капиталистик тузум ва мусулмонларни зўравонлик билан экспулататция қилаётган мустамлакачилик сабаб бўлаётганини англаб етди. У 13 аср давомида дунёга адолатни кафолатлаб келган Халифалик давлати тажрибасига эҳтиёж сеза бошлади. Кофирларнинг 99 йиллик фитналари мусулмонларнинг зеҳнидан Халифалик истагини ўчира олмади. Чунки Халифалик шаръий ҳақиқатдир! У Аллоҳнинг ваъдаси ва Расулуллоҳ ﷺнинг муждасидир! Мусулмонлар Индонезиядан Марокашгача бўлган масофани қамраб олувчи Халифалик давлати барпо этиладиган кунни интизорлик билан кутмоқда! Аллоҳ Таоло айтади:

وَيَقُولُونَ مَتَىٰ هُوَ ۖ قُلْ عَسَىٰ أَن يَكُونَ قَرِيبًا

Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!. (Исро: 51)

Ҳар биримиз қиёмат кунида Аллоҳ Таолонинг ҳузурида ўз давримизда гувоҳ бўлган нарсаларимиз ва Ислом Умматининг аҳволини яхшилаш учун қилган ишларимиз ҳақида ҳисоб китобга тортиламиз. Аллоҳ Таолонинг динини қўллаб-қувватлаш, Унга итоат қилиш ва Ислом шариатини ҳаётимизда татбиқ қилиш учун ҳаракат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Шунда Аллоҳ Таоло бизга ёрдам беради ва қадамларимизни собитқадам қилади. Аллоҳ Таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَنصُرُوا اللَّهَ يَنصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ

“Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида кадамларингизни собит-барқарор қилур”. (Муҳаммад: 7)

Бурана

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button