Мақолалар

Оилавий зўравонлик фақат Ислом билан бартараф қилинади

Рамазон саҳифаси

Ижтимоий тузум

Оилавий зўравонлик фақат Ислом билан бартараф қилинади

Ҳозирги вақтда зўравонлик турли келишмовчиликларни ҳал қилиш усулига айланиб бормоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, зўравонлик нафақат шахсий манфаатларни рўёбга чиқариш воситаси, балки одатий хулқ-атвор меъёрига айланган ҳодиса сифатида кўриладиган бўлиб қолди. Бу ҳолат зўравонлик муаммосини янада кучайтириб, бутун жамиятга таъсир қилиши мумкин.

Ушбу зўравонлик соҳасидаги энг долзарб масала — бу оиладаги зўравонлик ҳисобланади. Чунки бу масаладаги вазият хавотирли даражада кескинлашиб бормоқда. Шу сабабли, ушбу муаммони ҳал қилиш учун тадқиқотчилар жалб этилиб, давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар кучайтирилмоқда ва янги қонунлар қабул қилиниб, бу борада инқироз марказлари очиб қўйилган. Аммо кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик масаласи ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда. Бу ҳозирги кунда капитализм ҳукм сураётган жамиятлардаги энг жиддий фалокатга айланди. Ривожланган давлатларда ҳам, ривожланаётган давлатларда ҳам муаммо бир хил.

Дунё миқёсида олиб қараганда, маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, деярли ҳар уч аёлдан бири (дунё бўйлаб 840 миллион аёл) ўз ҳаёти давомида турмуш ўртоғи ёки бирга яшаётган шериги томонидан зўравонликка учраган ёки жинсий тажовуз қурбони бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, дунёда ҳар 10 дақиқада бир аёл бирга яшаган шериги ёки оила аъзосининг тажовузидан ҳалок бўлади.

Аёл ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида жар солиб қилаётган ривожланган давлатларда ҳам оилавий зўравонлик муаммоси жиддийлигича қолмоқда. Статистик маълумотлар бу муаммонинг нақадар долзарблигини яққол кўрсатиб турибди. АҚШда ҳар 9 сонияда бир америкалик аёл оила аъзолари томонидан калтакланади ва деярли ҳар куни 3 нафар аёл оилавий зўравонликдан вафот этади (БМТ). Францияда ҳар уч кунда бир аёл бирга яшаган шериги томонидан ўлдирилади (Le Journal du Dimanche). Германияда ҳар 5 дақиқада камида бир аёл жинсий ва бошқа турдаги зўравонликларга учрайди (DW).

Бу муаммо Қирғизистонда ҳам долзарблигича қолмоқда. Ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, оғир зўравонлик жиноятларининг 30–40 фоизи айнан оилавий муҳитда содир этилади. Бундан ташқари, оилавий можаролар қурбонлари умумий жиноятлардан жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг энг кўп қисмни ташкил этади. Бу кўрсаткичлар оилавий зўравонлик жамият учун жиддий муаммо эканини яққол кўрсатиб турибди.

Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатда 2025 йилнинг 11 ойи давомида оилавий зўравонлик билан боғлиқ 20 мингга яқин (19 995) ҳолат қайд этилган. 2024 йилнинг шу даврида эса 15 675та ҳолат рўйхатга олинган эди. Бу дегани, бир йил ичида бундай ҳолатлар сони 4 320 тага кўпайиб, ўсиш 27,5%ни ташкил этган. 2025 йилнинг 11 ойида оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича 519та жиноий иш қўзғатилган бўлиб, уларнинг 31таси ўлим билан якунланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, жоҳиллик, рашк, жамиятдаги ёки оиладаги муҳит таъсирида шаклланган тарбия, маст қилувчи ичимликлар ва молиявий қийинчиликлар оилавий зўравонликнинг асосий омиллари сифатида кўрилади.

Агрессивлик ёки тажовузкор хатти-ҳаракатлар оилавий зўравонликнинг энг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Айрим инсонлар ғазабларини жиловлай олмай, муаммоларни куч ишлатиш орқали ҳал қилишга уринади. Бундай хатти-ҳаракатлар оила аъзолари ўртасида хавфли ва кескин муҳитни юзага келтиради.

Рашк ҳам зўравонликка олиб келувчи омиллардан биридир. Ишончсизлик каби ҳолатлар аста-секин қўпол зўравонликка айланиши мумкин. Бунинг оқибатида қанчадан-қанча инсонлар ҳалок бўлмоқда.

Инсоннинг болаликда олган тарбияси унинг келажакдаги хатти-ҳаракатларига катта таъсир кўрсатади. Агар оилада зўравонлик одатий ҳол бўлса, бола улғайгач, бу хатти-ҳаракатларни ўзига сингдириб, ўзи ҳам худди шундай йўл тутиши мумкин. Бундан ташқари, ҳозирги жамиятда ҳукм сураётган зўравонлик муҳити ҳам улғайиб келаётган авлодга салбий таъсир кўрсатиб, зўравонликни табиий ҳолдек қабул қилишга олиб келади.

Маст қилувчи ичимликлар истеъмол қилган инсон ўзини бошқара олмай қолади. Маст ҳолатда инсон тажовузкор бўлиб қолади. Натижада кичик келишмовчиликлар ҳам катта можароларга айланиб кетиши мумкин. Инсон ҳаётига зомин бўладиган жиноятларнинг аксарияти спиртли ичимликлар ичиш оқибатида содир бўлади.

Моддий етишмовчилик, ишсизлик ёки қарздорлик оила ичида тангликни юзага келтириб, уруш-жанжалларнинг кўпайишига олиб келади. Айрим ҳолларда бу танглик зўравонлик даражасигача етиб бориши мумкин. Бу омил ҳам бугунги кунда оилавий зўравонликнинг асосини ташкил этмоқда. Бунинг сабаби шундаки, капитализм ҳукм сураётган ҳозирги жамиятимизда моддий фаровонлик муваффақият белгиси сифатида тақдим этилмоқда. Қаерга қарасанг, ҳаётнинг мазмуни моддий муваффақиятга эришиш бўлиб қолган. Шу боис моддий жиҳатдан паст бўлиш муваффақиятсизлик белгиси сифатида сингдирилмоқда. Бу кўр-кўрона ғоя, айниқса, кўплаб ёш оилаларнинг бузилишига олиб келиб, улар ўртасида можаролар чиқишига ва зўравонликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Юқорида кўрсатилган фактлар ва омиллар капитализм оилавий зўравонлик муаммоларини ҳал қила олмаслигини кўрсатиб турибди. Ҳаттоки, улар капитализмнинг бевосита натижалари эканлигини тасдиқламоқда. Зеро, динни жамиятдан ажратган бу дунёвий тузум инсонни охиратдан қўрқмасликка, ҳатто унга ишонмасликка олиб келади. Охиратда Аллоҳнинг жазосига дучор бўлишини ўйламаган инсон — моддий манфаат учун бўладими ёки ҳукмронлик қилиш истаги учун бўладими ё рашк учун бўладими ёхуд шунчаки қизиққонлик сабаблими — ҳар қандай зўравонликка қўл уриши ҳеч гап эмас, ҳатто инсон ҳаётига қасд қилишдан ҳам қайтмайди. Шу боис, динни жамиятдан ажратиш ҳалокатли оқибатларга олиб келди. Капитализмнинг муваффақият ҳақидаги тушунчаси кўплаб инсонларни қалтис ишларга мажбурлаб, ҳатто жиноий ишлар содир этишга ундамоқда.

Исломда оила ичидаги муносабатлар диний аҳкомлар ва қадриятлар ҳамда шаръий ҳукмлар орқали тартибга солинади. Булардан кўзланган асосий мақсад — инсон қадр-қимматини рўёбга чиқариш ва оилада фаровон ҳаётни қарор топтиришдир. Исломдаги оилага бўлган қараш эр-хотин ўртасида ҳурмат-эҳтиром, меҳр-шафқат ва масъулият бўлиши керак, деган талабга асосланади. Қуръонда аёлга яхши муносабатда бўлиш зарурлиги бир неча бор таъкидланган.

Масалан, Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

«Улар билан тинч-тотув яшанглар.» (4:19)

Яна айтади:

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир”. (30:21)

Шунингдек, Росулуллоҳ ﷺ ҳам оилавий ҳаётда мулойимлик ва адолат муҳим эканини алоҳида таъкидлаганлар. Исломда эркакларнинг энг яхшиси — аёлларига энг яхши муносабатда бўлганлари ҳисобланади. Расулуллоҳ ﷺ айтадилар:

أَكْمَلُ الْمُؤْمِنينَ إِيمَاناً أَحْسَنُهُمْ خُلُقاً وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكمْ لِنِسَائِهِمْ

«Иймони энг комил кишилар гўзал хулқ эгаларидир. Энг яхшиларингиз эса аёлларига гўзал хулқ билан муомала қилганларингиздир», (Аҳмад, Тирмизий).

Бу ҳукмлар ва насиҳатлар оилада меҳр-шафқат ҳамда ҳурмат-эҳтиром устувор бўлишини талаб қилади, зўравонлик ва камситишга эса қабул қилиб бўлмас ҳолат сифатида қаралади. Шунинг учун охиратини ўйлаган мусулмон банда аёли унга омонат эканлигини ва у учун жавоб беришини тушиниб яшайди. Аёлини ҳимоя қилиш ва эҳтиёжларини қондириш эркакнинг зиммасидаги масъулиятдир.

Шу билан бирга, Ислом аёлга турмуш ўртоғига хушмуомала ва дўст бўлишни ҳамда унга итоат қилишни буюради. Аллоҳ Таоло айтади:

فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ

«Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир». (4:34).

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ ﷺдан «энг яхши аёл», ҳақида сўралганда У зот ﷺ

الَّتِي تَسُرُّهُ إِذَا نَظَرَ، وَتُطِيعُهُ إِذَا أَمَرَ، وَلَا تُخَالِفُهُ فِي نَفْسِهَا وَمَالِهَا بِمَا يَكْرَهُ

«Қараса, (эрини) хурсанд қиладиган, буюрса, итоат этадиган, ўзи ва моли борасида эри ёқтирмайдиган нарса билан унга қарши чиқмайдиган аёлдир», деб жавоб бердилар.

Бироқ, Ислом оиладаги мутаносиблик ва уйғунликни фақат мусулмоннинг тақвосигагина ташлаб қўйган эмас. Бу масалани ҳар томонлама ҳал қилган. Аниқроқ айтганда, Ислом оилада низолар келиб чиқишининг олдини олувчи ҳукмларни белгилаб берди ҳамда ҳар хил бузғунчиликлар ва шубҳаларга йўл очувчи ҳолатларни тақиқлади. Масалан, аёлнинг бегона эркаклар билан — зарурат бўлмаганда — гаплашишини, номаҳрам кишилар билан ёлғиз қолишни тақиқлади. Бу ва бундан бошқа ҳукмлар рашк ва қандайдир шубҳалар туғилишининг, нотаниш бегона одамлар билан яқин муносабатлар ўрнатилишининг олдини олади. Шунингдек, Ислом инсон ақлини йўқотадиган ароқ, гиёҳванд моддалар каби инсон миясини заҳарлайдиган моддаларни тақиқлайди. Бу эса, ўз навбатида, инсоннинг ўлимига олиб борадиган жиноятларнинг олди олиниши учун замин яратади.

Бундан ташқари, Ислом жамиятнинг фикр ва туйғуларини тўғри тарафга йўналтириб туради. Исломда бахт — бу Аллоҳ Таолонинг розилигига эришишдир, тақво, ҳаё ва ор-номус эса моддий манфаатдан устун туради. Бироқ, мусулмонлар яшайдиган жамиятда бу фикр ва туйғулар билан бир қаторда қонунлар ҳам исломий бўлиши керак. Чунки фикр ва туйғуларнинг ҳаётда амалга ошишини қонунлар таъминлайди. Шундагина Исломий жамият шаклланиб, ҳар қандай зўравонликка йўл қўйилмайди.

Харун Абдулхак

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button