Саудия Арабистони АҚШга Тоиф ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишга рухсат берди

Саудия Арабистони АҚШга Тоиф ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишга рухсат берди
Саудия Арабистони Америка Қуролли кучларига Тоиф шаҳрида жойлашган Қирол Фаҳд номидаги ҳарбий ҳаво базасидан кенг кўламда фойдаланиш ижозатини берди. Ушбу ҳарбий ҳаво базаси бир неча бор Эроннинг ракета зарбаларига нишон бўлган Ал-Харждаги базага нисбатан стратегик жиҳатдан анча хавфсиз ҳисобланади. Бундан ташқари, Саудия Арабистони АҚШ учун ўз ҳаво сарҳадларидан учиб ўтиш, самолётларга ҳавода ёқилғи қуйиш ва ҳарбий бўлинмаларни жойлаштириш каби имкониятларни сезиларли даражада кенгайтирди.
Бундай кескин қадам Ар-Риёд позициясининг жиддий равишда ўзгариб бораётганидан далолат беради. Эрон томонидан Саудиянинг муҳим объектлари ва ҳарбий базаларига уюштирилган қатор ҳужумлардан сўнг, Саудия Арабистони борган сари АҚШнинг ҳарбий кампаниясини қўллаб-қувватлашга мойиллик билдирмоқда. Шу билан бирга, Вашингтон Саудия Арабистонидан Эронга қарши амалиётларда бевосита иштирок этишни талаб қилмоқда.
Изоҳ:
Мазкур хабар АҚШнинг ҳарбий ҳисоб-китобларда адашганини, аниқроғи, Эрон билан бўлажак тўқнашув тез фурсатда ғалаба билан тугайди, деган хомхаёлга берилганини фош этмоқда. Оқ уй ушбу уруш ҳам худди Венесуэла сценарийси каби қисқа бўлишини тахмин қилган эди, Эроннинг бу қадар кучли қаршилик кўрсатишини ва уруш узоққа чўзилиб кетишини кутмаганди. Шу боис ҳам у минтақада кўпроқ ҳарбий базаларга эҳтиёж сезмоқда. Ҳатто бундан аввал Британияга қарашли базалардан фойдаланиш учун изн сўрашга ҳам мажбур бўлганди. Ҳарбий базаларнинг бу тарзда кенгайиши улкан харажатлар ва қўшимча аскарлар талаб қилади. Бу эса ўз навбатида уруш оловини янада авж олдириб, Америка халқи ва сиёсатчилари орасида норозилик кайфиятини кучайтириши муқаррар.
Шу сабабли, танг аҳволда қолган Трамп кечагина таъна қилиб келган Европа давлатларидан можарога аралашишни илтимос қилди. Аммо Европа давлатлари можарога аралашмасликни танлаш билан унинг илтимосини рад этди. Бундан дарғазаб бўлган Трамп: «Биз ҳеч қачон уларга муҳтож бўлмаганмиз! […] Биз ҳеч кимнинг ёрдамига зор эмасмиз!» — дея баёнот берди. Трамп НАТОдаги иттифоқчиларининг Эронга қарши урушда иштирок этмаётганини қаттиқ танқид қилиб, уларни «қўрқоқлар» деб атади.
Шунингдек, Трамп Эрон томонидан ёпиб қўйилган Ҳурмуз бўғозини қайта очиш учун Хитойнинг ҳам аралашувини сўради. Бу ҳолат ҳам АҚШнинг нақадар ноқулай вазиятга тушиб қолганини кўрсатади. Зеро, АҚШ Эроннинг яқин иттифоқчиси деб билинган давлатдан можарога аралашишни талаб қилмоқда.
Ўз иттифоқчиларидан умидини узган Трамп энди араб давлатларини урушга гижгижлаб, уларнинг жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этишини талаб қилмоқда. АҚШга қарам бўлган араб давлатлари ҳозирча ўз ҳаво ҳудудларини ва базаларини очиб бериб, қўлдан келганча кўмак беришмоқда. Бироқ улар очиқдан-очиқ жанг майдонига киришдан йироқдир. Чунки урушда бевосита иштирок этиш даҳшатли иқтисодий ва ижтимоий инқирозларга, улкан лойиҳаларнинг барбод бўлишига, оммавий ўлимларга ва халқ ғалаёнига сабаб бўлиши шубҳасиз.
Хулоса қилиб айтганда, Америка дипломатиясининг отаси Генри Киссинжернинг: «Американинг душмани бўлиш — хавфли, аммо Американинг дўсти бўлиш — ўлимга тенгдир», деган сўзлари бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ҳорун Абдулҳақ




