Қирғизистон сиёсати қаёққа қараб кетмоқда?

Қирғизистон сиёсати қаёққа қараб кетмоқда?
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг лавозимидан озод этилиши ортидан, унга алоқадор бир қатор амалдорлар ҳам курсисидан айрилди, бир неча депутатлар эса мандатларини топширди. Бу воқеалар беш йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган икки нуфузли шахс тандеми расман якун топганидан дарак беради. Ҳозирда содир бўлаётган жараёнларни ва келажакдаги йўналишларни таҳлил қилишдан аввал, Қирғизистоннинг сиёсий тарихига қисқача назар ташласак.
Ўрта Осиё минтақасига, жумладан, Қирғизистон тупроғига Ислом дини VIII асрда кириб келган. 751 йилда тарихда машҳур Талас жанги юз бериб, унда мусулмонлар қўшини Хитой армияси устидан ғалаба қозонди. Натижада, Хитойнинг минтақадаги таъсири қарийб минг йилга кесилди ва бу давр мобайнида хитойликлар минтақага қайта оёқ босишга ботинолмади. Узоқ вақт давомида бу ерларда султонлик, амирлик ва хонлик мақомидаги исломий бошқарув ҳукм сурди. XIX асрга келиб, кучайган Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олиш ҳаракатини бошлади. Қирғизистон ҳудуди 1876 йилда тўлиқ чор Россиянинг мустамлакасига айлантирилди. Мусулмонларнинг босқинчиларга қарши кўтарган исёнлари муваффақиятсизлик билан якун топди. Усмоний халифалик даврида бу минтақанинг марказий ҳокимият билан алоқаси заифлашиб қолгани ҳам асосий сабаблардан бири бўлди.
Чор Россияси қулап, Совет Иттифоқи ташкил топгач, Қирғизистон унинг таркибидаги республикалардан бирига айланди. Шу тариқа, Қирғизистон 1876 йилдан 1991 йилгача Россиянинг бевосита ҳукмронлиги остида қолди. Совет Иттифоқи парчалангач, Қирғизистон ҳам «мустақиллик»ка эришди. Бироқ бу сунъий истиқлол бўлиб, мамлакатда Россиянинг кучли таъсири сақланиб қолди. Биринчи президент Асқар Ақаев даврида юритилган сиёсат тўлалигича Россия таъсири остида бўлгани буни яққол тасдиқлайди. У Қирғизистонни Россия ҳарбий жиҳатдан устувор бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо қилди ва мамлакатда Россиянинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига йўл очиб берди. Сиёсий жиҳатдан СССР ўрнида тузилган МДҲга аъзо бўлди. Иқтисодий жиҳатдан эса юз минглаб мигрантларнинг Россияга оқиб боришига замин яратилди, мамлакат импортга қарам қилиниб, асосий товарлар Россиядан ташиб келина бошланди. Ақаев рус тилига расмий мақом бериш орқали юртда рус маданияти ва таъсирининг сақланиб қолишини таъминлади.
Тўқсонинчи йилларнинг охирида Россия Чеченистонга қарши урушга кириб, ўзи билан овора бўлиб турган бир пайтда, АҚШ Исломга қарши уруш эълон қилиб, Афғонистон ва Ироққа бостириб кирди. Америка ушбу вазиятдан фойдаланиб, Қирғизистон сиёсатчиларига маълум даражада таъсир ўтказиш имконини топди. Айниқса, кичик Буш даврида АҚШ Ўрта Осиё раҳбарлари билан яқин муносабат ўрната бошлади. Натижада 2001 йилда Бишкек яқинида АҚШнинг «Манас» авиабазаси очилди. Россия ўша пайтда бунга қаршилик қилмади, чунки АҚШнинг «терроризм»га (аслида Исломга) қарши кампанияси бутун дунёда авж олган эди ва Россия бу базанинг очилишига розилик бериш орқали Американинг тажовузкор сиёсатини жиловлашга уринди. Бу ҳолат мамлакатга АҚШ таъсири кириб келишига шароит яратгани шубҳасиздир.
Ақаев даврида амалдорларнинг коррупцияга ботиб қолганлиги ва бутун раҳбариятнинг бошқарувга лаёқатсизлиги мамлакатни жар ёқасига олиб келди. Заиф бошқарув ва кенг илдиз отган порахўрлик оқибатида мамлакатда қашшоқлик кучайди, иқтисодиёт турғунликка юз тутди. Бундан ташқари, 2003 йилги референдум билан конституцияга ўзгартиришлар киритилди. Натижада парламент роли чекланиб, президент ваколатлари кенгайтирилди ва бу Ақаевга қайта сайланиш имконини берди.
Буни мамлакат тепасига келган раҳбарларнинг «сурункали хасталиги» деса бўлади. Улар ҳокимиятга келгач, «абадий бошқарув»ни кўзлашади. Оқибатда референдумлар орқали ўз ҳуқуқларини кенгайтириш ва президентлик муддатини узайтиришга уринишади. Бундай вазиятдан безор бўлган халқ 2005 йили инқилоб орқали Ақаев ҳокимиятини ағдарди ва унинг ўрнига Бакиев келди. Бакиев сайловолди кампаниясида шимолда катта нуфузга эга генерал Феликс Кулов билан тандем тузганини эълон қилди. Феликс Кулов Ақаев даврида сиёсий сабаблар билан қамалган ва инқилоб пайтида озод этилган эди. Бироқ орадан йил ўтмай, фақат манфаатларга асосланган бу тандем парчаланиб кетди ва ҳокимият жилови тўлиқ Бакиев қўлида жамланди.
Бакиев мухолифат ичидан чиққан бўлса-да, ҳокимиятга келгач, Москванинг талабларини сўзсиз бажаришига Россиянинг ишончи комил эди. Чунки мамлакатдаги асосий ричаглар Россия қўлида бўлгани боис, ким келишидан қатъи назар, Россиянинг буйруқларига бўйсунишга мажбур эди. Аммо беқарорлик, тартибсизликлар ва халқ ғалаёнлари АҚШ бошчилигидаги Ғарб кучларининг мамлакатга кириб келиши учун ҳар доим қулай имконият яратади.
Бакиевнинг ўзи ҳам аслида ғарбпараст кучлар даврасига мансуб эди. Ундан ташқари, яна кўплаб ғарбпараст сиёсий арбоблар мазкур тўнтариш ортидан парламент ва ҳокимият тизимларига кириб олишди. Бироқ, юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакатнинг ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий соҳалари Россияга чамбарчас боғланиб қолгани боис, иқтидорга келган ҳар қандай раҳбар Кремль иродасига бўйсунишга мажбур бўларди.
Бакиев президентлик даврининг аввалида Россия позициясини қўллаб-қувватлади ва мамлакат иқтисодиётини оёққа турғизишга интилди. Аммо вақт ўтиши билан у «кўп векторли» сиёсатга мойиллик билдириб, мамлакатда АҚШ махсус кучларини машғулотдан ўтказиш марказини очишни кўзлади. Иқтисодий жиҳатдан эса Хитой билан ҳамкорликни кенгайтира бошлади. Бу қадамлар Россияга хуш ёқмади. АҚШ махсус кучларини машғулотдан ўтказиш марказининг очилиши Россия учун «қизил чизиқ» бўлиб, унинг минтақадаги хавфсизлигига таҳдид туғдирар эди. Бундан ташқари, Бакиевнинг ўғли ва қариндош-уруғлари муҳим давлат лавозимларини эгаллаб, мамлакатни ўз хоҳишларига кўра бошқарадиган бўлиб қолишди. Бу эса халқнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Натижада, 2010 йилда Россия аҳолининг ушбу норозилигидан фойдаланиб, Бакиев ҳокимиятини ағдаришга муваффақ бўлди. Қонли тўқнашувлар билан кечган ушбу тўнтаришдан сўнг Роза Отунбаева бошчилигидаги Муваққат ҳукумат тузилди.
Давлат тўнтариши тугаши билан мамлакат жанубида миллатлараро низо аланга олди ва кўплаб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлди. Икки мусулмон халқ ўртасидаги бу машъум фитна ортида Россия турарди. Кремль ушбу низо орқали Ўзбекистонни қайтадан ўз измига солишни кўзлади. Зеро, ўша пайтларда Ўзбекистон Россия билан алоқаларини узиб, Америкага яқинлаша бошлаган эди. АҚШнинг Каримовни иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги таклифлар билан ўзига оғдириши, унинг Америкага борган сари кўпроқ мойил бўлишига ва Россиядан сезиларли даражада узоқлашишига олиб келган эди. Шу боис, Россия олдида Каримовнинг Америкага яқинлашувига чек қўйиш вазифаси турарди. Режага кўра, агар низо туфайли ўзбек қочқинлари Қирғизистондан Ўзбекистонга оқиб ўтса, бу муаммони ҳал қилиш баҳонасида КХШТ орқали жараёнга аралашиш учун қулай имконият туғиларди. Бу муаммо жиддий бўлганлиги сабабли Ўзбекистон муаммони ҳал қилиш учун КХШТга қайтишга мажбур бўларди. Бироқ, Ўзбекистон Америка маъмуриятининг аралашуви билан бу режани чиппакка чиқарди, аниқроғи, қочқинлар учун чегараларни ёпиб қўйди. Оқибатда, Россия ўз мақсадига тўлиқ эриша олмади.
Аввалроқ айтганимиздек, мамлакатдаги беқарорлик Ғарб таъсирининг кириб келишига йўл очади. Шундай ҳам бўлди: 2010 йилдаги вазиятдан фойдаланиб, Отунбаева ҳокимиятни бошқарди ва Текебаевнинг ташаббуси билан янги Конституция қабул қилинди. Янги конституцияга мувофиқ, Қирғизистон парламент бошқарувига ўтиб, президент ваколатлари қисқартирилди. Натижада, Қирғизистон Марказий Осиёдаги илк парламент республикасига айланди. Бу Россияга мутлақо маъқул бўлмаган тизим эди. Чунки Кремль парламент бошқаруви орқали ғарбпараст кучларнинг ҳокимиятга сизиб киришига тиш-тирноғи билан қарши бўлиб, ҳокимият жилови бир кишининг қўлида бўлган малайликни хоҳлайди.
Бироқ Отунбаевадан кейин иқтидорга келган Атамбаев Россия изидан борувчи сиёсат юритди. Россиянинг кўрсатмаси билан Қирғизистон 2014 йилда «Манас» аэропортидаги АҚШ авиабазаси бўйича келишувни, 2015 йилда эса АҚШ билан ҳамкорлик шартномасини бир томонлама бекор қилди. Шунингдек, Қирғизистонда Россиянинг иқтисодий ҳукмронлигини мустаҳкамловчи Божхона Иттифоқига аъзо бўлди.
Атамбаев ҳам «абадий бошқарув» илинжида бош вазир ваколатларини кенгайтирди. Бошқача айтганда, президентликдан кетганидан кейин ҳам «парда ортидан» туриб мамлакатни бошқаришни режа қилди ва бу режасини мустаҳкамлаш учун ўз ўрнига «дўсти» Сўронбай Жээнбековни олиб келди. Бироқ унинг «икки дўст» режаси амалга ошмади ва Жээнбеков билан тузилган тандем парчаланиб кетди. Жээнбековнинг президентлик даври Атамбаев ва унинг тарафдорларини таъқиб қилиш билан ўтди. Ташқи сиёсатда эса Россияга қарамлик янада кучайди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қирғизистондаги сиёсий элита мустақилликнинг илк кунлариданоқ коррупцияга ботган гуруҳлардан шаклланган эди. Бундай ҳолатда ҳокимият учун кураш тез орада халқ бойликларини талон-торож қилиш курашига айланиб кетади. Тўплаган бойликларини сақлаб қолиш илинжида мулозимлар дарров «абадий ҳукмронлик» ҳақида қайғура бошлайдилар. Натижада, турли конституциявий ислоҳотлар орқали ўз ваколатларини узайтириш пайига тушадилар. Бу эса мамлакатда қайта-қайта юз бераётган тўнтаришларнинг асосий омили ҳисобланади.
Жээнбеков ҳам ушбу муҳитдан чиққан шахс сифатида бу «анъана»ни давом эттирди. Конституцияга кўра, унинг президентлик муддати олти йил этиб белгиланган эди. Бу муддат тугагач, қайта сайланишга замин яратиш учун унга содиқ парламент керак бўлди. Шу тариқа, 2020 йил 4 октябрдаги парламент сайловларида унга яқин партиялар ғалаба қозонгани эълон қилинди. Аммо сайлов жараёнида бошқа партияларнинг сиёсий ҳуқуқлари поймол этилиши ва таъқиб қилинганлиги сабабли халқнинг норозилиги кучайиб кетди. Сайлов натижаларини тан олмаган сиёсий партияларнинг тарафдорлари пойтахтга ёпирилиб келиб, ҳукумат биносини босиб олди. Айрим одамлар қамоқхоналарга ҳужум қилиб, ҳибсда сақланаётган таниқли шахсларни озодликка чиқарди. Натижада, Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилинганлигини эълон қилди. Ушбу тўнтариш ташкилотчиларининг бошида собиқ президент Атамбаев ва Ғарбпараст сиёсатчилар турган бўлса-да, Ғарблик кураторлар вазиятни тўғри баҳолай олмадилар. Натижада, 10 октябр куни бўлиб ўтган депутатлар йиғилишида қамоқдан озод этилган Садир Жапаров бош вазир этиб эълон қилинди. Россия ўша пайтда халқ қўлловига эга бўлган нейтрал кадр билан ишлашга мажбур бўлди. 14 октябр куни ўша пайтдаги президент Сооронбай Жээнбеков Жапаровнинг номзодини расман тасдиқлади. Мана шу тўрт кун ичида Ғарб кураторлари Жээнбековни ҳокимиятдан воз кечтирмай, ўз томонларига оғдириб олишга қаттиқ уринишди. Бироқ, 15 октябрдан бошлаб Жапаров муваққат президент вазифасини ҳам бажаришга киришди. 2021 йил январида бўлиб ўтган президентлик сайловларида эса у расман ғолиб чиқди. Жапаров ҳам ўзидан олдинги президентлар анъанасига кўра, 2021 йилда Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказди. Бунинг натижасида мамлакат президентлик бошқаруви моделига ўтди ва давлат раҳбарининг беш йиллик муддат билан икки марта сайланиш ҳуқуқи тасдиқланди.
Жапаровнинг иқтидорга келишига улкан ҳисса қўшган Қамчибек Ташиев 2020 йилда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари этиб тайинланиб, мамлакатдаги иккинчи нуфузли шахсга айланди. Ташиев даврида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ваколатлари мисли кўрилмаган даражада кенгайтирилди. Мазкур идора коррупциявий ишлардан тортиб, шахсий оилавий масалаларгача бўлган жиноятларни кўриб чиқадиган органга айланди. Шунингдек, мухолифатни жиловлаш, ҳокимиятга қарши чиққанларни, ҳаттоки шунчаки ўз фикрини билдирганларни ҳам таъқиб қилиш билан шуғулланди. Халқнинг норозилигини келтириб чиқарадиган лойиҳаларни амалга оширишда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси асосий ролни ўйнади. У коррупцияга қарши «қустуриш» лойиҳасидан тадбиркорларни талаш, собиқ ва амалдаги мулозимларни ҳибсга олиш ҳамда сиёсий майдондаги нуфузли шахсларни бўйин эгдириш учун фойдаланди. Бу вазият мамлакатда мутлақ президентлик бошқарувининг мустаҳкамланишига ва Ташиев қўлида беқиёс ҳокимият тўпланишига замин яратди. Улкан ҳокимият ва моддий ресурсларнинг Ташиев атрофида жамланиши уни янада каттароқ амбицияларга ундади. У давлат лавозимларига ўз одамларини жойлаштирди, парламент сайловларида эса деярли у қўллаган номзодлар Жоқорқу Кенешга (Парламентга) кириб келди. Янги Конституцияга кўра, амалдаги парламент президентга импичмент эълон қилиш ҳуқуқига эга эди.
Ташиевнинг амбициялари кўп ҳам узоққа чўзилмади. Янги сайланган депутатлар президентнинг айрим ташаббусларига қарши чиқа бошлади, парламент спикери ҳам унга эътироз билдиришга ўтди. Ҳаттоки, «75-лар» деб ном олган эски мулозимлар гуруҳи ҳам президентлик муддатининг қонунийлиги бўйича парламентга мурожаат йўллади. Чунки Жапаров эски Конституция асосида сайлангани боис, унинг кейинги сайловларда иштирок этиши ҳуқуқий жиҳатдан савол остида қолган эди. Мамлакат қонунчилигига кўра, агар президент қандайдир сабабга кўра лавозимидан четлатилса, унинг вазифасини муваққат парламент спикери бажаради. Спикернинг эса айнан Ташиев қўллови билан мандат олгани сир эмас эди. Воқеалар ривожи шуни кўрсатдики, ушбу сиёсий ўйинлар ортида Ташиев президентлик курсисини кўзлаётгани ойдинлашиб қолди. Бу ҳолат амалда тандем билан ҳокимият тепасига келган Ташиев-Жапаров маъмурияти учун асосий хавфга айланди. Натижада Жапаров Ташиевнинг Германияга даволаниш учун кетганидан фойдаланиб, уни лавозимидан озод қилиш ҳақида фармон чиқарди. Ортидан унинг ҳокимиятдаги одамлари ишдан олиниб, айримлари ҳибсга олинди. Ташиевнинг қўллови билан парламентга келган депутатлар мандатларини топширишга мажбур бўлди. Ниҳоят, Ташиевнинг давридаги коррупциявий ишлар ҳақида видеолар эълон қилиниб, яқинларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди, ўзи эса Ички ишлар вазирлигида кўрсатма беришга чақирилди.
Шу тариқа, Жапаров бўлажак сайловларда кучли рақиб пайдо бўлишининг олдини олиб, ўз президентлик муддатини узайтиришга йўл очмоқда. Айниқса, Ташиевнинг ресурсларини қўлга олиши унинг 2027 йилги президентлик сайловида ғалаба қозониш имкониятларини кескин оширади. «Икки дўст»нинг ҳокимият учун таъсир талашишидаги ташқи омилга келсак, мамлакатда асосий таъсирга эга бўлган Россия Ташиевнинг четлатилишига жиддий реакция билдирмади. Аксинча, айрим рус оммавий ахборот воситалари унинг ҳокимиятдан четлатилганини маъқулловчи хабарлар тарқатди. Бу ҳолат Ташиевни лавозимдан четлатишда Россия Жапаровни билвосита қўллаб-қувватлаётганидан далолат беради. Қолаверса, Россия учун Ташиев ноқулай кадр ҳисобланади. Бунинг сабаби шундаки, биринчидан Россия мамлакатда тартибсизликлар келиб чиқиши ва Ғарб бундан фойдаланиб қолишидан хавотирда. Шу боис уҚирғизистондаги «икки ҳокимликка» чек қўйилиши ва сайловлар тинч ўтишидан манфаатдор.
Иккинчидан, Ташиев раҳбарлигидаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Украинадаги урушда қатнашганларни ҳибсга олиб, ушбу урушга чорловларни кескин тўхтатди ва урушаётган томонлар рамзларидан фойдаланишга қарши қатъий чоралар кўрди. Ҳаттоки, 2025 йилда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «ёлланма фаолият»да айблаб, Ўшдаги «Россия уйи» ходимини ва яна бир гуруҳ шахсларни қамоққа олди. Бундан ташқари, чегара масаласи Россиянинг мамлакат ички ишларига аралашишига, шантаж қилишига ва ўз таъсирини ўтказишига йўл очувчи асосий омил эди. Ташиев бу муаммонинг ечилишига халақит берган барча тўсиқларни олиб ташлади. Тожикистон ва Ўзбекистон билан бўлган чегара масалалари тартибга солинди. Бошқача айтганда, Россиянинг мамлакат ички ишларига аралашишига шароит яратган ричаглардан бири — вақтинча бўлса-да — йўқ қилинди. Демак, Ташиевнинг таъсирини жиловлашда Жапаров ташқи дастакка ҳам таянганини инкор этиб бўлмайди. Шунинг учун Россиянинг ҳарбий ва сиёсий таъсири кейинчалик ҳам сақланиб қолаверади. Аммо Украина инқирози сабабли Россия Марказий Осиёдаги, жумладан, Қирғизистондаги иқтисодий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлди. Шу боис, мамлакат раҳбарияти асосий иқтисодий лойиҳаларни Хитойга таянган ҳолда амалга оширмоқда. Натижада, Хитой «юмшоқ кучи»ни ишга солиб, иқтисодий ўз экспансиясини кенгайтириб бормоқда. Масалан, Хитой ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилда 22,7 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 27,2 млрд долларга етди. Хитойнинг Қирғизистонга йўналтирган тўғридан-тўғри инвестициялари эса охирги беш йилда жадал суратда ўсиб бормоқда. Натижада Хитой Қирғизистоннинг энг йирик инвесторига айланди. Бунга қўшимча равишда, Хитойнинг «Ипак йўли» лойиҳаси доирасида «Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон» темир йўли қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳа Хитой учун улкан имкониятлар эшигини очади. Шунингдек, йирик лойиҳаларни молиялаштириш орқали Хитой Қирғизистонни қарз тузоғига ҳам илинтириб бормоқда. Ҳозирда Қирғизистоннинг 9 млрд долларга яқин ташқи қарзининг асосий қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади. Демак, Хитойнинг мамлакатдаги иқтисодий таъсири ортидан маданий ва ҳарбий ҳукмронлиги ҳам кучайиши кутилмоқда.
Жапаровнинг Ғарб билан бўлган муносабатлари эса муайян масофани сақлаган ҳолда олиб борилмоқда. Шунга қарамай, АҚШ геосиёсий вазиятдан фойдаланиб, ўз таъсирини ёйишга ҳаракат қилмоқда. Бу йўналишда «C5+1» форматидаги Марказий Осиё ва АҚШ учрашувидан сўнг минтақа давлатлари билан миллиардлаб долларлик шартномалар имзоланди. Америка ва Европани аслида минтақадаги, хусусан, Қирғизистондаги қимматбаҳо металлар ва нодир минераллар қизиқтиради. Вазият шуни кўрсатмоқдаки, Ғарб шу пайтгача шиор қилиб келган «инсон ҳуқуқлари» масаласи иккинчи планга сурилиб бормоқда. Шундай бўлса-да, Жапаров халқнинг норозилигини ва ижтимоий кескинликни жиловлаб туриш учун демократик қадриятларни сақлаб туради. Шунингдек, Россия ва Хитойга тўлиқ тобе бўлиб қолмаслик учун Ғарбга муқобил куч сифатида, чекланган доирада таянишда давом этади.
Хулоса қилиб айтганда, 2027 йилги сайловларда Жапаровнинг қайта президент этиб сайланишига ҳозирча жиддий тўсиқ қолмади. Шунга қарамай, Қирғизистондаги сиёсий воқеаларнинг шиддатли ривожини ҳисобга олсак, сайлов олдидан вазият кескин ўзгариб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айниқса, яқиндагина лавозимидан озод этилган Ташиевнинг қўлида қолган компроматлар мухолифатчи сиёсатчиларнинг бош кўтаришига ва вазиятдан фойдаланишига йўл очиши мумкин.
Бундан ташқари, мамлакатда ҳукм сураётган капиталистик тузумнинг табиати халқ турмушини тобора оғирлаштирмоқда. Солиқларнинг кўпайиши, янги турдаги йиғимларнинг жорий этилиши, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув каби коммунал хизмат тарифларининг қимматлаши ҳамда асосий истеъмол товарлари нархининг ошиши — аҳоли норозилигини кучайтираётган асосий омил бўлиб қолмоқда. Халқ фаровонлиги учун хизмат қилиши керак бўлган ер ости бойликларимиз эса «инвестор» ниқоби остидаги чет элликлар томонидан талон-торож қилинмоқда. Бу ҳолат фақат капиталистларнинг бойишига, оддий халқнинг эса янада қашшоқлашишига олиб келиши шубҳасиз. Буни 2025 йил якунлари бўйича ЯИМ 20 млрд доллардан ошиб, рекорд даражага етган бўлса-да, халқнинг яшаш шароити яхшиланмай, аксинча оғирлашиб бораётгани ҳам тасдиқлаб турибди.
Демак, Қирғизистоннинг, қолаверса Марказий Осиё ва бутун Ислом Умматнинг бугунги аянчли аҳволи Ислом заминларининг мустамлакачилар ўртасидаги ўзаро кураш майдонига айланиб қолгани билан бевосита боғлиқдир. Уларнинг мақсади — мамлакатда ўз таъсирини ёйиш ва бойликларимизни, ресурсларимизни талон-торож қилишдир. Шу боис, мамлакат раҳбарларининг алмашиши вазиятни тубдан ўзгартирмайди. Мустамлакачилар бир малайини олиб, ўрнига бошқасини ўтқазиш билан ўз ғаразли мақсадларини амалга ошираверади. Биз мусулмонлар, Ислом асосида бирлашиб, Ислом мафкурасини кўтариб чиқиш билангина бу зулмни ва мустамлакачилар таъсирини таг-туги билан суғуриб ташлай оламиз. Бундан бошқа таклиф этилаётган йўлларнинг барчаси вақтинчалик ёки шу давлатларнинг навбатдаги ҳийла-найрангларидан бошқа нарса эмас.
Ҳорун Абдулҳақ




