Мақолалар

Хитой ҳукумати уйғур мусулмонларини экстрадиция қилишни талаб қилмоқда

Хитой ҳукумати уйғур мусулмонларини экстрадиция қилишни талаб қилмоқда

Бугунги кунда дунёнинг турли ерларида зулмга учраётган мусулмонлар талайгина. Уларнинг орасида уйғур мусулмонлари алоҳида ўрин тутади. Сўнгги йилларда Хитой ҳукумати уйғур мусулмонларига нисбатан мисли кўрилмаган таъқиб ва тазйиқларни кучайтирди. Бунинг оқибатида минглаган мусулмонлар ҳибсга олинди, кўплари қатл этилди. Масжидлар ароқ сотиладиган масканларга айлантирилди, ҳатто айримлари бузиб ташланди. Зулм ҳаддан ташқари кучайганлиги сабабли, уйғур мусулмонлари бошпана излаб ўз она юртларини тарк этишга мажбур бўлдилар. Улар мусулмон биродарларидан ёрдам олиш илинжида бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетдилар.

Шу сабабли, Хитой ҳукумати уйғур мусулмонлари паноҳ топган давлатлардан уларни экстрадиция қилишни талаб қилиб келмоқда. Ислом азизлигини қалбига жо қилганлар Хитойнинг бу талабини қатъий рад этаётган бўлса, ўз нафсига мағлуб бўлганлар унинг бу талабини сўзсиз бажармоқда.

Ўз диндошларидан нажот кутиб келган уйғур мусулмонлари, афсуски, айрим биродарларининг хиёнатига учрадилар. Аниқроғи, улар уйғур мусулмонларини яна Хитой ҳукуматининг чанггалига топширмоқда. Бироқ, айни пайтда, «Исломий биродарлик» моҳиятини теран англаган ва уни муқаддас санаб, уйғур қардошларини ёрдамсиз қолдирмаётган мусулмонлар ҳам йўқ эмас. Бугунги кунда Афғонистондаги Толибон ҳукумати худди шундай йўлни тутмоқда.

Шанхай институти Жанубий Осиёни ўрганиш маркази директори Лю Цзуньининг таъкидлашича, Афғонистон ҳукумати Хитойнинг уйғур мусулмонларига оид талабларини кескин рад этган. Хитойнинг йирик инвестициялар, инсонпарварлик ёрдамлари ва БМТдаги санкцияларни юмшатиш бўйича дипломатик дастакларига қарамай, Афғонистон ҳукумати унинг талабини рад этмоқда.

Лю Цзуньи Афғонистон ҳукумати уйғур мусулмонлари масаласида Хитой билан ҳамкорлик қилмаслигини алоҳида қайд этди. Унинг айтишича, Хитой уларни экстрадиция қилишни талаб қилмоқда, бироқ афғонларда паноҳ излаб келган одамларни топширмаслик борасида қадимдан давом этиб келаётган мустаҳкам анъана мавжуд.

Хитойнинг иқтисодий, сиёсий кўмаклари ва турли босимларига қарамай, Толибон ҳукумати уйғурларни Хитойга топширишдан бош тортмоқда. Бунинг акси ўлароқ, иқтисодий манфаатларни деб ўз биродарларини Хитойга қайтараётганлар ҳам топилади. Бу борада Туркия режими олдинги сафларда бўй кўрсатмоқда. Охирги йилларда Туркиядан бевосита ёки учинчи давлат орқали Хитойга депортация қилинган уйғур мусулмонларининг сони ортиб бормоқда.

Масалан, уйғур мусулмони Аҳмаджан Садиров Туркияда яшаш учун қонуний рухсатномага эга бўлишига қарамай, қўлга олинган. Унинг аёли ва фарзандлари Туркия фуқароси бўлса-да, Аҳмаджан Истанбул аэропортида ҳибсга олиниб, Хитойга депортация қилиниш арафасида турибди. Унинг оиласи Туркия ҳукуматига мурожаат қилиб, депортацияни тўхтатишни ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилмоқда.

Бундан аввалроқ эса, 55 ёшли уйғур мусулмони Олимжон Нур Истанбулда кўп йиллардан бери қонуний яшаб келаётганига қарамай, уйида ўтказилган рейд давомида махсус хизматлар томонидан ҳибсга олинган эди. Хитойга экстрадиция қилиниши кутилаётган Нурнинг тақдири ҳақида ҳозиргача ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунингдек, 2025 йилда ҳам Истанбулнинг 16 ва 18 судлари Маҳмуд Анаэти ва Айеркен Абудувайлини Хитойга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Туркия режими иқтисодий манфаатларни устун қўйиб, Хитой билан ҳамкорлик йўлида уйғур мусулмонларини қурбон қилмоқда. Ваҳоланки, Ислом дини бундай хиёнатни қатъиян рад этади. Демак, масала иқтисодий ёки бошқа имкониятларда эмас, балки шаръий ҳукмларга қанчалик амал қилишдадир.

Ислом мусулмонларни ўз биродарига меҳрибон бўлишга, ёрдам қўлини чўзишга ва унга нисбатан зулм қилинаётган бўлса, ўша зулмни дарҳол тўхтатишга буюради. Шундай экан, ким Исломни азиз тутса, ўз биродарига ёрдам беради; кимнинг ҳаётида Исломнинг ўрни бўлмаса, у ўз биродарини душман қўлига топширади.

Пайғамбаримиз ﷺ шундай марҳамат қиладилар:

«الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ، لاَ يَظْلِمُهُ، وَلاَ يُسْلِمُهُ…»

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди ва уни (душманга) топшириб қўймайди».

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button