Хабар ва изоҳ

Ўзбекистонда диний таълим берганлар ҳибсга олинди

Ўзбекистонда диний таълим берганлар ҳибсга олинди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Наманган вилоятининг Косонсой туманида 1982 йилда туғилган аёл ҳамда бир мактаб ўқитувчиси қўлга олинди. Маълум бўлишича, улар Telegram тармоғида махсус гуруҳ ташкил этиб, 27 нафар фуқарога диний сабоқ бериб келишган.

Бундан ташқари, шу туманнинг ўзида истиқомат қилувчи 1994 йилда туғилган фуқаро ўз хонадонида 4 нафар қиз ва бир аёлга диний таълим бергани, Чуст туманидаги хусусий ўқув марказларидан бирида эса 1962 йилда туғилган аёл 7 нафар қизга араб тилини ўргатгани учун қўлга олинди. Шунингдек, Янги Наманган туманида 1983 йилда туғилган аёл ҳамда Учқўрғон туманида 1987 йилда туғилган аёл ўз уйларида диний дарслар ташкил этгани сабабли ҳибсга олинди. Уларнинг барчасига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Изоҳ:

Ўзбекистон режими Каримов давридан мерос қолган сиёсий йўлни қатъият билан давом эттириб келмоқда. Ўзбекистонда диний фаолият, хусусан, исломий қадриятлар давлат томонидан қаттиқ назорат остига олинган. Шу боис, хоҳ ўз хонадонида бўлсин, хоҳ интернет орқали бўлсин, диний сабоқ бериш қатъиян ман этилган. Давлат томонидан махсус рухсатномага эга бўлмаган киши ҳатто ўз фарзандларига диний насиҳат қилиши ҳам қонунга хилоф саналади. Фуқароларга ўз уйларида намоз ўқиш ва дуо қилиш каби фақат шахсий ибодатлар билангина машғул бўлишга ижозат берилган, бироқ диннинг моҳиятини тушунтириш ва таълим бериш таъқиқланган. Ҳатто диний соҳада олий маълумотга эга бўлган мутахассис бўлсангиз ҳам, қонуний рухсатномасиз ўз фарзандларингизга ёки бошқаларга дин асосларини ўргата олмайсиз, чунки қонун бунга йўл қўймайди.

Давлат «экстремизмга қарши кураш» ниқоби остида диний таълим устидан мутлақ назорат ўрнатишга интилмоқда. Оқибатда инсонларнинг шахсий ва оилавий ҳаётига аралашиб, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ва оиланинг жамиятдаги ўрнини кескин чеклаб қўймоқда.

Ҳарун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button