Хабар ва изоҳ

Экстремизмга қарши кураш ниқоби остидаги сиёсий ожизлик

Экстремизмга қарши кураш ниқоби остидаги сиёсий ожизлик

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги фуқароларни ҳушёр бўлишга чақириб, экстремистик ва террорчилик ташкилотлари фаолиятида иштирок этиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлишидан огоҳлантирди. Вазирлик тарқатилаётган ахборотларнинг ҳаққонийлигини текшириш муҳимлигини таъкидлар экан, фуқароларни шубҳали интернет-гуруҳлар тўрига илиниб қолишдан эҳтиёт бўлишга чақирди (24.kg).

Изоҳ:

ИИВнинг фуқароларни «огоҳликка» чақирувчи навбатдаги баёноти сайлов остонасида турган амалдаги ҳукуматнинг сиёсий ожизлиги ва ваҳимага тушиб қолганидан дарак беради. Мустаҳкам мафкура ва халқнинг чинакам қўлловига эга бўлмаган ҳукумат асосли далил-исботларсиз энг паст усулларга, аниқроғи, сиёсий рақиблардан қутулиш ва шошилинч қабул қилинадиган репрессив қонунларга таяна бошлайди.

Бундан бир неча кун олдин мухолифатчи «Шумкар» ҳаракатининг тақиқланган ташкилотлар қаторига киритилиши бугунги режимнинг асл башарасини фош қилди. Бу каби усуллар эскидан қўлланиб келинади. Қирғизистон мустақилликка эришган сўнгги 30 йил мобайнида ҳукумат вакиллари Кремльнинг кўрсатмаси билан турли Исломий ҳаракатлар ҳамда сиёсий партияларни изчил равишда тақиқлаш ҳамда ҳар қандай мухолиф фикр ва қарашларни бостириш қуроли сифатида «экстремизм» деган айбловдан фойдаланиб келишди.

Ҳукуматга муқобил ҳар қандай қарашлар, танқидий фикрлар ёки унга маъқул келмаган диний-сиёсий фаолиятларнинг барчаси қонунга зид, деб эълон қилинмоқда. Шошилинч равишда қабул қилинган қонунлар жамоат тартибини сақлаш ўрнига фуқароларни камситиш ва уларнинг овозини ўчириш қуролига айланиб бормоқда. Режим ўз халқидан қўрқиб, ўз мавқеини таҳдидлар, тақиқлар ва куч тизимларига таяниш орқалигина сақлаб қолишга уринмоқда. Буларнинг барчаси сиёсий ожизликнинг яққол кўринишидир. Чинакам кучли ҳокимият фикр кучи билан ғолиб чиқади, ожиз ҳокимият эса доимо халқни қўрқитиб, оғзини ёпишга уринади.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button