Янгиликлар

Европа Иттифоқи Қирғизистонга қарши санкциялар жорий этди

Европа Иттифоқи Қирғизистонга қарши санкциялар жорий этди

Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги санкцияларнинг янги пакетини қабул қилиб, илгари жорий этилган чекловларни четлаб ўтишга қарши кураш механизмларини сезиларли даражада кенгайтирди. Тегишли қарор 22 апрель куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчиларининг йиғилишида тасдиқланди.

Янги чораларнинг эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда санкцияларни учинчи давлатлар орқали четлаб ўтишга қарши махсус механизм ишга туширилди. Бундай ёндашув илк бор алоҳида компанияларга эмас, балки бутун бошли савдо йўналишларига нисбатан қўлланилмоқда. Қирғизистон ана шундай санкциялар гирдобида қолган давлатлардан бири бўлди. Брюсселнинг фикрича, Қирғизистон санкция остидаги товарларни Россияга қайта экспорт қилувчи барқарор каналлардан бирига айланиб қолган.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ, Европа Иттифоқидан Қирғизистонга икки хил мақсадда (ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий соҳада) қўлланилиши мумкин бўлган айрим товарларни экспорт қилишга тўғридан-тўғри таъқиқ қўйилди. Чекловлар рўйхатига юқори аниқликдаги металл кесиш дастгоҳлари, жумладан, рақамли дастурлаш (РДБ/ЧПУ) асосида ишловчи ускуналар, шунингдек, алоқа воситалари — модемлар, роутерлар ва бошқа маълумот узатиш қурилмалари киритилган. Европа Иттифоқи мутахассисларининг таъкидлашича, ушбу маҳсулотлардан ҳарбий мақсадларда ҳам фойдаланиш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари, Қирғизистоннинг айрим логистика компанияларига Европа Иттифоқининг транспорт инфратузилмасидан фойдаланиш ман этилди. Ушбу чора товар етказиб бериш занжирини мураккаблаштириш ва қайта экспорт имкониятларини чеклашга қаратилган.

Европа Иттифоқи бундан аввал ушбу масалани дипломатик йўл билан ҳал қилишга уринишганини, бироқ Бишкек билан ўтказилган техник музокаралар чегарадаги назоратни кучайтиришга хизмат қилмаганини таъкидламоқда.

Шу вақтга қадар Европа Иттифоқи учинчи давлатларга нисбатан санкцияларни асосан айрим компаниялар доирасида қўллаб келар эди. Янги пакет эса кенг кўламли ёндашувга ўтилганини англатади: эндиликда, агар муайян савдо йўналиши санкция режимини четлаб ўтиш воситаси деб баҳоланса, санкциялар бутун бошли савдо йўналишларга нисбатан жорий этилиши мумкин.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button