Хабар ва изоҳ

Шахсий турар жойларни ноқонуний бузилишдан ким ҳимоя қилади?

Шахсий турар жойларни ноқонуний бузилишдан ким ҳимоя қилади?

Бишкек шаҳри ҳокими Айбек Жунушалиев пойтахт аҳолиси билан учрашув чоғида 2050 йилгача мўлжалланган Бишкекнинг Бош режасида кўп қаватли турар жойлар қурилиши кўзда тутилган ҳудудлардаги шахсий ҳовлиларнинг тақдирига оид саволларга жавоб берди.

Аҳолининг таъкидлашича, кўпчилик ўз ер участкаларини «ер амнистияси» доирасида қўлга киритиб, уй-жой тиклаш учун катта маблағ сарфлаган, ҳатто кредитлар олишган. Шу боис, орадан йиллар ўтиб, кўп қаватли бинолар қуриш баҳонасида шахсий сектор бузиб ташланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучайиб бормоқда.

Шаҳар ҳокими Бош режада ҳудуднинг кўп қаватли қурилиш зонаси сифатида кўрсатилиши ҳозирда мавжуд уйлар албатта бузилади, дегани эмаслигини қайд этди. «Агар қўлингизда «қизил китоб» (эгалик ҳужжати) ва мулк ҳуқуқи бўлса, уйларингизни қуриб, бемалол, хотиржам яшайверишингиз мумкин. Кўп қаватли уй қуриш учун ҳеч ким сизнинг шахсий турар жойингизни мажбуран бузишга ҳаққи йўқ», — деди ҳоким.

Шунингдек, Айбек Жунушалиев шаҳарда йўл қурилиши ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш давомида шахсий ерларни давлат ихтиёрига олиш масаласи қандай тартибда ҳал этилишини тушунтириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, агар ер участкаси давлат ёки жамоат аҳамиятига молик объектлар қуриладиган ҳудудга тушиб қолса, барча қарорлар қонун асосида қабул қилинади. Агар фуқаронинг «қизил китоб»и ва расмий мулк ҳуқуқи бўлса, уларга иккита вариант таклиф этилади:

  1. Бошқа ҳудуддан қиймати ва шароитлари тенг бўлган ер участкаси ажратиш;
  2. Бунинг имкони бўлмаган тақдирда, товон пули тўлаб бериш.

Изоҳ:

Фуқароларнинг ҳокимга бундай хавотир ва ташвиш билан мурожаат қилишида асосли сабаблар бор. Чунки халқ орасида «снос» деб аталган кампаниялар ортидан кўплаб инсонларнинг қонуний ҳуқуқлари поймол этилди. Ҳатто ер ва уй-жой учун «қизил китоб»и, тегишли ҳужжатлари бўла туриб, ўз еридан, бошпанасидан ва тадбиркорлигидан айрилганлар бўлди. Уй-жойи учун товон пули олганларга эса мулкининг асл қийматига мос маблағ берилмади. Буларнинг барчаси давлатнинг зўравонлик сиёсати остида амалга ошириб келинмоқда.

2050 йилгача тасдиқланган пойтахтнинг Бош режасида айрим марказий кўчалар бўйидаги бутун бошли маҳаллалар бизнес учун мослаштирилган, шунингдек баъзи ҳудудлар эса кўп қаватли уйлар қуриш учун ажратилган. Ваҳоланки, бугунги кунда ушбу ерларда фуқаролар ўз шахсий уйларини қуриб, истиқомат қилиб келишмоқда. Шу сабабли, агар ҳукумат инсонларнинг шахсий мулкига тажовуз қилувчи сиёсатини ўзгартирмас экан, зулм кўрган халқнинг норозилиги кучайиб боравериши муқаррар.

Ҳукумат фақат кўп қаватли уйлар, бизнес ва савдо марказларини қураётган бойларнинг манфаатларини кўзламай, оддий халқнинг ғамини ҳам ейиши зарур. Ҳеч бўлмаганда, фуқароларнинг шахсий мулкини ҳимоя қилиб, агар товон пули беришга рози бўлишса, мулкига яраша ҳақ бериши шарт. Зеро, инсоннинг шахсий мулкига тажовуз қилиш шариатда ҳам қатъиян ман этилган.

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button