Хабар ва изоҳ

Саммит олдидан куч органлари мусулмонларга нисбатан зулмни кучайтирмоқда

Саммит олдидан куч органлари мусулмонларга нисбатан зулмни кучайтирмоқда

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 12 нафар даъватчи «экстремизм» баҳонаси билан ҳибсга олинди. Олинган маълумотларга кўра, уларнинг хонадонларида ўтказилган тинтув чоғида Қуръон, намоз китоблари ва шу каби диний адабиётлар, шунингдек, оилавий фото ва видеолар сақланган дисклардан бўлак ҳеч вақо топилмаган. Лекин шунга қарамай, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бу ҳақида хабар тарқатиш жараёнида ашёлар орасига айрим қурол-яроғларни ҳам қўшиб қўйган.

Изоҳ:

31 август куни Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар раҳбарларининг 25-саммити бошланади. Мазкур ташкилот тўртта таҳдидга — терроризм, экстремизм, сепаратизм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш мақсадида тузилган.

ШҲТ ташкил этилган йиллардан буён терроризм ва экстремизмни баҳона қилиб, мусулмонларни нишонга олиб келмоқда. Сепаратизм ниқоби остида эса Хитойда уйғурлар ва бошқа мусулмонлар таъқиб қилинмоқда.

Қирғизистон ҳукумати навбатдаги саммитга мезбонлик қилувчи томон сифатида ўз зиммасидаги мажбуриятларни эртароқ бажаришга киришди. Хусусан, экстремизм ва терроризм баҳонасида даъватчиларни ҳибсга олиш ва ниқобли ходимлар иштирокида “маски-шоу”лар уюштириш ҳаракатларини кучайтирди. Бундан кўзланган мақсад — жамоатчилик эътиборини асл, туб муаммолардан чалғитиш ҳамда бўлажак ШҲТ саммитида ўз хўжайинларига хушомадгўйлик қилишдир.

Ана шундай хушомадгўйлик оқибатида Бишкек шаҳрида МХДҚ ходимлари экстремизм баҳонасида 12 нафар даъватчини қўлга олди. Тинтув жараёнида уларга алоқаси бўлиши асло мумкин бўлмаган милтиқ ва пичоқ каби қуролларни атайлаб сохта айблов (подстава) учун ташлаб қўйишган. Бу билан халқ ичида даъватчиларга нисбатан нафрат уйғотиш мақсад қилинмоқда.

Бу борада ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«يَا عِبَادِي، إِنِّي حَرَّمْتُ الظُّلْمَ عَلَى نَفْسِي، وَجَعَلْتُهُ بَيْنَكُمْ مُحَرَّمًا، فَلَا تَظَالَمُوا»

«Эй бандаларим! Албатта, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга асло зулм қилманг!» (Муслим ривояти).

Демак, давлат раҳбарлари мусулмонларга нисбатан зулимни кучайтириш орқали кофирлар, мушриклар ва салбчиларни қўллаб-қувватлаётганини очиқ намоён этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, қирғиз жамияти мамлакатда ҳар бир саммит олдидан мусулмонларнинг таъқиб ва тазйиқларга учрашига жим қараб турмаслиги керак. Бу зулмлар хоҳ ҳукуматнинг буйруғи бўлсин, хоҳ «салла деса, каллани олиб келадиган» ижрочиларнинг қилмиши бўлсин — ҳеч фарқсиз – мусулмонлар вазиятга тўғри баҳо беришлари, золимнинг зулмини қўли ёки тили билан тўхтатишга ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим!

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар:

«وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَتَأْمُرُنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلَتَنْهَوُنَّ عَنِ الْمُنْكَرِ أَوْ لَيُوشِكَنَّ اللَّهُ أَنْ يَبْعَثَ عَلَيْكُمْ عِقَابًا مِنْهُ ثُمَّ تَدْعُونَهُ فَلَا يُسْتَجَابُ لَكُمْ»

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар албатта яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар! Акс ҳолда, Аллоҳ Ўз ҳузуридан устингизга бир азоб (бало) юбориши ҳеч гап эмас. Сўнгра Унга ёлбориб дуо қиласизлар-у, аммо дуоларингиз ижобат қилинмайди». (Термизий ривояти, ҳасан саҳиҳ ҳадис).

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button