Хабар ва изоҳ

Уй-жойларни суғурта қилиш мажбурий бўлади

Уй-жойларни суғурта қилиш мажбурий бўлади

Бугун Қирғизистон парламентининг молия, бюджет, тадбиркорлик ва рақобатни ривожлантириш бўйича қўмитаси йиғилишида депутатлар «Қирғизистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига (“Уй-жойларни ёнғин ва табиий офатлардан мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунга) ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилдилар. Қонун лойиҳаси бўйича маълумотни иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Беназир Нурланова тақдим этди. Унинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳаси уй-жойларни ёнғин ва табиий офатлардан мажбурий суғурта қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Изоҳ:

Охирги вақтларда ҳокимият суғурта масаласини фаол равишда илгари сурмоқда. Шу пайтгача ихтиёрий бўлиб келган суғурта тизими бугунги кунда қонун йўли билан мажбурий шаклга айлантирилмоқда. Ҳозирги шароитда уй-жойларни ҳам, автомобилларни ҳам суғурта қилдириш мажбурий ҳисобланади.

Аслида, капиталистик тузумда суғурта тизими кенг илдиз отган бўлиб, худди банк соҳаси каби иқтисодиётнинг асосий устунларидан бири саналади. Бу тузумда капиталистларнинг суғурта орқали халқ ҳисобидан бойлик орттиришига шароит яратиб берилади. Суғурта компаниялари айнан шу йўл билан улкан даромадларга эга бўлишади. Улар ҳокимият элитаси билан ҳамтавоқ бўлгани учун, арзимас миқдорда солиқ тўлаш билангина чекланади.

2025 йилнинг якунига кўра, Қирғизистонда суғурта компанияларининг умумий даромади мисли кўрилмаган даражада юқорилаб, 12,2 миллиард сомни ташкил этди. Ваҳолонки, 2023 йилда бу кўрсаткич қарийиб 4 миллиард сомга етган эди. Демак, икки йил ичида уларнинг фойдаси 3 баравардан зиёд кўпайган. Суғурта компанияларининг бу қадар улкан бойликка эга бўлишига ҳукуматнинг суғуртани мажбурий қилиб қўйган қонунлари туртки бўлмоқда.

Бироқ уй-жой ёки автомобилларни суғурта қилиниши бирор-бир бахтсиз ҳодиса юз берганда албатта компенсация тўланишини англатмайди. Бахтсиз ҳодиса юз берган тақдирда, суғурта компанияси текширув ишларини бошлаб, шартномада кўрсатилган ёки кўрсатилмаган турли баҳоналар билан маблағ ажратмасликка ҳаракат қилади. Баъзида жисмоний шахс билан компания ўртасида низо келиб чиқиб, иш судлашишгача бориб етади.

Бунинг ёрқин мисолини ҳокимлар ва фуқаролар ўртасидаги учрашувларда юз бераётган воқеаларда ҳам кўриш мумкин. Масалан учрашувда бир фуқаро автомобили суғурта қилинганини, бироқ машинаси ёниб кетган бўлса-да, суғурта компанияси маблағ тўлаб беришдан бош тортганини айтиб, ҳокимга шикоят қилганда, суғурта компанияси вакили бу фуқаро фақат ОСАГО полисини олганини, бироқ КАСКО шартномасини тузмаганини, шу сабабли унга маблағ берилмаслигини билдирди. Бошқача айтганда, ушбу фуқаро автомобилини стандарт суғуртадан ташқари, ёнғиндан ҳам алоҳида (қўшимча) суғурталаши лозим экан.

Табиийки, бахтсиз ҳодисаларнинг қўшимча турлари ва талаб қилинадиган тўловлар тинимсиз ортиб бораверади. Бунинг натижасида суғурта компаниялари оддий халқнинг машаққатли меҳнат эвазига топган маблағлари ҳисобидан бойиб бораверади. Бу ҳолат худди қўшимча мажбурий солиқнинг ўзгинасидир. Ушбу масала хусусида Жўқорғи Кенгеш депутати Дастан Бекешов ҳам парламент йиғилишида шундай деган эди: «Одамлар худди ОСАГО учун қўшимча солиқ тўлаётгандек маблағ сарфлашмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаси юз берганда воқеа жойига йўл инспекторлари ҳам, суғурта компанияси вакиллари ҳам етиб келишади. Бироқ аксар ҳолларда фуқарога суғурта пули тўланмайди, аварияга учраган ҳар иккала машина ҳам жарима майдончасига олиб кетилади. Табиийки, бундай пайтда одамларда “унда биз бу пулни нима учун тўлаяпмиз?” деган ҳақли савол туғилади».

Исломда шариат аҳкомларига зид келган ҳар қандай солиқ ёки тўлов зулм ҳисобланади. Бугунги кундаги суғурта тизими шариат аҳкомларига зиддир. Чунки Исломда ноаниқлик асосида олдиндан шартнома тузиш тақиқланган. Бундан ташқари, ҳозирги суғурта жараёнларининг асл моҳияти мусибатга учраган инсонларга ёрдам қўлини чўзишга эмас, аксинча, уларнинг ҳисобидан бойлик орттириш ва маблағ ундиришга асосланган.

Ҳарун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button