Хабар ва изоҳ

Қозоғистонда тўйда ёмонликдан қайтарган оқсоқол устидан жиноий иш қўзғатилди

Қозоғистонда тўйда ёмонликдан қайтарган оқсоқол устидан жиноий иш қўзғатилди

Қозоғистоннинг Жетисой шаҳрида тўй пайтида юзага келган ёмон (мункар) ишлардан қайтарган оқсоқол устидан жиноят иши қўзғатилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан маълум бўлишича, оқсоқол тўйхоналарда эркаклар ва аёллар алоҳида ажратилган ҳолда тўйларнинг шариатга мувофиқ ўтказилиши кераклигини айтган. Шунингдек, бузуқликларга сабаб бўлаётган айрим хонандаларни танқид қилган. Унинг фикри ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиши ортидан, милиция томонидан оқсоқол устидан жиноий иш қўзғатилди.

Изоҳ:

Афсуски, бугунги кунда демократик қонунлар бузуқликларнинг тарқалишига йўл очиб бермоқда, жамиятда ахлоқни тўғрилашга чақирганлар эса жиноятчиликда айбланмоқда. Бугунги тўйларнинг кўпчилиги маст қилувчи ичимликларсиз ўтаётган бўлса-да, ахлоқсизлик кенг тарқалгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто, номаҳрам эркак-аёллар ўртасида бузуқ рақслар одатий тусга айланган. Расмий қонунлар эса бундай бузуқликларни тўхтатиш ўрнига, ёмонликдан қайтарган мусулмонларни қамоққа олмоқда.

Росулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қилганлар:

حدثنا قتيبـة حدثنا عبد العزيز بن محمد عن عمرو بن أبي عمرو عن عبد الله الأنصاري عن حذيفة بن اليمان عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: “والذي نفسي بيده لتأمرن بالمعروف ولتنهون عن المنكر، أو ليوشكن الله أن يبعث عليكم عقابا منه ثم تدعونه فلا يستجاب لكم” رواه الترمذي وقال حسن صحيح.

«Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, сизлар албатта маъруфга буюриб, мункардан қайтарасизлар, акс ҳолда Аллоҳ сизларнинг устингизга Ўз даргоҳидан бир азоб юборур. Кейин дуо қилаверасизлар (лекин) дуоларингизни ижобат қилмай қўяди». (Термизий ривояти).

Демак, ёмонликдан қайтариб, яхшиликка чақириш ҳар бир мусулмон инсоннинг вазифасидир. Бироқ Исломнинг давлат ва ҳаётдан узоқлаштирилиши куфр фикрлари ва сақофатининг уммат ҳаётига кириб келишига кенг йўл очди, мусулмонларнинг хулқ-атвори, фикрлари ва туйғулари Исломдан узоқлашишига сабаб бўлди. Натижада Ислом Уммати Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқларидан йироқлашиб, капитализм, демократия ва секуляризм қоронғилиги ичида яшайдиган бўлиб қолди.  Бу зулмат кундан-кунга ортиб бормоқда. Ҳатто мезонлар яхшиликни ёмонликка, ёмонликни эса яхшиликка айлантирадиган ўлчовга айланиб қолди. Ҳақиқатгўй – ёлғончига, ёлғончи эса ҳақиқатгўйга айланди.

Бундан ҳам ёмони, мусулмонлар яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш тўғрисида ўйламай қўйди. Мусулмонлар масжидларда сажда қилиб, қўлларини дуоларга кўтариб, ўнлаб йиллардан буён давом этиб келаётган аҳволларини ўзгартиришни Аллоҳдан ёлвориб сўраётганини кўрасиз. Бироқ улар ўзларига: «Нима учун аҳволимиз ўзгармаяпти, нима учун душманларни енга олмаяпмиз?», – деб савол беришмади. Агар улар Расулуллоҳ ﷺнинг ҳадислари ҳақида онгли равишда тафаккур қилганларида эди, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган бўлар эдилар. Фақат якка тартибдагина эмас, балки буйруқ ва қайтариқларнинг бош манбаси бўлган давлатни барпо этишга интилган бўлар эдилар.

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button