Янгиликлар

Қирғизистонда ёнилғи нархи янада қимматлашиши мумкин

Қирғизистонда ёнилғи нархи янада қимматлашиши мумкин

Қирғизистон нефть савдогарлари ёнилғи-мойлаш материаллари бозорида вазият кескинлашиб бораётганидан огоҳлантирмоқда. Шу пайтгача арзон нархларда олиб келинган ёнилғи захиралари аста-секин тугаб бормоқда. Айни пайтда янги келаётган партияларнинг нархи сезиларли даражада қимматлашди.

Қирғизистон нефть трейдерлари ассоциацияси (АНК) маълумотларига кўра, ҳозирги асосий муаммо ёнилғини қаердан топишда эмас, балки уни амалдаги бозор нархида сотиб олишга бизнеснинг имконияти етиб-етмаслигидадир.

Ҳозирда Беларусда АИ-92 бензинининг бир тоннаси тахминан 1350–1400 долларни, дизель ёнилғиси эса 1400–1500 долларни ташкил этади. Туркманистонда бензин нархи 1300–1400 доллар, дизель ёнилғиси 1350–1450 доллар атрофида. Россиядан келтирилган дизель ёнилғиси 1450–1550 долларгача етса, Хитойдан келтирилган дизель ёнилғисининг нархи етказиб бериш харажатларини қўшиб ҳисоблаганда, тахминан 1370 долларни ташкил этади.

Россиядаги тақчиллик бензин борасидаги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Россия компаниялари ёнилғини Беларусиядан ҳам фаол равишда сотиб олмоқда. Натижада Қирғизистонга етиб келадиган ҳажм қисқариб, ресурслар учун рақобат кучаймоқда ва нархга қўшимча босим юзага келмоқда.

Нефть трейдерларининг таъкидлашича, аввал арзонроқ нархда олинган ёнилғи захиралари камайиб бормоқда. Ички бозорни бензин билан узлуксиз таъминлаш учун компаниялар эндиликда нефтьнинг янги партияларини анча қиммат нархда харид қилишга мажбур. Бироқ бизнес учун давлат қимматлашган харид харажатларини қайси механизм орқали ва қандай ҳажмда қоплаб бериши борасида аниқ жавоб зарур.

Қирғизистонда ёнилғи нархини давлат томонидан тартибга солиш механизми амал қилади. Бундан кўўзланган мақсад ёнилғи нархининг истеъмолчилар учун кескин ўсишига йўл қўймасликдир. Бироқ ҳозирги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми олдинги, анча паст нархлар асосида тузилган. Ҳозир эса бозор шароитлари ўзгариб, импорт қилинадиган ёнилғининг таннархи сезиларли даражада ошиб кетди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button