Қозоғистондаги мудҳиш фожеа: Генералларнинг жазосиз қолиши армиядаги оғир муаммодан дарак беради

Қозоғистондаги мудҳиш фожеа: Генералларнинг жазосиз қолиши армиядаги оғир муаммодан дарак беради
Каспий денгизидаги мудҳиш фожеадан кейин Қозоғистон мудофаа вазири Даурен Косановнинг лавозимидан кетиши Қозоғистоннинг ҳарбий бошқарув тизимида жиддий муаммолар борлигини фош қилди. Бироқ вазирни алмаштириб қўйиш билан ҳарбий соҳадаги барча масалалар ҳал бўлиб қолмайди.
Капитализмнинг туб муаммолари очиб берилмагунча, хусусан, тизимли коррупция, жавобгарликнинг йўқлиги ҳамда олий ҳарбий раҳбариятнинг касбий тайёргарлиги ва лаёқатсизлиги билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмагунча, кадрлар ўзгаришининг ўзидан жиддий натижа чиқмайди.
Каспий денгизидаги ҳарбий машғулот чоғида 2005–2007 йилларда туғилган 14 нафар гулдек аскарларнинг ҳалок бўлишини шунчаки «фожиали тасодиф» деб бўлмайди. Бу капиталистик бошқарув тизими ва Қозоғистон ҳарбий-денгиз кучлари раҳбариятининг жиноий совуққонлиги натижаси экани маълум.
Об-ҳавонинг кескин ўзгариши ҳақида огоҳлантириш берилгач, олдиндан муҳандислик текширув ишларини амалга оширмасдан туриб, навбатчи қутқарув катерлари билан таъминланмаган шароитда аскарларни оғир ўқ ўтказмайдиган жилетлар билан сувга тушириш ҳарбий хавфсизликнинг асосий талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бундай шароитда берилган буйруқ аскарларнинг ҳаётига зомин бўлди.
Янги чақирилган аскарларнинг сувга чўкиб бораётган шериклари устидан сакраётганини акс эттирган видеолавҳалар машғулот жараёнининг нақадар ёмон ташкил этилгани ҳақида жиддий саволларни келтириб чиқаради. Аскарлар генералларнинг қўлида ҳисобот топшириш учун сарфланадиган маблағ сифатида ишлатила бошланганда, армия ҳарбий хизмат ўташ жойи эмас, балки ўзини ўзи ўлдириш майдонига айлиб қолади.
Оқ Ўрда Мудофаа вазирлигини ички текширув ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, текширув вазифасини куч тузилмалари ва молия органларига ўтказиб берганига қарамай, бошқарув тизимининг ўзи ўзгаришсиз қолмоқда. Йиллар давомида мудофаага, давлат харидларига ва логистикага ажратилган бюджет маблағлари амалдорларнинг кабинетларида «ғойиб бўлиб» келган.
Армия энг оддий нарсалардан, аниқроғи қутқарув воситаларидан, қидирув-разведка тадбирларидан ва асосий таъминот ишларидан пул тежаб келган. Генераллар бюджетни тақсимлаб, гарчи янги бўлса ҳам, лекин ҳалокатга учраган техникаларни — масалан, Су-30СМ қирувчи самолётини ёки EC-145 вертолётини сотиб олган, бироқ аскарлар машғулотларга худди урушга кетаяётгандек юборилган.
Катта офицерлар қатламининг ҳақиқий вазиятга эътибор бермаётгани ҳақиқатда ҳаддан ошиб кетди. Косановнинг Сенат коридорида ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг ўлими ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, бепарволарча кулиши ва Остонада норозилик акциясига чиққан оналарни назар-писанд қилмаслиги бу — нафақат журналистларни, балки бутун Қозоғистон халқини очиқ масхара қилиш ҳисобланади.
Юқори мансабдагиларнинг бундай масхара қилишдан жазосиз қолиши вазиятни янада кескинлаштириб, ҳарбий қисмларга жиддий босим туғдирмоқда.
Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак: мамлакатда бир йил ичида 236та жиноий иш қайд этилган. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан қарийб икки баравар ошган. Тергов босқичидаги ишларнинг салмоқли қисми охирига етмай тўхтатиб қўйилиши эса тизимдаги жиддий муаммолардан далолат беради.
Шу билан бирга, армияда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сони ҳам хавотирли даражада ўсиб бормоқда. Таҳқирлаш, зўравонлик ва қўмондонлик таркибининг мутлақо бефарқлигига дош беролмай ёш аскарлар ё руҳий жиҳатдан синмоқда ёки ўз жонига қасд қилишгача бормоқда. Инсон ҳаёти заррача ҳам қадрланмайдиган жойда бундай фожиaли воқеаларнинг такрорланиши одатий ҳолатга айланади.
Бундан роппа-роса 11 йил олдин, 2015 йилнинг сентябрь ойида худди шу денгиз соҳилларида аскарлар сувга чўкиб ҳалок бўлишган эди. Ўша пайтда айбдор офицерлар вақтинча халқнинг кўнглини олиш учунгина бир муддатга қамалиб, кейин амнистия билан озодликка чиқиб кетишган эди. Демак, муносиб жазоланмаслик муқаррар равишда бундай ҳодисаларнинг яна такрорланишига олиб келади. Бу аҳволнинг нақадар жиддий муаммога айланганини яна бир бор тасдиқлайди.
Агар Олий аудиторлик палатаси, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Бош прокуратура ўтказаётган кенг кўламли тергов яна «енгил ҳукмлар» ва кўзбўямачилик учунгина бериладиган ҳайфсанлар билан тугайдиган бўлса, бу режим уруш бўлмаган шароитда ҳам вақтинча хизмат ўтаётган аскарларнинг умрига зомин бўлишда давом этаверади.
Шунинг учун вазирларни лавозимидан олиб ташлаш билангина чекланиб қолмасдан, давлат тизимининг барча тармоқларини ичидан чиритган капиталистик бошқарув низомини тубдан ўзгартириш вақти келди.
Бунинг муқобилида Ислом тарихига, ҳақиқий амирларнинг юксак қадриятлари ва урф-одатларига, шунингдек, Аллоҳ Таоло белгилаб қўйган исломий тузумнинг ҳаётга татбиқ этилиши келтириб чиқарган натижаларга тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ.
Армиядаги аскарларга нисбатан бундай бепарво муносабат Пайғамбар ﷺ давридаги ва Рошид халифалар замонидаги исломий ҳарбий тарбияга ҳамда бошқарув асосларига — мабдаий ва ахлоқий жиҳатдан бутунлай зиддир. Пайғамбаримиз ﷺ васият қилган қоида ва анъаналарга кўра, амир ўз қўл остидаги аскарларнинг аҳволидан ҳеч қачон хабарсиз қолмаган.
Холид ибн Валиднинг эҳтиёткорлиги бунга яққол мисол бўла олади. Машҳур саркарда, «Аллоҳнинг қиличи» деган ном олган Холид ибн Валид аскарлари ухлаб ётганида, ҳеч кимга билдирмасдан, ўзи ёлғиз душман қароргоҳига кириб, разведка қилиб келарди. У ўлим хавфини оддий аскарлар зиммасига юкламасдан, душманнинг нозик нуқталарини шахсан ўзи ўрганиб чиқарди.
Унинг машҳур «Мен учун мусулмонларни қўриқлаб чиққан туним байрам тунидан ҳам қадрлироқдир» деган сўзи чинакам раҳбарнинг моҳиятини тўлиқ акс эттиради.
Умар ибн ал-Хаттобнинг масъулияти ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. У ҳар бир фуқаро учун шахсий жавобгарликни ҳис қилишнинг гўзал намунасини кўрсатиб, ҳатто «йўлнинг ёмонлигидан туянинг боласи қоқилиб кетса ҳам, унинг жавобгарлиги менинг зиммамда бўлади» деган машҳур сўзни айтган эди. Ўша даврда қўл остидаги инсонларнинг ўлимига бепарволарча куладиган амирни тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди.
Шу ўринда Шомдаги ҳарбийларнинг бош қўмондони Абу Убайдани ҳам эсга олиш мақсадга мувофиқдир. У дунё матоҳларидан юз ўгирган ҳолда ғоят оддий ҳаёт кечирар, оддий аскар билан бир хил овқатланар, ерда ухлар эди. Саркарда билан аскарнинг ўртасини бойлик, ҳаддан ташқари ҳашамат ва такаббурлик ажратиб турмас эди.
Пайғамбарлик минҳожи асосидаги бошқарув Аллоҳ Таолонинг иродаси билан яна қайтиб келишига ҳамда амирлар ўз аскарлари учун фидокорлик қилишга тайёр бўлган исломий ҳокимиятнинг яқин кунларда тикланишига умид қиламиз.
Айнан шундай тузум қарор топгач, ўз юртини ҳимоя қилиш учун отланган ҳар бир аскар ўз хизмати билан фахрланади, чунки бутун уммат хавфсизлигини таъминлаш ва Ислом адолатини ер юзининг барча бурчакларига етказиш масъулияти бевосита уларнинг хизматига боғлиқ бўлади.
Латифул Расих




