ТРАМП МАЪМУРИЯТИ АҚШНИ ҚАЕРГА ОЛИБ БОРМОҚДА? (3)

ТРАМП МАЪМУРИЯТИ АҚШНИ ҚАЕРГА ОЛИБ БОРМОҚДА? (3)
Иқтисодий масалаларда АҚШ президенти Трамп Америка бозори дунёдаги энг йирик истеъмол майдони эканлигидан ва ривожланган иқтисодиётга эга давлатлар унга эҳтиёж сезишидан унумли фойдаланмоқда. У ўз баёнотларини янада кескинлаштириб, Американи «беҳожат бўлинмас мамлакат» сифатида тавсифлай бошлади. Ушбу ёндашув ортидан у дунёнинг барча давлатларига, айниқса, бож тўловларининг энг катта улушини олган Хитойга нисбатан юқори тарифлар жорий этилишини эълон қилди. Шунингдек, Пекиннинг электрон чиплар экспортига жиддий чекловлар қўйди.
Бироқ Хитой бунга жим қараб турмади ва жавоб тарифларини жорий қилди. Оқибатда америкалик фермерлар Трампга божларни пасайтириш ва Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни тиклаш бўйича босим ўтказа бошлади. Пекин ноёб ер минераллари экспортини чеклаб, муқобил бозорларни излашни жадаллаштиргач, Трамп ўз тарифларини юмшатишга мажбур бўлди. Бу вазият Хитой нафақат АҚШга, балки бутун дунёга Американинг ҳақиқий рақобатчисига айланганини кўрсатди. Хатто қайта тикланадиган энергия, электромобиллар ва ноёб ер минераллари ишлаб чиқариш каби қатор иқтисодий соҳаларда Пекин Вашингтондан ўзиб кетди. Хитой мустақил чип саноатини яратиш учун ўнлаб миллиард доллар сармоя киритди ва яқин келажакда Америка технологияларидан бутунлай воз кечиш билан таҳдид қилмоқда. Хитойнинг интернет ва технология компаниялари ҳам америкалик рақобатчилари билан фаол кураш олиб бормоқда, гарчи ҳозирча улардан техник жиҳатдан ортда бўлса-да.
Америка томонидан Россия ва бошқа қатор давлатларга нисбатан жорий этилган ҳамда халқаро савдо тизимига путур етказган санкциялар фонида, Хитой глобал айирбошлашда долларга қарамликни камайтиришга интилмоқда. Пекин ўз валютаси — юань орқали халқаро савдо операциялари ҳажмини ишонч билан ошириб бормоқда ва бу кўрсаткични доллардан ташқари валюталарда 40 фоизга етказди. Бу жуда катта салмоқ бўлиб, долларнинг халқаро мақомига тўғридан-тўғри таҳдид солади. Ушбу тенденция Вашингтонни жиддий ташвишга солмоқда, чунки доллар Америка молиявий қудратининг пойдевори ва глобал иқтисодий устунларидан биридир.
Бироқ, президент Трампнинг юритаётган сиёсати ва АҚШ Федерал Резерв Тизимини фоиз ставкаларини ошириш ёки пасайтириш масаласида қаттиқ танқид қилиши глобал миқёсда беқарорликни келтириб чиқармоқда. Оқибатда Трамп маъмуриятининг доллар қийматини назорат қилиши ушбу валютага боғланиб қолган мамлакатларни ундан узоқлашишга ундамоқда.
Трамп томонидан жорий этилган тарифлар 2025 йилда тахминан 260 миллиард доллар даромад келтирди, аммо бу маблағ товарлар нархининг қимматлашуви ортидан бевосита Америка фуқароларининг чўнтагидан чиқди. Ўз навбатида, бошқа давлатлар АҚШ товарларига нисбатан жавоб божлари орқали қарийб 220 миллиард доллар йиғиб олди. Яъни, Трамп сиёсати давлат учун ўз фуқаролари ҳисобидан жуда кичик фойда келтирган бўлса, бошқа томондан, Америка компаниялари хорижий давлатларнинг жавоб тарифлари туфайли ташқи бозорларда ўз рақобатбардошлигини йўқотди.
Трамп ўзининг эълон қилган сиёсатига кўра, саноат ишлаб чиқаришининг катта қисми қарийб чорак аср муқаддам Хитойга кўчиб кетган Америка «саноат машинаси»ни ортга қайтаришга интилмоқда. Ўша даврда АҚШ ўз компанияларининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқаришни Хитойга ва ишчи кучи арзон бўлган бошқа ҳудудларга кўчиришни кўзлаган ва бунга эришган эди. Вашингтон ўшанда ўзининг глобал иқтисодиётни бошқариш қобилиятига, яъни энг кучли қуролларга, энг кўп молиявий ресурсларга ва илмий тадқиқотлар жиловига эга эканлигига қатъий ишонган ҳолда саноатни кўчириш қарорини қабул қилганди. Америка ўзини ҳарбий жиҳатдан энг қудратли ва инвестициялар йўналиши ҳамда ривожланиш траекториясини белгиловчи ягона куч деб ҳисоблар эди. Бироқ АҚШнинг ушбу стратегик қарашлари Хитой билан муносабатларда бутунлай барбод бўлди.
Америка компаниялари ўз технологиялари ва тажрибаларини Хитойга ўтказди. Бу – хорижий корпорацияларни мамлакат ичида тажриба алмашишга мажбур қилган Пекиннинг технологияларни узатиш сиёсати доирасида юз берди. Хитойлик муҳандислар ушбу маҳоратни тез фурсатда ўзлаштириб, маҳаллий рақобатдош компанияларга татбиқ этишди. Вақт ўтиши билан Америка бу борадаги ўз саноат тажрибасини бой берди ва уни қисқа муддатда ортга қайтариш имкониятидан маҳрум бўлди. Бундан ташқари, йирик АҚШ компаниялари Трампнинг сиёсатига фаол қаршилик кўрсатмоқда. Кўпчилик корпорациялар Хитой бозорида топган имтиёзлари — солиқларнинг пасайиши, арзон ишчи кучи ва улкан ҳамда юқори рақобат муҳитига эга Хитой бозорига осон кириш имконияти туфайли Америкага қайтишни исташмаяпти, чунки бундай йирик бозорни бой беришга ҳеч ким рози эмас.
Ўнлаб компаниялар Америкага, айниқса яримўтказгичлар секторига қайта инвестиция киритишга тайёр эканликларини эълон қилган бўлса-да, бу жараён АҚШ ичида реал иш ўринлари яратилишига олиб келмади ва асосан назария бўлиб қолмоқда. Президент Трамп иммиграцияга қарши сиёсатини қаттиққўллик билан амалга ошириб, минглаб лотин америкалик ишчиларни депортация қила бошлагач, бу қишлоқ хўжалиги соҳасидаги америкалик инвесторлар учун катта йўқотишларга олиб келди. Ишчи кучи танқислиги сабабли АҚШда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи кескин кўтарилди.
Америка саноатни Хитойдан қайтариб ололмаётганининг яна бир оқибати — Хитойнинг қудратли ва бой давлат сифатида дунё саҳнасига чиқиши бўлди. Пекин ўз армиясини ривожлантирди, замонавий ҳарбий кемалар, самолётлар ва ядровий қуроллар арсеналини барпо қилди, унинг халқаро инвестициялари ҳажми эса Қўшма Штатларникидан ошиб кетди. Шунингдек, у ўз университетларига юзлаб миллиард доллар сармоя киритди. Бу Хитойга илмий тадқиқотлар соҳасида Америка билан рақобатлашиш ва ҳатто ундан ўзиб кетиш имконини берди. 2015 йилдаёқ Хитой инновациялар ва патентлар сони бўйича АҚШни ортда қолдирган эди — Хитойда патент аризалари сони АҚШдагига қараганда икки баравар кўп расмийлаштирилди. Вазият бутунлай тескарисига ўзгарди: энди Америка Хитойнинг рақамли ва технологик инновацияларига мослашиш учун кураш олиб бормоқда. Бу ўзгаришлар жуда тез суръатларда содир бўлмоқда ва Американи йилдан-йилга Хитой қаршисида тобора заиф ва ноаниқ аҳволга солиб қўймоқда.
Америка глобал ресурсларни жалб қилиш, ўз иқтисодиёти ҳамда миллий валютаси(доллар) мавқеини мустаҳкамлаш учун дунёнинг бош молиявий маркази мақомини сақлаб қолишга интилмоқда. Ҳозирги шароитда ушбу мақсадга эришиш АҚШда фоиз ставкаларини юқори даражада ушлаб туришни ва капитал оқимини жалб этиш орқали доллар қийматини кучайтиришни талаб қилади. Бироқ Президент Трамп Америка экспорти рақобатбардошлигини ошириш мақсадида фоиз ставкаларини пасайтириш тарафдори ҳисобланади. Трампнинг бу ёндашуви унинг маъмурияти даврида долларнинг заифлашишига олиб келяпти ва глобал миқёсда АҚШ валютасидан воз кечиш ҳамда ундан узоқлашиш (дедолларизация) жараёнларини янада тезлаштиряпти. Бошқача айтганда, Трампнинг пул-кредит сиёсати Американинг халқаро молиявий мавқеини заифлаштирмоқда.
Бу жараёнлар Хитойнинг қудратли рақобатчи сифатида бўй чўзиши фонида юз бермоқда. Пекин, ҳеч шубҳасиз, халқаро молиявий марказга айланиб, Американинг устуворлиги билан изчил рақобатга киришди. Шу билан бирга, Трамп маъмуриятининг молиявий сиёсати Американинг энг бадавлат қатламига хизмат қилишга қаратилган бўлиб, бу – давлатнинг тизимли ёндашувига айланган ва АҚШнинг умумий рақобатбардошлигини сусайтирмоқда.
COVID-19 пандемияси даврида яққол намоён бўлганидек, АҚШ ҳукуматининг молиявий ёрдам пакетлари асосан реал ишлаб чиқариш соҳасига эмас, балки фонд бозорлари ва бошқа молиявий олди-сотди соҳаларида фаолият юритувчи йирик капитал эгаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Оқибатда АҚШ ҳукуматининг бундай кўмаги (солиқ тўловчиларнинг маблағлари) молиявий ва инвестиция компанияларининг сунъий шишишига (инфляциясига) олиб келди, аммо мамлакатда барқарор бандликни таъминлаш ёки ишсизлик муаммосини тубдан ҳал этишга хизмат қилмади.
Бугунги кунда Трамп маъмуриятининг Федерал захира тизими (ФЗТ) ва Ғазначилик департаментидаги айрим раҳбарлари ушбу тенденцияни ўзгартиришни, яъни Америкага капитал оқимини қайта жалб қилиш учун фоиз ставкаларини оширишни ҳамда ҳукумат субсидияларини тўғридан-тўғри реал ишлаб чиқариш соҳасига йўналтиришни мақсад қилган. Бироқ бундай ёндашув, вақт бой берилганидан ташқари, АҚШнинг ички сиёсий доираларида ва ҳатто Трамп маъмуриятининг ўз ичида молиявий стратегия борасида жиддий келишмовчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Энг муҳими, бундай баҳслар тажриба ўтказиш ва натижаларни кутиш учун мутлақо вақт бўлмаган фавқулодда инқирозли даврда юз бермоқда.
Ҳозирги босқичда Америкага давлат қарзининг назоратсиз ўсишини тўхтатиш учун ҳар қандай молиявий дастак сув ва ҳаводек зарур. Бу эса Трампнинг иқтисодий ва молиявий йўналишдаги сиёсати — хоҳ иммиграция каби ички масалалар бўлсин, хоҳ бож тарифлари ва қайта саноатлаштириш (реиндустриализация) каби ташқи иқтисодий қадамлар бўлсин — муваффақият қозониши кафолатланмаганини англатади. Оқибатда Трампнинг халқаро майдонда АҚШ учун янги молиявий ресурслар яратишга қаратилган уринишлари кутилган самарани бермаяпти.
Трамп ва Пентагон Конгрессга 2026 йил учун 1,5 триллион долларлик улкан ҳарбий бюджетни тасдиқлаш сўровини тақдим этган бўлса-да, бу ташаббус давлат қарзини янада оширишдан бошқа реал молиявий манба билан таъминланмаган. Давлат қарзининг ҳозирги миқдори Америка иқтисодиёти учун жиддий миллий хавф туғдириб, уни деярли бўғиб қўювчи сиртмоққа айланиб улгурган бир шароитда, ҳарбий харажатларни бу даражада ошириш мамлакат молиявий тизимини янада оғир бўҳронга етаклайди.
Агар Трамп маълум бир йўналишда стратегик режа тузаётган бўлса, унинг қаршисида тезорада кутилмаган янги тўсиқлар пайдо бўлмоқда. Масалан, Америка ҳозирда Эронни бўйсундириш мақсадида олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлари ортидан улкан молиявий йўқотишларга дуч келмоқда. Вашингтон ўз компанияларини Эроннинг нефть ва газ ресурсларини назорат қилишга ундамоқда, бироқ Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Америка босимига таслим бўлмади. Оқибатда АҚШ Эронга нисбатан денгиз блокадасини жорий этишга мажбур бўлди, бу эса ҳарбий харажатларни янада ошириб юборди.
Бунинг ортидан Форс кўрфази нефтининг экспорти тўхтаб қолди ва Кўрфаз давлатлари бюджетлари маблағ танқислигига учради. Натижада бу мамлакатлар Америка иқтисодиётидаги ўз инвестицияларини фаол равишда қайтариб олишга киришдилар. Ушбу улкан уруш харажатлари ва Форс кўрфази капиталининг чиқиб кетиши жараёни — АҚШ компаниялари Эрон энергия ресурслари устидан назорат ўрнатишга яқинлашаётгани ёки ундан узоқлашаётгани номаълум бўлган бир вазиятда юз бермоқда. Бу ҳолат президент Трампнинг Эрон билан боғлиқ масалаларда нега бу қадар безовта ва асабий эканлигини яққол англатади.
Трамп маъмурияти «бошқаларни заифлаштириш Американи кучайтиради» деган мантиқ асосида иш юритмоқда. Бироқ у иттифоқчилар ва душманлар ўртасида ҳеч қандай фарқ қолдирмасдан, ҳаммани бирдек заифлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда кузатилаётган натижа шундан иборатки, Германияда саноат турғунлиги бошланди, Европада умумий иқтисодий заифлик кучайди, Буюк Британия иқтисодиёти эса инқироз ёқасига келиб қолди. Яъни, Америка сиёсати Европани заифлаштиришга эришди, аммо Хитойга нисбатан бу самарани бера олмади.
Бунинг оқибатида Европа давлатлари ўз армиялари учун қўшимча маблағ топишга қийналаётган бир пайтда, Хитой ўз ҳарбий ишлаб чиқариш ҳажмини хавфли даражада ошириб бормоқда. Бошқача айтганда, Америка Европадаги ўз иттифоқчиларини кучсизлантириб қўйди, лекин бош рақиби бўлмиш Хитойни жиловлай олмади. АҚШнинг бугунги иқтисодий стратегияси шундай ишлайди: муайян бир соҳада сиёсат режалаштирилганда, унинг салбий оқибатлари тез фурсатда бутунлай бошқа соҳаларда бўй кўрсатмоқда. Натижада Вашингтон аввалгидек кенг қамровли ва узоқни кўзлаган стратегик режалаштириш қобилиятини йўқотмоқда ва жараёнлар назоратдан чиқиб кетмоқда. Бугунги кунда глобал сиёсий ва иқтисодий шамоллар Американинг хоҳишистакларига бутунлай зид равишда эсмоқда.
Бугунги кунда президент Трамп Американинг энг қудратли ҳарбий куч эканлиги, унинг саноати дунёда тенгсизлиги ва чексиз имкониятлари ҳақида тез-тез баёнот бермоқда. Бироқ бундай чиқишлар, аслида, глобал устунликнинг Хитойга тез суръатлар билан ўтаётганидан Вашингтоннинг хавотир даражаси қай даражада юқори эканлигини очиб беради. Дунёда етакчилик жиловининг Америка ва умуман Ғарб қўлидан чиқиб кетиши — уларнинг тизимли муваффақиятсизлиги ҳамда капиталистик моделнинг инқирози фонида кенг кўламли ҳодисага айланди. Ҳатто Эрон ва Туркия каби ўрта миқёсдаги давлатлар ҳам замонавий урушлар тақдирини белгилаётган дронлар ишлаб чиқариш соҳасида тўлиқ ёки қисман мустақилликка эришдилар. Оқибатда йирик давлатлар, жумладан, Россия ҳам ушбу дронларни сотиб олиш учун уларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Американинг кучайиб бораётган ушбу заифлиги шароитида, таниқли консерватив шарҳловчи Такер Карлсон Эрон томонидан Ҳурмуз бўғозининг ёпиб қўйилиши АҚШ ҳарбий қудратининг асл чегараларини кўрсатганини таъкидлади. Унинг фикрича, агар Америка дунёнинг энг муҳим денгиз йўллари устидан назоратни йўқотса, суперкуч мақомини сақлаб қола олмайди, чунки бу назорат тўғридан-тўғри халқаро савдо ва глобал бойликларни бошқаришни англатади. Ҳарбий тўқнашувлар даврида Эроннинг Ҳурмуз бўғозини тўсишдаги муваффақияти Американинг глобал савдодаги мавқеи заифлашганини яққол намоён этди. Бу заифлик америкаликларнинг ўзлари ушбу устунликни сақлаб қолиш харажатлари ундан келадиган фойдадан анча юқори эканлигини тан олишлари билан янада кучаймоқда.
Масалан, АҚШ ҳарбий кучлари Эрон билан кенг кўламли урушга киришмасдан туриб Ҳурмуз бўғозини қайта очолмайди. Тўғри, АҚШ бундай урушни бошлаши ва унда ғалаба қозониши мумкин, бироқ бу операция Америка учун Ироқ ботқоғидан кам бўлмаган оғир сиёсий ва ҳарбий бўҳронни келтириб чиқаради. Бошқача айтганда, бўғоз устидан назоратни тиклаш учун олиб бориладиган бундай уруш АҚШнинг Яқин Шарқдаги кучларини бутунлай ҳолдан тойдиради. Натижада Вашингтон дунёнинг бошқа нуқтасида, масалан, Хитой атрофида юзага келиши мумкин бўлган йирик урушларни олиб бориш салоҳиятини йўқотади. АҚШнинг 2025 йилда Фордоу ядровий иншоотига қарши 14 та ўта кучли бункерларни тешиб ўтувчи (bunker-buster) бомбаларини қўллаши мамлакатни кейинги худди шундай операциялар учун зарур захиралардан маҳрум қилди. Бу каби юқори технологик қуролларни қайта ишлаб чиқариш йиллар ва улкан молиявий маблағ талаб этади. Худди шундай ҳолат АҚШ армияси 2026 йилги уруш давомида кенг миқёсда фойдаланган бошқариладиган бомбалар ва ракеталар захирасига ҳам тегишлидир.
Айнан ушбу омиллар Трампнинг Эрондан «сўзсиз таслим бўлиш»ни талаб қилиш сиёсатидан нега ортга чекинганини тушунтиради. Трамп маъмурияти томонидан ўзининг таъсир доирасидаги минтақада олиб борилган бу уруш Американинг ҳарбий обрўсига жиддий зарба бўлди, шунингдек, Вашингтоннинг иттифоқчилари ва шериклари орасида АҚШ стратегик қудратига бўлган ишончнинг кескин пасайишига олиб келди.
Америка бир неча бор муваффақиятсизликка учраганини ҳисобга олган ҳолда, у халқаро миқёсдаги ўз таъсирининг бир қисмини, яъни энг муҳим геологик нуқталарини сақлаб қолиш учун дунёнинг айрим минтақаларидан чиқиб кетиш мажбурияти соясида қолмоқда. Бу Вашингтон учун жиддий муаммодир. АҚШ Европадан астасекин ўз кучларини олиб чиқмоқда ва Европа Иттифоқи давлатлари Россия хавфидан ҳимояланиш учун Американинг «ҳарбий соябони»ни сақлаб қолишни илтимос қилаётган бир пайтда, Оқ уй раҳбарияти бундай чақириқларга деярли ўрин қолдирмаяпти. Трамп ушбу мамлакатларни мунтазам танқид қилиб, уларга ўзларини мустақил ҳимоя қилишлари кераклигини уқтирмоқда. Бошқача айтганда, ўнлаб йиллар давомида АҚШ ташқи сиёсатининг марказида бўлиб келган Европа эндиликда ўз устуворлигини йўқотди. Айниқса, Хитойнинг иқтисодий қудрати ҳамда Ислом дунёсининг мафкуравий омили тобора ортиб бораётган бир шароитда, бу икки куч Американинг глобал ҳукмронлиги ва етакчилигига энг жиддий таҳдид сифатида баҳоланмоқда.
Шунингдек, Америка Форс кўрфази давлатларини Эрон билан бевосита уруш қилишга ундай олмади, яъни у ўзининг минтақавий шерикларини шахсий ресурслари ва армиялари билан жанг майдонига киришга мажбур қилолмади. Натижада АҚШ ҳарбий машинаси минтақадаги асосий иттифоқчиси бўлмиш яҳудий вужуди билан биргаликда уруш юкини ёлғиз олишга мажбур бўлди. Бу ҳолат Трамп маъмурияти юритаётган сиёсатнинг бефойда эканлигини кўрсатади, чунки бундай ёндашув бир вақтнинг ўзида ҳам душманларни, ҳам иттифоқчиларни АҚШга қарши қайрайди ва Американинг халқаро коалицияларни сафарбар қилиш қобилиятини сусайтиради. Трампнинг такаббурлик стратегияси Американи глобал ҳукмронликни сақлаб қолиш урушларида асосий молиявий ва ҳарбий юкни ўз зиммасига олишга мажбур қилмоқда, бу эса унинг ички ресурсларини тобора камайтирмоқда.
Трамп маъмурияти мамлакатнинг халқаро майдондаги аввалги обрў-эътиборидан тўғри фойдалана олмади. Яқин Шарқдаги инқироз даврида АҚШ Эронни урушдан қайтара оладиган, тийиб қўядиган мустаҳкам позицияни қўллай олмади. Аксинча, Вашингтон Эроннинг олий сиёсий ва ҳарбий раҳбариятини нишонга олишни бошлади, бу эса Теҳронни ўз ҳарбий салоҳиятини тўлиқ ишга солишга ундади. Эрон минтақадаги Америка ҳарбий базаларига, унинг иттифоқчиларига ва яҳудий вужуди объектларига тўғридан-тўғри ҳужумлар уюштирди. Бу ҳужумлар АҚШ базалари ва уларнинг шериклари атрофидаги «енгилмас куч» мақомини чиппакка чиқарди, натижада Америка жиддий жонли куч ва техника йўқотиб, улкан молиявий бўҳронга ботди.
Буларнинг барчаси сиёсий такаббурлик оқибатидир. Трамп ўз шартларининг 100 фоиз бажарилишини талаб қилиб, ҳатто уларнинг 95 фоизига ҳам рози бўлмаслигини мунтазам эълон қилиб келди. Американинг бундай муросасизлиги Эроннинг Ҳурмуз бўғозини ёпиб қўйиши ва АҚШнинг уни қайта очишга ожизлик қилиши фонида Вашингтоннинг заифлигини бутун дунёга фош этди. Оқибатда Трамп Барак Обама даврида 2015 йилда Эрон билан тузилган ядровий келишувдан тубдан фарқ қилувчи янги, аммо ўз позицияларини сезиларли даражада заифлаштирган бошқа бир битимга эришиш учун ортга чекинишга мажбур бўлди.
Ислом дунёсида Трамп маъмуриятининг асл мақсад ва интилишлари қуйидаги воқеаларда яққол намоён бўлди:
Биринчидан: Яҳудий вужудининг Ғазога қарши олиб борган урушида Трамп маъмурияти унга тўлиқ ва сўзсиз ҳарбий-сиёсий ёрдам кўрсатди. Ҳатто Байден маъмурияти даврида яҳудий вужудига етказиб берилиши вақтинча тўхтатиб турилган ўта оғир ва вайронкор бомбалар захираси ҳам Трамп томонидан зудлик билан қайта очилди ва жўнатилди.
Ушбу тажовуз фонида АҚШ раҳбарияти араб давлатлари бошлиқларидан яҳудий вужуди билан муносабатларни тез фурсатда нормаллаштиришни ҳамда Эронни тийиб туриш учун у билан ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштиришни қатъий талаб қилди. 39
Бундан ташқари, Трамп минглаб ливанликларнинг, хусусан, ҳарбий бўлмаган тинч аҳолининг оммавий ҳалок бўлишига олиб келган Бейрутдаги авиазарбалар ва қонли ҳарбий операцияларни очиқчасига олқишлади. Яҳудий вужудининг тажовузкорлик кўлами Трамп маъмурияти даврида янги чўққиларга кўтарилди. Минтақада янги сиёсий воқеликни ўрнатиш, мавжуд ҳукмдорларни бўйсундириш ва бошқа етакчиларни қўрқитиш мақсадида араб пойтахтлари — Байрут, Дамашқ ва Доҳа шаҳарлари тўғридан-тўғри бомбардимон қилинди.
Минтақадаги қарам ҳукмдорлар ўзлари иштирок этмаган урушдаги мағлубиятни тан олиб, ушбу мажбурий гегемонияга бўйсунганлари бор гап, бироқ бунинг узоқ муддатли оқибатлари на Америка, на яҳудий вужуди учун ҳеч қандай стратегик фойда келтирмайди. Олий раҳбарларнинг ўз тизимли коррупцияси, халқини душман деб билиши ҳамда ўз келажагини фақатгина АҚШ ва сионистик лойиҳа билан боғлагани сабабли бу жиноятлар қаршисида таслим бўлгани ва навбатдаги хорликни қабул қилгани рост. Бироқ, бу билан ушбу ҳукмдорлар ўзларидан ҳалигача умид қилиб келаётган маҳаллий аҳолининг охирги кичик қатламлари ишончини ҳам бутунлай йўқотишди.
Бугунги кунда улар нафақат халқ оммаси, балки мавжуд тизимдан бегоналашаётган ва туб ўзгаришларни кутаётган қуйи бошқарув элитасининг ҳам садоқатидан маҳрум бўлдилар. Ушбу қуйи қатламлар амалдаги сиёсий синфнинг тизимли инқирозини кўргач, эски раҳбариятга муқобил бўла оладиган янги миллий ва сиёсий етакчиларнинг майдонга чиқишини фаол кутмоқдалар.
Иккинчидан: Минтақадаги қарам ҳукмдорлар ва АҚШ сиёсатининг издошлари Вашингтоннинг ўз вақтида Ироқ, Афғонистон ва Сурияда Эрон томонидан кўрсатилган хизматларни қандай қилиб осонгина унутганига ҳамда яҳудий вужуди билан тил бириктириб, 2025 ва 2026 йилларда унга қарши иккита йирик уруш очганига гувоҳ бўлдилар. Америка Эронни барча ядровий ва ракета салоҳиятидан бутунлай маҳрум қилишга интилмоқда, ваҳоланки Теҳрон ядровий қурол яратиш нияти йўқлигини бир неча бор расман эълон қилган эди.
Трамп маъмурияти илгари Америка манфаатларига хизмат қилган кучларнинг бирортасини қадрламаяпти. Бу ҳолат минтақадаги сунъий режимларни қаттиқ қўрқувга солиб, Вашингтон кун келиб уларни ҳам ташлаб кетиши, уларга қарши уруш бошлаши ёки ҳокимиятини ағдариб ташлаши мумкинлигидан даҳшатга солмоқда. Шу сабабли, ўз халқига бўлган чуқур хиёнатларига қарамай, бу ҳукмдорлар Трамп бошқарувидаги Америкадан доимий хавотирда ва тизимли қўрқувда яшамоқдалар.
Бошқача айтганда, ўзаро ишонч бутунлай йўқолди. Ишончсизлик муҳитида эса ушбу қўғирчоқ ҳукмдорларнинг Америка ва унинг геосиёсий манфаатларига фаол хизмат қилиш ташаббуслари чиппакка чиқади; улар энди Вашингтоннинг сўровларини фақатгина минимал даражада ва мажбуран бажариш билан чекланадилар. Бунинг ўзи АҚШ ташқи сиёсати учун улкан стратегик йўқотишдир, бироқ Трамп маъмурияти бу нозик жиҳатни ҳалигача англаб етмаяпти.
Учинчидан: Америка минтақада, хусусан, Форс кўрфази давлатларида ўз ҳарбий базаларини асосан ушбу мамлакатларнинг молиявий маблағлари ҳисобига барпо этди. Бунга сабаб — маҳаллий ҳукмдорларнинг АҚШ пропагандасига кўр-кўрона ишониб, ушбу базаларни ўз тахтлари ва давлатлари хавфсизлигининг кафолати сифатида қабул қилганлари эди. Бироқ, Америка Эронга қарши уруш бошлаб, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ушбу базаларга ракета зарбалари беришни бошлагач, маҳаллий раҳбарлар АҚШ ҳарбий объектлари уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ўрнига, фақатгина вайронкорлик ва оғир оқибатлар олиб келишини англаб етдилар. Аслида, уларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали асраб қолган куч АҚШ эмас, балки уларнинг ўз миллий армиялари бўлди.
Ушбу ҳарбий базалар мавжудлиги туфайли мазкур давлатларнинг Эрон билан бевосита уруш ботқоғига тортилиш хавфи ҳамон жиддий хавотир бўлиб қолмоқда. Вашингтоннинг бу базалар ҳукмдорларни ҳимоя қилишга хизмат қилиши тўғрисидаги тарғиботи давом этаётган бўлса-да, Эрон билан бўлган тўқнашувлардан кейин шаклланган янги геосиёсий воқелик Американинг бу даъволарини бутунлай пучга чиқарди. Эндиликда бу ҳукмдорлар, ўзларининг қарам позицияларига қарамай, АҚШ ваъдаларига ортиқ ишонмаяптилар. Шу тариқа, Трамп маъмуриятининг эҳтиётсиз ва бир ёқлама сиёсати туфайли Америка минтақада ўз таъсир ричагларини изчил йўқотмоқда.
Форс кўрфази давлатлари Американинг яҳудий вужудини қандай жонбозлик билан ҳимоя қилганига гувоҳ бўлишди — АҚШ бир нечта давлатлар ҳудудидан, денгиздан ва «исроил»нинг ўз ичидан туриб Эрон ракеталарини тўсиб қолди. Бироқ Форс кўрфази мамлакатлари ҳужумга учраганда Вашингтон томонидан бу каби мудофаа намойиш этилмади. Бунга Эрон томонидан Ҳурмуз бўғозининг ёпиб қўйилиши натижасида Кўрфаз иқтисодиёти кўрган улкан молиявий зарарлар қўшилса, маҳаллий ҳукмдорларнинг Америка хавфсизлик соябонига бўлган ишончи ва геосиёсий ҳисобкитоблари бутунлай шубҳа остида қолгани аён бўлади.
Тўртинчидан: Том Баррак ҳамда Трамп маъмуриятининг Сурия ва Ливан бўйича бошқа расмий вакиллари Сурия ва Ливан ҳукуматларининг бош вазифаси — ҳатто бу ички фуқаролар урушини келтириб чиқарса ҳам — яҳудий вужуди хавфсизлигини ҳимоя қилишдан иборат эканлигини ҳеч бир истисносиз, очиқойдин баён этдилар. Бундай ёндашув Ливанда «Ҳизбуллоҳ»ни мажбурий қуролсизлантириш талабларида, шунингдек, Миср ҳукуматининг «Ҳамас»ни қуролсизлантириш ҳамда яҳудий вужуди уч йил давомида вайрон қила олмаган ер ости туннелларини йўқ қилишга қаратилган босимларида яққол намоён бўлди. Минтақадаги ҳукмрон доиралар ўзларининг тизимли коррупцияга ботганликлари ҳамда ўз халқларини асосий душман деб билишлари сабабли айнан АҚШ чизиб берган ушбу йўналишдан боришга интилмоқдалар.
Бироқ бу ҳолат ҳар бир мамлакатнинг бошқарув тизими ичида, Америкага қарамлик даражасига қараб, жиддий ички зиддиятлар ва қатламланишни юзага келтирмоқда. Давлат аппаратининг юқори бўғинлари Вашингтондан келган буйруқларни ижро этишга уринсада, қуйи синфлар ва ижрочи органлар уларнинг амалга ошишига иложи борича тўсқинлик қилмоқда. Сабаби, ташқи кучлар томонидан тиқиштирилаётган асоссиз ва мантиқсиз кўрсатмаларнинг аксарияти реал ҳаётда бажариб бўлмайдиган даражада абсуртдир. Бундай муҳит ҳукуматнинг олий эшелони учун ўта хавфли бўҳронни келтириб чиқармоқда. Чунки Трамп маъмурияти маҳаллий режимларнинг асл имкониятлари ва кучлар мувозанатини ҳисобга олмасдан, улардан ҳаддан ташқари кўп нарсани талаб қилмоқда.
Вашингтон ушбу калтабин сиёсатнинг ўрта ва узоқ муддатли вайронкор оқибатларини асло англамаяпти. Бу каби англамаслик тарихдаги Фиръавн сингари мустабид диктаторларга хос бўлиб, уларнинг қарашича, атрофдагилар ва бутун жамият воқеликни фақатгина ҳукмдор хоҳлаган ва кўрсатган призма орқали қабул қилиши шарт.
Бешинчидан: Трамп маъмурияти турли баҳоналар остида Исломга қарши йўналтирилган сиёсатини изчил давом эттирмоқда. Сайлов кампанияси давридаёқ Трамп Америка чегараларини мусулмонлар учун бутунлай ёпишга ваъда берган эди, унинг Мудофаа вазири Хегсет эса ҳатто ўз танасига араб тилида «кофир» сўзини татуировка қилдириб олган. «Терроризм» тушунчаси Вашингтон учун ўз сиёсий рақибларига нисбатан қўлланиладиган навбатдаги ёрлиққа айланди ва Трамп маъмурияти илгари АҚШнинг ўз мезонларига кўра «мўътадил» деб таснифланган қатор янги гуруҳларни ҳам ушбу қора рўйхатга киритди.
АҚШ Давлат департаментининг Таълим ва маданият масалалари бўйича бюроси мусулмон мамлакатларининг миллий ўқув дастурларини қатъий назорат қилиб, уларни ўзгартиришни талаб этмоқда. Минтақадаги қарам ҳукмдорлар эса Оқ уйни рози қилиш илинжида ўз жамиятларида Ислом омили таъсирини камайтиришга шошилмоқдалар. Ўзини мунтазам равишда Ислом дунёсининг етакчиси деб эълон қилиб келган Саудия Арабистони ўз халқининг маданий кимлигини ўзгартириш мақсадида жамиятга Исломдан олдинги (жоҳилият) даврига оид рамзларни сингдиришга уринмоқда ҳамда Америкага ёқиш учун муқаддас қадамжолар яқинида кўнгилочар ва динга зид тадбирларни ташкил этмоқда. Мисрда эса оила институтини тартибга солувчи шаръий ҳукмлар қолдиқларига нисбатан тизимли ҳужумлар уюштирилмоқда.
Умуман олганда, Исломга бўлган чуқур хусумат Американи маҳаллий ҳукмдорлардан ҳар қандай оддий диний ифода ёки шаръий қарорга қарши муросасиз курашишни талаб қилишга ундамоқда. Бунинг оқибатида, баъзан Суннатни шубҳа остига олинса, баъзан маҳаллий сохта зиёлилар воситасида улуғ саҳобалар шаънига ҳужумлар уюштирилмоқда. Жамиятдаги энг тубан ва ахлоқсиз кимсаларни сунъий равишда тарғиб қилиниб, уларни омма кўзида гўёки нуфузли шахсларга айлантириш билан бирга, уларнинг ҳаёти ва қарашлари ОАВда тинимсиз ёритилмоқда. Бундан кўзланган мақсад — бутун бир Умматни мана шундай маънавий инқирозга учраган кимсалар ортидан эргашишга мажбур қилишдир.
Ушбу мулоҳазаларнинг барчасини умумлаштирган ҳолда хулоса қилиш мумкинки, Америка Қўшма Штатларининг ташқи сиёсати ислом оламида изчил равишда инқирозга юз тутмоқда ва ўз мавқеини йўқотмоқда. Бу эса мусулмон халқлари орасида АҚШга нисбатан чуқур нафрат ва кескин адоват муҳитини юзага келтириб, мазкур кайфият ҳатто маҳаллий бошқарув тизимларининг қуйи табақаларигача сингди.
Бундай глобал нафратнинг бош омили — Ғазодаги қонли уруш ва бутун Ғарбнинг, хусусан, Американинг яҳудий вужуди билан тўлиқ бирлашиб кетгани бўлди. Вашингтоннинг Тель-Авивни қурол-яроғ ва сиёсий соябон билан таъминлаши, 7 октябрдан кейин бошланган ва тинч аҳолини қиришни кўзда тутган урушни «ўзини ҳимоя қилиш» баҳонаси остида оқлаши, ҳатто яҳудий(сионистик) раҳбарларга қарши жиноий иш қўзғатган халқаро судьяларга нисбатан санкциялар қўллаши ҳамда ушбу воқеалар ортидан келиб чиққан АҚШ-«исроил» коалициясининг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари жамият шуъурида қатъий бир ғояни шакллантирди. Унга кўра, Америка — дунёдаги зулм ва адоватнинг бош манбаси ҳамда деярли барча исломий ўлкаларда мусулмонларни қириш ва уларнинг уй-жойларини вайрон қилишга қаратилган замонавий «салиб юришлари»нинг ҳақиқий раҳнамосидир.
Мазкур аччиқ ҳақиқат мусулмон халқлари қалбида ўз диний қадриятларига бўлган садоқатни янада кучайтирди ва уларга айнан мусулмон бўлганликлари учун ҳужум қилинаётгани ҳақидаги жамоавий тушунчани шакллантирди. Бугунги кунда ушбу умумий эътиқод мусулмон жамиятлари ичида кенг илдиз отиб, аввалги сунъий миллатчилик мафкуралари ўрнига соф исломий ўзликка асосланган янги ва қудратли фикрий бурилишни юзага келтирди. Сабаби, АҚШ бошчилигидаги кучлар мусулмонларга қарши ягона Ғарб фронти сифатида, биринчи навбатда уларнинг эътиқодини нишонга олган ҳолда ҳужум қилмоқда.
Хулоса қилганда, Трамп маъмуриятининг Ислом минтақасида юритаётган агрессив ва шиддатли сиёсати Американинг бу ҳудуддаги стратегик йўқотишларини янада тезлаштирмоқда. Айни пайтда, маҳаллий исломий туйғуларнинг кучайиб, реал сиёсий хавфга айланишини таъминламоқда. Бу жараён, айниқса, амалдаги ҳукмрон доираларнинг қуйи ижрочи қатламлари юқори синфлардан ажралиб чиқаётгани фонида янада хавфли тус олмоқда. Американинг ўз заифлигини тан олиб, минтақадаги кўплаб ҳарбий базаларини ташлаб чиқиш ва уларни тўғридан-тўғри яҳудий вужуди ҳудудига кўчириш устида бош қотираётгани эса Вашингтон геосиёсий мағлубиятининг энг яққол далилидир.
Шундай қилиб, Трамп маъмурияти Қўшма Штатларни халқаро сиёсат, Хитой билан геосиёсий қарама-қаршилик ва Америка жамиятининг ички бўлиниши даражасида аввалгидан ҳам тизимлироқ ва чуқурроқ мағлубиятга етаклаётгани аён бўлмоқда. Президент Трампнинг баландпарвоз баёнотларига ҳамроҳ бўлаётган сунъий ва вақтинчалик турткилар ҳозирча Америка заифлигининг асл қиёфасини яширишга уринаётган бўлса-да, ташқи кўринишдан эса гўёки АҚШ қудратини ифодалаётгандек туюлмоқда. Бу вазият 1980 йилларнинг охирида Михаил Горбачёвнинг Москвадаги «қайта қуриш»ислоҳотлари ва таракққиёт ҳақидаги баёнотларини ёдга солади. Ўшанда ҳам бу чақириқлар қисқа муддатдан сўнг Совет Иттифоқининг парчаланиши, Россиянинг инқирозга юз тутиши ва халқаро мавқеини йўқотиши билан якун топган эди.
Хитойнинг ушбу заифликдан стратегик мақсадларда фойдаланиш эҳтимоли анча паст, чунки Пекин Американинг иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлишини, унинг йирик бозорларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни истайди ва шунингдек у АҚШнинг ўрнини эгаллаш ҳақида ҳам фикрламаяпти, сабаби – унинг бунга қодир эмаслигидир. Зеро АҚШни бугунги мақомидан туширадиган асл хавф бутунлай бошқа томондан етилиб келмоқда. Вашингтон учун умид қилинаётган энг катта фалокат — мусулмон ўлкаларида кутилаётган ҳал қилувчи ва муқаррар сиёсий уйғонишдир. Америка ўз ҳудудий чегараларидан ташқарига чиқмаган Эрон армиясини ҳам мағлуб эта олмаган бир шароитда, мудофаа позициясидан изчил ҳужумга ўтадиган, ўз эътиқоди учун қатъият билан курашадиган ва ҳар куни мусулмон оммасидан янги куч-қувват оладиган ҳар қандай исломий юртни мағлуб этишга мутлақо ожизлик қилади. Бу эса Американинг глобал стратегиясини умидсизликка учратиб, уни халқаро майдонда ўз ҳақиқий (чекланган) ўрнига қайтишга мажбур этади.
Ғазо, Ливан ва Суриядаги қонли қирғинлар ҳамда АҚШ-«исроил» коалициясининг Эронга қарши олиб борган урушлари фонида мусулмон ўлкаларини қамраб олган бугунги сукунатни мағлубият ёки умидсизлик белгиси деб баҳолаш улкан хатодир. Аксинча, бу вазият Уммат халқлари ва ижро ҳокимиятининг қуйи бўғинларини қамраб олган чуқур шок (эсанкираш) ҳолати бўлиб, мавжуд сиёсий воқеликни англашдан келиб чиққан. Бундан чиққан асосий хулоса шуки, Ғарб Ислом оламининг асл душмани ва мусулмонлар учун Ислом ва унинг адолатли бошқарувидан ўзга нажот йўли йўқдир.
Яқин келажакда, инша Аллоҳ, ушбу ички тўлқин минтақадаги қарам ҳукмдорлардан бирининг чиндан ҳам ағдарилишига ҳамда мустабид ва лаёқатсиз режимлар даврининг тугашига олиб келиши муқаррар. Мусулмонлар учун янги Халифалик бошқарувининг барпо этилиши эса гўёки қудратли цунами тўлқини каби бутун минтақани қамраб олади ва қолган қўғирчоқ тизимларни ҳам супуриб ташлайди. Оқибатда мусулмон халқлари ягона Китоб ва одил Раҳбар остида қайта бирлашиб, ягона ва қудратли Умматга айланади. (тугади).




